ОГОҲ БЎЛИНГ: Сизнинг номингиздан сўкинадиган Android-вирус чиқди!

  •   DiMaX
  •  1683
  •  15.01.2020 11:25

ОГОҲ БЎЛИНГ: Сизнинг номингиздан сўкинадиган Android-вирус чиқди!

Смартфонлар учун юзлаб турли вируслар чиққан ва улар ҳар хил зарарлар келтиради: фойдаланувчи маълумотларини ўғирлашдан тортиб банкдаги ҳисобингизни ўзлаштиришгача. Лекин хакерларнинг навбатдаги ишланмаси шуниси билан оригиналки, у ўрнашиб олган телефондаги контактларга ҳақоратли SMS-хабарлар жўнатади.

ЎҚИНГ: «Қаҳрамон каламуш»: Android-қурилмаларни Telegram орқали бошқарувчи трояндан эҳтиёт бўлинг!

Faketoken номли банк трояни 2014 йилдаёқ аниқланган бўлиб, оммабоп иловаларга тақлид қила олиши сабабли энг хавфли вируслар ўнлигига киритилган. Орада ўтган беш-олти йил мобайнида антивирус дастурий таъминотлари ишлаб чиқувчилар унинг ҳужумларига қарши курашиб келишган, аммо Faketoken муаллифлари ҳам қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ.

«Касперский лабораторияси» экспертларига кўра, ҳозирда Faketoken нафақат аввалгидек банк соҳаси учун жиддий хавф туғдиради, балки спам тарқатишни ҳам ўрганиб олган. Яқинда ушбу зиёнкор код томонидан зарарланган беш мингга яқин қурилма эгаларининг таъкидлашларича, уларнинг телефон рақамлари ҳисобларидан маблағлар тез камая бошлаган. Текшириб кўришса, уларнинг рақамларидан бошқаларга кўп сонли SMS-хабарлар кетган ва уларнинг матнида ҳақоратли сўзлар ҳам бўлган.

Шу сабабли мутахассислар Android-қурилмалар эгаларига Google Play’дан бошқа манбалардан иловалар юклаб олмасликни, бирор дастурни ўрнатаётганда унинг нималарга рухсат сўрашини ўрганиб чиқишни, шунингдек, интернетда номаълум ҳаволалар орқали ўтмасликни маслаҳат беришмоқда.

ЎҚИНГ: Android учун энг зўр 8 та антивирус

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!