Олимлар қувват талаб қилмайдиган «келажак телефони»ни яратдилар

Олимлар қувват талаб қилмайдиган «келажак телефони»ни яратдилар

Вашингтон университети мухандислари шу вақтгача имконсиз ҳисоблаб келинган ишга қўл урдилар. Улар ишлаши учун қувват талаб қилмайдиган дунёдаги илк телефонни яратишнинг уддасидан чиқдилар. Ҳозирги вақтда ушбу «келажак телефони» фақатгина қўнғироқларни қабул қилиш ва амалга оширишнинг уддасидан чиқади, холос.

Мазкур ўзига хос қурилма устида иш олиб борган мутахассислардан бири - Шаем Голлакотанинг сўзларига кўра, мухандислар қурилманинг қувватга бўлган талабини бартараф қилиш учун мобил телефон ишлаш принципининг ўзини тамомила янгидан ишлаб чиққанлар.

Улар телефон конструкциясидан аналог овоз сигналини рақамли сигналга айлантирувчи мосламани олиб ташлаб, унинг ўрнини микрофон ва динамикни бирлаштириб турувчи антенна ўрнатдилар. Натижада ҳатто паст частотадаги овоз тебранишлари ҳам зудлик билан радиосигналларга айлана бошлади.

Барибир ушбу «келажак телефони» кичик миқдорда бўлсада, энергия талаб қилади. Аммо қурилмани энергия билан таъминлаш учун батарея ёки аккумлятор талаб қилинмайди. Телефон фаолияти учун зарур бўлган жуда кичик - 3,5 мкВт/соат миқдоридаги энергия асосий станциядан тарқалаётган радионурланишлардан олинади. Шу жойда қурилманинг асосий муаммоси кўзга ташланади - мазкур телефон радионурланишлар орқали қувват олиш учун асосий станциядан 10 метрдан ошиқ масофага узоқлашмаслиги лозим. Бундай чеклов ва ноқулайлик ушбу прототипни келажакнинг тўлақонли қувват талаб қилмайдиган телефони, деб аташда иккиланиш пайдо қилади.

Бироқ олимлар яқин келажакда ушбу янги қурилма она станциядан исталган масофада ишлай олишига умид билдирмоқдалар. Балки уларнинг умидлари рўёбга чиқиб, инсоният электрон қурилмаларни мунтазам қувватлантириб туриш муаммосидан халос бўлар? Бунисини энди вақт кўрсатади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.