Олдинги прошивкалардан тезроқ, ишончлироқ ва чиройлироқ MIUI 12.5 қобиқ дастури тақдим қилинди

Олдинги прошивкалардан тезроқ, ишончлироқ ва чиройлироқ MIUI 12.5 қобиқ дастури тақдим қилинди

Бугун Xiaomi компанияси Хитой пойтахти Пекинда катта маросим ўтказиб, энг сўнгги флагманлари ва янги MIUI 12.5 интерфейсини тақдим қилди.

Янги прошивка MIUI 12'нинг давомчиси бўлиб, унда хавфсизлик созламалари анчайин кучайтирилган, иловалар барқарорлаштирилган. MIUI 12.5 билан, шунингдек, Windows'га уланган қурилмаларда билдиришномалар қабул қилиш ва ҳеч қандай қийинчиликсиз баъзи амалларни бажариш мумкин.

ЎҚИНГ: 108 МП ҳам оммабоп Xiaomi флагманига наф бермади, лекин у барибир Galaxy Note 20 Ultra’лардан юқорида!

Xiaomi янги прошивка номига қараб: «Кўп нарса ўзгармабди», деган хулосага келмасликка чақирди. Компаниянинг маълум қилишича, MIUI 12.5 янги йил учун асосий дастурий таъминот ечими ҳисобланади. Xiaomi'дагилар янги қобиқ дастурини нега «MIUI 13» деб номлашмаганини айтишмади, лекин, бизнингча, бу ерда ирим қилишган (13 сонига бахтсизлик рамзи деб қаралишини яхши биласиз).

MIUI 12.5 тизим эстетикаси ва визуал дизайнини яхшилаган — компания раҳбари саҳнада тургани ҳолда янги интерфейсни iOS билан таққослаб кўрсатди ва транзиция эффектлари ҳар икки қобиқда деярли ўхшаш эканини таъкидлади. Xiaomi, шунингдек, ўз смартфонларидаги тизим иловалари Apple, Huawei, Oppo, vivo ва Meizu'лардагига қараганда камроқ экани билан ҳам мақтанди.

Дастурчилар MIUI 12.5'нинг асосий структурасини қайта ёзиб чиқишган, шу сабабдан янги прошивка 20% камроқ хотира, 25% камроқ қувват сарфлайди, фон хотираси эса 35% га камаяди. Иловалар ва уларнинг юкланмаси ҳақида гапирар эканмиз шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Созламалар, Камера, Телефондан бошқа тизим иловаларини ўчириб юбориш мумкин.

ЎҚИНГ: Apple устидан кулган Xiaomi’нинг ўзи ҳам Mi 11 қадоғидан зарядникни олиб ташлаяпти! («жонли» суратлар)

MIUI 11 ва MIUI 12'ларда бўлгани сингари янги прошивкада ҳам ўзига хос динамик обой бор. Бу обойда Хитойнинг Сычуань провинциясида жойлашган Тўрт опа-сингил тоғи тасвирланган бўлиб, экран тасвири айни дамдаги об-ҳавога мослашади. Товушларни ҳам ўзингизга мослаштириб олишингиз мумкин.

Хавфсизлик масаласига тўхталсак, MIUI 12.5'да исталган иловага геомаълумот, шахсий маълумот ва буфферни ўқишни, пароллар ва нозик маълумотларни сақлашни тақиқлаб қўйишингиз мумкин.

Бир неча смартфон илк ёпиқ бета синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга, бироқ смартфонларнинг барчаси Хитой ҳудудида бўлиши талаб қилинади. Барча Mi 10 моделлари, Redmi K30 линейкаси вакиллари ва 2019 йил чиққан Redmi Note 7 ҳамда Xiaomi Mi 9лар ҳам бетада иштирок этиши мумкин.

Илгарироқ, 28 декабрданоқ MIUI 12.5 қобиқ дастурига ўтувчи 23 та смартфон рўйхатини эълон қилган эдик.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг оммабоп 20 смартфони

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!