Okay, Google, мени профессионалга айлантир!

Okay, Google, мени профессионалга айлантир!

Google шунчаки оддий қидирув тизими эмас. Компанияга қарашли қўшимча хизматлар (GMail, YouTube, Drive, Calendar, Hangouts) ёки қидирув тизимининг турли версиялари (Scholar, Books) дан ташқари, google.com сайтига кириб, оддий бир веб-саҳифани қидиришдан кўра кўпроқ амалларни бажаришингиз мумкин.
Google'га йилига 2 триллион (!) қидирув берилади. Бу кунига 5,5 млрд, соатига 228 млн, дақиқасига 3,8 млн ёки сониясига 63 минг қидирув демакдир. Аммо бундай катта рақамларга қарамасдан, аксарият фойдаланувчилар сайтда мавжуд имкониятлардан жуда кам фойдаланади.
Масалан, ундан бир валюта қийматини бошқа валютада кўришингиз, ўлчов бирликлари конвертори сифатида фойдаланишингиз, биржалар савдосини кузатиб боришингиз ва ҳаттоки қидирувингизда маълум домендаги сайтлар чиқмаслигини ҳам белгилаб қўйишингиз мумкин. Оператор сўзлар ва белгилардан фойдаланиб эса жуда хусусий қидирувлар амалга оширсангиз ёки вазифаларни бажарсангиз ҳам бўлади.
Қуйида Google'дан максимал даражада фойдаланишингизга имкон берувчи бир қатор усулларни келтириб ўтамиз. Уларнинг баъзиларининг амалий аҳамияти юқори, баъзилари эса фақат вақтингизни чоғ ўтказишга ёрдам беради. Ҳамма ҳам Google'га қидирув беролади, лекин ундан профессионаллардек фойдаланиш билан атрофдагиларни лол қолдириш мумкин. Қани, кетдик!
Оператор белгилардан фойдаланинг
Сайт қўшимча кўрсатмалар, тиниш белгилари ва символлар воситасида веб-саҳифалар ичидаги керакли маълумотни "суғуриб чиқариш" имконини яратади. Уларни шунчаки сўровингизга қўшиб қўйсангиз кифоя.
@ —ижтимоий тегларни қидиради: @googler каби;
$ — маълум нархдаги маҳсулотни қидиради: adidas $500;
# — бунга изоҳ шарт эмас, бизнингча;
- — шаклдош сўзлардан фақат биттасини қидиради. Масалан, Pitbull -singer деб ёзсангиз, қўшиқчи эмас, балки кучук ҳақида натижалар чиқади.
Ҳисоб-китоб қилинг
Математикадан яхши эмасмисиз? Унда, Google'га мурожаат қилинг. 1+1 бўладими ёки sin(90)/cos(30) бўладими, жавобингиз сониянинг улушларида тайёр бўлади!
Валютани конверсия қилинг
Японияга саёҳат қилишни режалаштиряпсизми? Япон иенасининг сўмдаги қиймати керакми? "Okay, Google" буйруғи ва "uzs to jpy". Ишингиз ҳал! Сафарингиз бехатар бўлсин!
Ўлчов бирликларини конверсия қилинг
Юқоридагидек, бир ўлчов бирлигини бошқа ўлчов бирлигига қийинчиликсиз ўтказа оласиз. Масалан, 10 ошқошиқ чойқошиқда қанча бўлиши (ингл. 10 tsp то tbsp), 100 км неча миля бўлиши ва ҳ.
Вақтни билиб олинг
Чикагодаги дўстингизга қўнғироқ қилмоқчисиз, лекин у ердаги вақтни билмайсиз. Шундайми? География китобларига мурожаат қилишингиз шарт эмас. "Чикагода соат неча бўлди?" (Google тушунадиган тиллардан бирида, албатта) деб ёзинг.

"Чикагода соат неча бўлди?" сўрови корейсчада


Биржа маълумотларини кузатиб боринг
Фонд биржаси маълумотларини "stock:" опертори билан кузатиб боринг: stock:microsoft каби.
Қуёш чиқиш ва ботиш вақтини билиб олинг
Қуёш чиқишини томоша қилиш учун тоғга чиқмоқчимисиз? Унда ушбу маълумотни Google'дан билиб олинг. "Sunrise in Tashkent" ёки "Восход солнца в Андижане", деган сўров беринг. Афсуски, Google ҳозирча бу турдаги сўровларни ўзбекчада тушунмайди.
Домен бўйлаб қидиринг
Сайтимизда Samsung Galaxy Note ҳақида қандай маълумотлар келтирилганлигини билмоқчимисиз? Унда site:terabayt.uz Samsung Galaxy Note деб қидирув беринг. "site:" оператори қидирув фақат маълум домен ичида амалга оширилишини кўрсатади.
Доменни натижалар орасидан ўчириб қўйинг
Ҳар сафар бирор маълумот қидирганингизда Wikipedia чиқиши сизга ёқмаса, бунинг ҳам имкони бор. Масалан, -site:wikipedia.org Ўзбекистон деб, ёзсангиз, натижалар қаторида ушбу сайтдан маълумот чиқмайди.

Сўров натижалари орасида Wikipedia'дан натижа кўрсатилмади


.edu доменидаги сайтларни қидиринг
Агар қидириаётган маълумотингиз, таълим соҳасига оид бўлса, энг мос натижага эга бўлиш учун site:edu деб қидиринг, бунда фақат .edu доменидаги сайтлардан маълумот чиқади.
URL'ни қидиринг
Агар сизга 2009 йилда эълон қилинган саҳифалар керак бўлса, inurl: 2009 деб қидиришингиз мумкин. Шунда Google 2009 йилги саҳифаларни кўрсатади.
Сайтлар ҳақида маълумотга эга бўлинг
"info:" операторидан фойдаланиб, Google маълум бир сайт тўғрисида нималарни билиши ҳақида маълумот олинг. Биз ҳақимизда билмоқчи бўлсангиз, info:terabayt.uz деб қидиринг.
Севимли жамоангиз янгиликларидан бохабар бўлинг
Агар спорт сизнинг ҳоббийингиз бўлса, ўйин кетаётган пайтдаги очколарни билиб олиш учун иккала жамоа номини ёзиб қидирув беринг. Ёки ўзингиз қизиққан клуб номини ёзиб, улар кимга қарши ва қачон ўйинга тушишини билиб олинг.
Патентларни қидиринг
Сайтга "patent" сўзидан сўнг патент рақамини киритинг. Масалан, Patent 10198649 деб ёзиб кўринг. Қани, қайси таниқли компания маҳсулоти патент рақами чиқаркан?
Файлларни қидиринг
PDF форматидаги файл керакми? Унда "filetype:" операторидан фойдаланинг. Масалан, Инсон ҳуқуқларига оид PDF ҳужжат керак бўлса, "filetype:pdf Human Rights", қидирувини беринг. Бу оператор нафақат PDF форматдаги, балки .docx, .avi, .jpeg ва .png форматдаги ҳужжатларни ҳам қидиради.
Ўчирилган сайтарни кўринг
Баъзан, сайтлар ўчириб қўйилади. Бироқ Google билан ўша сайтнинг кеш вариантини қидирсангиз бўлади. Бу учун "cache:" операторидан фойдаланасиз: cache:terabayt.uz
Сўзнинг изоҳини кўринг
Агар луғат ишлатиш сизга ёқмаса, "define:" операторига мурожаат қилсангиз бўлади. Масалан, define:vigorous.
Калитсўз сарлавҳада бўлсинми?
Қидираётган калитсўзингиз саҳифа сарлавҳасида бўлиши учун "intitle:" оператори қўл келади. intitle:бахт каби. Агар бирдан ортиқ калитсўз сарлавҳада бўлишини керак бўлса, "allintitle:" дан фойдаланинг: "allintitle:Samsung Uzbekistan"
Аниқ бирикмани қидиринг
Қўштирноқ белгисидан фойдаланиш қидирув натижасида аниқ сиз қидирган маълумот бўлишини таъминлайди. Қани, кўринг-чи, сиз ҳақингизда ҳам маълумот чиқармикан. Шахсан мен ҳам қидириб кўрдим.
Google'га қарши "рингга тушинг"
Зерикканда Google'га қарши X ва 0 ўйнини ўйнашингиз мумкин. Бунинг учун оддийгина "tic tac toe" деб ёзинг.

ЎҚИНГ: Google Chrome’ни саҳифаларни бир зумдаёқ очишга мажбурлаймиз

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!