Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

Шу кунга қадар Nokia телефонларидан тортиб Samsung смартфонлари ва iPhone'ларнинг мобил оламда туб бурилишлар ясаганига гувоҳ бўлиб келмоқдамиз.

Айни дамда янги брендлар ҳам технология оламида саҳнага чиқаётганини рад этиб бўлмайди. Уларнинг баъзилари машҳурлик чўққисига ҳам эришиб улгурди. 

Мана шундай компаниялардан бири Xiaomi'нинг қисқа муддат ичида бунчалик тез оммалашиб кетишига асосий сабаб компания маҳсулотларининг ҳамёнбоп нархи бўлса-да, бошқа омиллар ҳам бу борада ўзига хос аҳамиятга эга. 

Қуйида Xiaomi компанияси ҳақида сиз билмаган, деб ўйлаганимиз 10 та жиҳатни келтириб ўтамиз. Ушбу мақолани Xiaomi'ингиздан ўқиётган бўлсангиз ҳам ажаб эмас.

1. Номи

Сўзма-сўз таржима қилганда, “Xiaomi“ сўзи “тариқ“ ва “гуруч“ маʼноларини англатиб, буддизм динига ишора қилади. Эътиқодга кўра, бу компания юқори чўққиларни забт этишдан олдин ҳаракатни кичик марралардан бошлашини кўрсатади. 

“Mi“ сўзи, шунингдек, инглизча “Mission Impossible“, яъни “Имконсиз миссия“ жумласининг қисқартмаси ҳамдир. Бу эса компаниядагилар ўтиб бўлмас тўсиқларни ҳам босиб ўтганлиги рамзи бўлиб хизмат қилади. 

2. “Хитойча Apple“

"Хитойча Apple" дея "тахаллус" олган Xiaomi смартфонлари нафис, оддий ва минималлиги билан iPhone'ни эслатади. Бундан ташқари, америкаликлар Apple'га қанчалик содиқ бўлишса, хитойликлар ҳам Xiaomi'га худди шундай муносабатда бўлишади. Шунингдек, Huawei'нинг ҳозирги “қора кунлари“ сабаб компания омад чўққисида ҳар галгидан кўра тезроқ юксалиб бораётир. 

3. Рамзи

Xiaomi'нинг рамзи Миту лақабли қуёнчадир. Миту ҳар доим қизил юлдузчали ушанка (бош кийим тури) ва қизил шарф кийиб юради. Ёқитмтой-а?!

4. Жойлардаги дўконларнинг йўқлиги

Xiaomi Хитой ва яқиндан буён Сингапурдан бошқа ҳеч қайси давлатда ўзининг жойлардаги дўконига эга эмас. Компания ўз маҳсулотларини, асосан, онлайн равишда сотмоқда, бу товарлар нархини арзон ушлаб туришда асосий омиллардандир. 

5. Рекламаларнинг йўқлиги

Xiaomi рекламалардан умуман фойдаланмайди. Кино ёки телевизорда юлдузлар компанияни реклама қилиб, унинг телефонларидан фойдаланаётганини кўрганмисиз? Бу жиҳат ҳам "хитойча Apple" қандай қилиб ҳозирги машҳурлик даражасига эришганлиги ҳақида ўйланишга ундайди. 

ЎҚИНГ: Realme 3 Pro билан танишиш вақти келди!

6. Генниснинг рекордлар китоби 

Xiaomi'нинг Mi 3 смартфони икки сония ичида 15 минг дона сотилган. Иккки сония ичида! Бундан ташқари, намойиш қилинган пайтда Mi 3 бутун дунёдаги энг тезкор смартдон дея эътироф этилган.

Шундай қилиб, 2014 йилда Xiaomi'дагилар атиги бир сутка ичида 2,1 миллион дона Мi 3 сотиш билан Генниснинг рекордлар китобига кирган. 

7. Google'чилар 

Компаниянинг энг юқори лавозимидаги ҳар тўққизта ходимнинг учтаси собиқ Google ишчисидир. Xiaomi муваффақиятининг катта қисми улар сабаблидир, дейиш муболаға эмас. 

8. Гўзаллаштирувчи камера

Селфи олмоқчимисиз? Марҳамат, Xiaomi хизматингизда! Гап-сўзларга қараганда, Xiaomi смартфонларининг камерасида селфиларни гўзаллаштирувчи ички технология мавжуд. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган. 

9. Сингапурдаги халқаро штаб-квартира

Xiaomi халқаро офисини сингапурликларга ишонган. Нега? Сабаби Сингапур бозори ривожланган бўлиб, бу компанияга технология саноатида устунлик қилиш имконини беради. 

10. Логотипда гап кўп

Xiaomi ҳақида яна бир қизиқ маълумот. Компания логотипида бир сўз яширинган. Логотипни “оёғини осмондан“ қилиб ўқисангиз, хитойчадаги “心“ сўзига яқин сўз ҳосил бўлганини кўрасиз. Бу сўз ўзбекчага “юрак“ деб таржима қилинади. Ана шунақа гаплар!