One UI 5.0 қандай хусусиятларга эга бўлади?

One UI 5.0 қандай хусусиятларга эга бўлади?

Samsung тез орада ўз смартфонлари учун One UI қобиғининг Андроид 13 га асосланган бешинчи катта версиясини оммавий синовдан ўтказишни бошлаши яқинда маълум бўлган эди. Эндиликда 9To5Google нашрининг хабар беришича, улар Galaxy S22 учун One UI 5.0 бета версиясининг ички синов жараёнларида қатнашишга муваффақ бўлишган ва янги версиянинг ҳозирги One UI 4 билан таққослаган ҳолда янги хусусиятларини топишган.

One UI 5.0 даги билдиришномалар кўриниши

Маълум бўлишича, One UI 5.0 да билдиришномалар кичик дизайн ўзгариши ва янги иконкаларга эга бўлган.

One UI 5.0 да рухсат сўраш ойнаси

Яна бир сезиларли ўзгаришлардан бири шундаки, энди Samsung ҳам Google каби рухсат сўраш ойналарини пастдан эмас, балки, экран ўртасида чиқаради ва тугмалар белгиланган рангларга эга бўлади.

One UI 5.0 да OCR функциясининг ишлаши

Samsung смартфонлари ҳам энди One UI 5 билан OCR ("Optical Character Recognition" яъни оптик белгиларни аниқлаш) хусусиятига эга бўлади. Бу эса фойдаланувчиларга расмлардан ҳарфларни ажратиш ва клавиатурага нусхалаш имконини беради.

One UI 5.0 да "Хавфсизлик ва Махфийлик" саҳифаси

Шунингдек, компания "Хавсизлик ва Махфийлик" дизайнини ҳам янгиланган. Экран қулфи, фойдаланувчи аккаунтлари, телефонни қидириш, иловалар хавфсизлиги, Google Play тизими янгиликлари ва бошқа махфийлик функцияларининг барчаси ушбу ойнада кўрсатилади.

Қўшимчасига Labs бўлимига иккита янги ишоралар ҳам қўшилган: экранни иккига бўлиш учун икки бармоғингиз билан пастдан юқорига свайп қилинг ёки қалқиб чиқувчи ойна ҳосил қилиш учун экраннинг юқори ўнг бурчагидан ичкарига свайп қилинг.

Булардан ташқари қуйидаги кичик ўзгаришлар ҳам мавжуд:

  • Samsung Notes'да ҳамкорлик;
  • Айни вақтдаги актив иловаларни кўрсатиш;
  • Созламалардаги телефон ҳақидаги саҳифанинг қурилма суратини кўрсатиши;
  • Яқиндаги қурилмаларнинг аниқ жойлашувини топиш учун UWB созламаси;

Шундай қилиб, One UI 5.0 унчалик катта ўзгаришларга эга эмас, лекин бир қанча кичик яхшиланишлар мавжуд. Samsung бу сафар янги версияси синовини бир неча ой олдиндан бошлаганини ҳисобга олсак, демак барқарор версияси ҳам шунча вақт олдин чиқарилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi 12 Lite тез орада тақдим этилиши кутилмоқда