«Одноклассники»да энди юз киши бараварига видеоконференция қила олади!

  •   DiMaX
  •  666
  •  15.08.2018 13:19

«Одноклассники»да энди юз киши бараварига видеоконференция қила олади!

Турли оммабоп иловалар ўз фойдаланувчилари учун гуруҳли аудио- ҳамда видеоқўнғироқ хизматларини тақдим этишга жиддий киришишган. Жумладан, жаҳондаги энг катта аудиторияга эга мессенжерга яқиндагина шу функция жорий этилганди.

ЎҚИНГ: WhatsApp’да гуруҳ тарзидаги қўнғироқ ва видеоқўнғироқ ишга тушди – улардан қандай фойдаланамиз?

Энди эса ўзбекистонликлар кенг фойдаланиб келаётган  «Одноклассники» ижтимоий тармоғи ҳам шундай сервисни ишга туширди. Унинг мулоқот майдончасида нақ 100 нафаргача фойдаланувчи иштирокида бир вақтда аудио- ҳамда видеоқўнғироқ қилиш мумкин!

Хабарга кўра, мазкур тизим «сунъий онг» воситаларини қўллайди ва алоқанинг юксак сифатда бўлиши таъминланади.

«Қўнғироқ давомида видеооқимлар суҳбатдошлар орасида уларнинг фаоллигидан келиб чиқиб тақсимланади. Айни пайтда гапираётган кишидан келаётган видео энг юқори сифатда кўрсатилади, бошқалариники сал сустлаштирилади ва ҳоказо», дейишади «Одноклассники» вакиллари.

ЎҚИНГ: Одноклассники видеоқўнғироқлар учун виртуал ниқобларни ишга туширди

«Одноклассники»нинг мулоқот тизими конференция иштирокчилари сонига мослашиш қобилиятига ҳам эга. Масалан, агарда иштирокчилар жуда кўп бўлса, улар орасидан айни дамда фаол бўлмаганлари овозли қўнғироқ форматида кўрсатилади. Нофаол суҳбатдош гапира бошлаши билан уларнинг камераси олаётган видео ҳам бошқаларининг экранига чиқади.

Айни дамда ушбу янги сервис аллақачон «Одноклассники»нинг веб-версиясида, шунингдек Android ҳамда iOS иловаларида ишламоқда.

«Яқин орада видеоқўнғироқлар чатлар билан интеграция қилинади ва суҳбатдошлар ўзаро файл, сурат ва видео алмаша оладиган бўлишади. Мулоқотлар фойдаланувчининг барча қурилмаларида автоматик тарзда синхронлашади: масалан, сиз суҳбатни компьютерда бошлаб, смартфонингизда давом эттира оласиз», дейишади компания вакиллари.

ЎҚИНГ: «Одноклассники» ўта фойдали бир функция билан кучайтирилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!