Хитойлик компания олти оёқли ўргимчак-робот тақдим қилди

Хитойлик компания олти оёқли ўргимчак-робот тақдим қилди

Хитойнинг Shenzhen XiaoR Geek Technology компанияси бир қарашда ўргимчакни эслатиб юборадиган XR Hexapod R1 номли роботни тақдим қилди. Ҳозирда у молиялаштирилиш учун Kickstarter'га жойланган.

Ўз номидан маълумки, робот олтита оёққа эга ва улар алюминийдан ясалган. Ўргимчаклардан фарқли ўлароқ, XR R1 турган жойида 360 градусга бурила олади. Шунингдек, у "қизиб олиш" (олдинга ва орқага қисқа бурилиш ҳаракатлари), "провокация" (икки олд оёқларини силкитиш) каби ўнлаб дастурланган ҳаракатларни амалга ошира олади.

Гарчи ўргимчакларда бўлганидек саккизта бўлмаса ҳам, XR R1 битта "кўз"и бор ва бу унга рангларни ажратиш, QR-кодларни ўқиш, линия бўйлаб юриш ва юзни аниқлаш имконини беради. XR R1'ни бошқариш учун сизга смартфонингиз, компютерингиз ёки геймпаднинг ўзи кифоя бўлади.

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, Raspberry Pi 4B билан ишлайдиган тўрт ядроли ARM процессори "ўргимчак юраги" ҳисобланади ва у очиқ кодли операцион тизимда ишлайди. Шунингдек, қурилма 4ГБ оператив хотирага ҳам эга. Унинг "кўзи" эса 2 мегапикселли Robot-Eye 3.0 камера сенсори билан жиҳозланган. Қурилманинг 4,000 мА/с сиғимли батареясини USB 2.0 Micro-B порти орқали қувватлашингиз мумкин. 350х350х250 мм ўлчамдаги робот оғирлиги 3.2 килограммни ташкил қилади.

Юқорида айтилганидек, лойиҳа ҳозирда краудфандинг жараёнида. Унга ҳозирданоқ 899 доллар нархда буюртма бериш мумкин. Уни етказиб бериш кейинги йилнинг феврал ойидан бошланади. Робот сотувга чиқарилганида эса уни 1,299 доллар нархда сотиш режалаштирилган. Қолаверса, роботнинг пастроқ техник хусусиятларга эга XR E1 модели 699 доллар ва юқори техник хусусиятларга эга бўлган XR J1 модели 1899 доллар нархда ҳам таклиф қилинмоқда.

ЎҚИНГ: Lenovo ўзининг чўзиладиган экранли сирли ноутбукни кўрсатди (видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!