Огоҳлик: тармоқдаги текин билетлар — товламачиликнинг янги кўриниши

Огоҳлик: тармоқдаги текин билетлар — товламачиликнинг янги кўриниши

Дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда, жумладан facebook тармоғидаги ўзбек аудиторияси орасида ҳам «Аэрофлот 2 та билет совға қилади» («Аэрофлот дарит 2 билета» ёки Emirates — бу халқаро талқин) мазмунидаги “бепул билетларни ютиб оламиз” деб номланувчи сайтларга олиб борувчи кўплаб постларга дуч келдик. Қуйида мазкур “акция”нинг қандай ташкил қилинганлиги хусусида маълумот берамиз.

Аэрофлот компанияси бу танловга алоқадор эмаслигини расман эълон қилди ва унинг сохта экани, компания фаолиятига оид барча маълумотларни www.aeroflot.ru сайтидан олиш мумкинлигини айтиб, барчани бу каби шубҳали ресурслардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Биринчидан, маълум бўлишича, Аэрофлот авиакомпаниясининг бундай танловга умуман алоқаси йўқлиги маълум. Иккинчидан, бу акцияда қатнашиш орқали фойдаланувчи ўзининг гаджетига ўта хавфли вирусни юқтириб олиши мумкин. «Акция» халқаро таъсирга эга бўлиб, биз ўқувчиларимиздан ўта эҳтиёткор бўлиш ва бу тўғрида яқинларини ҳам огоҳлантиришларини сўраб қоламиз.

Бу тизим қандай ишлайди?
0. Интернетдаги ҳар қандай “текин” деган сўз замирида 99% ҳолатда товламачилик йўли билан кимнингдир гаджетига вирус тушириш ва унинг маълумотларини ўғирлаш каби қабиҳ мақсад ётган бўлади. Ҳар қандай ҳолатда сиз мана шу ҳақиқатни унутманг ва бундай вазиятда бу “акция”ларда асло иштирок этманг.

1. «Аэрофлот 2 та билет совға қилади» манзилига ташриф буюрган фойдаланувчи «бепул билетлар» сайтига кириб қолади. Бу ердаги бир неча реклама сайтлари фойдаланувчининг диққатини тортади. Бу сайтларда эса троян ёки шунга ўхшаган товламачи-вируслар, зарарли файллар мавжуд бўлиб, у ерга кириш билан гаджет зарарланади.

2. Бу реклама постлари авиакомпаниянинг эмас, ҳаккерликнинг фишинг турига ихтисослашган (сохта) сайтларга, сохта номдаги домен номига эга манзилларга олиб боради. Биринчидан, шуни ўзидаёқ фойдаланувчи бу товламачиларнинг найранги эканини пайқаши керак. Бироқ, кўпчилик бу жиҳатларга эътибор қаратмайди.

3. Бу товламачиликнинг шартларидан бири — постни саҳифада имкон қадар кўпроқ улашиш. Бу ерда эса фойдаланувчининг ўзи билмаган ҳолда товламачиликнинг иштирокчиси ва сабабчисига айланади. Шундан сўнг тизим муаллифлари фойдаланувчини рўйхатдан ўтишга мажбур қиладилар. Натижада, фойдаланувчи ўз дўстларини ҳам товламачиларнинг “тўри”га ториб, ўзи ҳақидаги маълумотларни ўз ихтиёрлари билан жиноятчиларга тақдим этадилар.

4. Шундан сўнг, «Бахтга қарши, омадингиз келмади. Ўзингизни кейинги гал синаб кўринг» мазмунида хабар келади. Шунинг ўзи зарарли файлни компютер ёки смартфонга жойлаш учун кифоя.

У қандай зарарли файл ёки бундан қандай фойда кўришади?
Вирус электрон қурилмага юқиб олгач, у қурилма тизимида ҳаракатлана бошлайди. Яъни, агар бу қурилма онлайн банкинг тизимига ёки бошқа халқаро тўловларга мўлжалланган тизимларга уланган бўлса, бу ерда банк ҳисоб рақамлари ёки электрон почта ва бошқа турдаги қимматли маълумотлар бўлиши мумкин. Ҳаккерлар ҳеч бўлмаганда фойдаланувчига оид маълумотларни, сурат ва видеоларни, электрон почта ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунт маълумотларини халқаро миқёсидаги “маълумотларнинг қора бозори”да пуллашлари мумкин.

Қандай ҳимояланиш мумкин?
Агар сиз бу тизимга кирган бўлсангиз, зудлик билан қурилмангиздаги тизимни антивирус ёрдамида тозаланг ва мобил ёки компютер операцион тизимини янгилаб олинг. Энг муҳими — бу каби акцияларда асло иштирок этманг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.