«Одноклассники» ўта фойдали бир функция билан кучайтирилди

  •   DiMaX
  •  2285
  •  18.12.2017 12:06

«Одноклассники» ўта фойдали бир функция билан кучайтирилди

Гарчи россияликларнинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғи Facebook ва «ВКонтакте» кабилардан бирмунча орқада бўлса ҳам, унинг жамоаси ўз маҳсулотини оммалаштириш йўлидаги ҳаракатлардан чарчамаяпти. Жумладан, ишлаб чиқувчилар тармоқ фойдаланувчилари учун янги функционал имкониятларни тақдим қилишда давом этаётир. «Одноклассники»га кечагина қўшилган янги функция ҳам шулар жумласидандир.

ЎҚИНГ: «Одноклассники» орқали Россиянинг «Биринчи» каналидаги Янги йил 2018 шоуси учун санъаткорларни танлашингиз мумкин

Янги функция шундан иборатки, эндиликда унда фойдаланувчилар мультимедиали киритмаларга эга бўлган, катта ҳажмли публикациялар нашр эта оладилар. Бунда мультимедиали киритмалар матнга шунчаки илова қилиб қўйилмасдан, шундай жойланадики, кузатувчи уларни ўша янгиликни, мақолани ёки бошқа турдаги публикацияни ўқиш жараёнидаёқ кўра олади. Янги функционал имкониятни татбиқ этиш учун «Одноклассники» дастурчилари қайдларнинг янги шаклини ҳам ишлаб чиқишган. Бунақа қайдларни фойдаланувчи ўз «девор»ида ҳам, гуруҳларда ёки бошқа жойларда ҳам эълон қилиши мумкин.

Ушбу янги тур қайдларга «Ўзига хос шакл» («Собственная форма») деб ном берилган. Яъни, муаллиф бунда янги материални ўзига маъқул бўлган бирор шаклда ярата олади. Мазкур функция туфайли «Одноклассники» фойдаланувчилари энди битта публикация доирасида аввалига бир нечта суратларни юклашлари, кейин эса улар орасига исталган матнларни жойлаштиришлари мумкин.

ЎҚИНГ: «Одноклассники» кўришлар сонини акс эттира бошлади

Шу тариқа, энди янги публикацияларни нафақат матндан иборат тарзда, балки орасига график материаллар ҳам киритилган қизиқарли шаклда тақдим этишлари имкони яратилди. Бу элементларнинг барчасини ўзаро ўринларини алмаштириш ҳам жуда осон ва қулай. Матнлар орасига нафақат фотосуратлар, балки видеороликлар, шунингдек GIF-анимацияларни ҳам жойлаш мумкин. Бу файлларни компьютернинг «Иш столи»дан ёки исталган жилддан сичқонча билан ушлаб, публикация дарчасига олиб келиш йўли билан қўшади.

Янги функция барча фойдаланувчиларга аллақачон компьютерга мўлжалланган веб-версия орқали тақдим этилган. Расмий сайтнинг мобил версиясида ҳамда iOS ҳамда Android тизимларида ишлатишга мўлжалланган иловаларда эса бу имконият шу йилнинг охиригача тақдим этилиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: "Одноклассники" кайфият улашувчи сервисини ишга туширди

Дастурчиларнинг таъкидлашларича, «Одноклассники»даги янги функция турли қувватга эга бўлган компьютерларда ишлашга мосланган. Шу боис ижтимоий тармоқ расмий сайтининг тўлиқ шаклини очувчи барча компьютер, ноутбук ва планшетларда «Ўзига хос шакл» бир хилда яхши ишлаши айтилаётир. Шунингдек, янги функция алгоритмлари ҳатто интернет тезлиги паст бўлган шароитда ҳам бемалол ишлайдиган тарзда тузилган.

Айтиш керакки, Ўзбекистонда «Одноклассники» ижтимоий тармоғи аъзолари кўп, у айниқса ёшлар орасида оммалашган. Демак, юртдошларимиз тармоқнинг янги имкониятидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

ЎҚИНГ: “Одноклассники”дан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон тўртинчи ўринда

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.