Одноклассники виртуал телефонияни ишга туширди

Одноклассники виртуал телефонияни ишга туширди

Ушбу хизмат орқали синов режимида Ситимобилда такси буюриш, ОКнинг қўллаб-қувватлаш хизмати ҳамда жамоат ташкилотларига мурожаат этиш мумкин.

Одноклассники ўзининг товушли ва видеоқўнғироқлар платформаси негизида гуруҳлар учун тўлақонли виртуал телефония воситаларини ишга туширган биринчи ижтимоий тармоқ бўлди. Фойдаланувчилар товушли ва видеоқўнғироқларни ижтимоий тармоқдан чиқмаган ҳолда амалга ошириши, гуруҳлар администраторлари эса мижозлар ва обуначилар билан мулоқот қилиш учун қўнғироқларни қабул қилиш, тақсимлаш ва ёзиб олишни, шунингдек авторизациядан ўтмаган фойдаланувчилар қўнғироқларини созлашлари мумкин.

Ситимобил таксини буюриш хизмати биринчилардан бўлиб ўзида Одноклассникида қўнғироқ қилиш имкониятини жорий этди – расмий гуруҳда синов режимида ушбу хизмат мавжуд барча шаҳарларда такси буюриш мумкин. Шунингдек, ОКда қўнғироқлар ёрдамида россиялик ўқитувчилар расмий ҳамжамияти, Молиявий саводхонлик миллий маркази, “ОРБИ” инсультга қарши курашиш жамғармаси ва бошқа ташкилотлар каби бир қатор жамоат ташкилотларига саволлар билан мурожаат этиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, мазкур хизмат ишга тушириладиган куни ижтимоий тармоқнинг расмий гуруҳида ОК қўллаб-қувватлаш хизматининг “тезкор алоқа”си очилади: фойдаланувчилар соат 12:00 дан 15:00 гача товушли ва видеоалоқа орқали мурожаат этиши мумкин бўлади.

Виртуал телефонияни ишга тушириш – ОКда бизнес ва бошқа ташкилотлар учун экотизимни ривожлантиришда янги босқич бўлиб, у компаниялар ва тадбиркорларга мижозлар ва обуначилар билан мулоқотнинг тўлиқ доирасини тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқ ичида қуриш имконини беради. Компанияларнинг қўллаб-қувватлаш хизматлари ижтимоий тармоқларда мурожаатларни нафақат хабарномалар кўринишида, балки товушли ва видеоалоқа ёрдамида қабул қилиши мумкин бўлади.

Ушбу янги хизмат шарофати билан бизнес ўз гуруҳи негизида тўлақонли колл-марказ ташкил эта олади. Масалан, фойдаланувчилар муайян товар бор ёки йўқлигини билиш учун ўзининг севимли интернет-дўконига қўнғироқ қила оладилар ёки қўнғироқ ёрдамида тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқда маиший техникани таъмирлаш ишларини буюра оладилар. Бунда тасвир сифатини жадал яхшиловчи сунъий интеллект негизидаги технология мижозларга видеоқўнғироқлар орқали қўнғироқ қилиш имконини беради.

ОКдаги гуруҳдан фойдаланган ҳолда бизнес махсус виджет ёрдамида ўз сайтидан ҳам қўнғироқларни амалга оширишни созлай олади. Бунда фойдаланувчилар компанияга ижтимоий тармоқдан авторизациядан ўтмаган ҳолда қўнғироқ қила оладилар. Шунга кўра, Одноклассникининг қўнғироқлар платформасидан бир йўла бир нечта манбалардаги мижозлар билан алоқа қилиш учун фойдаланиш мумкин бўлади.

Қўнғироқларни ОКдаги ҳар қандай гуруҳ фаоллаштириши мумкин: бунинг учун “Профиль кўриниши” бўлимида “ОК видеоқўнғироғи” тугмаси акс эттирилишини фаоллаштириш керак. Шундан сўнг “Қўнғироқлар” бўлимида обуначилар, ОКнинг барча рўйхатдан ўтган фойдаланувчилари, рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчилар каби гуруҳга қўнғироқ қилиш рухсат этилган фойдаланувчилар тоифаларини белгилаб олиш мумкин ёки гуруҳда қўнғироқларни тақиқлаб қўйиш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу янги хизмат гуруҳдаги қўнғироқларга операторларнинг чекланмаган сонини улаб қўйиш, шунингдек ёзиб олинган қўнғироқлар ва қўнғироқлар тарихи орқали уларнинг иши сифатини назорат этиш имконини беради. Стандарт ҳолатда қўнғироқлар гуруҳ администраторига келиб тушади. Гуруҳ созламаларида “Администрация” бўлимида операторларни белгилаш ва қўнғироқлардан фойдаланишни очиб бериш мумкин. Шунингдек, созламаларда қўнғироқлар тарихи ва ёзиб олинган қўнғироқлар ҳам мавжуд. Ушбу ҳолат низоли вазиятни ҳал этиш ёки талабнома тафсилотларини аниқлаш керак бўлганда ҳар қандай вақтда қўнғироқ мазмунига қайтиш имконини беради.

Ушбу янги хизмат барча платформаларда ишлайди: гуруҳга ОКнинг ҳам десктоп версиясидан, ҳам iOS ва Android иловаларидан қўнғироқ қилиш мумкин бўлади. Гуруҳлар қўнғироқларни ижтимоий тармоқнинг десктоп версиясида қабул қила оладилар.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонлари кучли радиация тарқатиши қанчалик тўғри?