OnePlus 3 – жаҳоннинг энг арзон кучли смартфони  

OnePlus 3 – жаҳоннинг энг арзон кучли смартфони  

Ишлаб чиқарувчи: OnePlus компанияси (Хитой).

Тақдим қилинган вақти: 2016 йил, июнь.

OnePlus компанияси ниҳоят узоқ кутилган учинчи флагмани — OnePlus 3’ни жамоатчилик диққатига ҳавола қилди.

OnePlus 3 — айни кунда жаҳоннинг энг сермаҳсул смартфони.  Шу билан бирга, нарх-навоси унинг имконитялари даражасидаги рақибларидан анча паст баҳоланган гаджет. Унда Qualcomm Snapdragon 820 флагман процессори, 6 ГБ тезкор хотира, оптик барқарорлаштириш функциясига эга камера, AMOLED-экран ва тезкор қувват олиш тизими мавжуд. Смартфон бозорида таниқли брендлар мазкур инновацияларга эга смартфонлар учун камида 600 АҚШ доллари сўрашади. OnePlus компанияси эса инсоф доирасида қўйган нарх $399 АҚШ долларидан бошланади. Нима сабабдан? Қуйида бунга аниқлик киритамиз.

Корпус йиғилиши беками-кўст

Гаджетнинг ташқи кўриниш диққатни ўзига жалб қилади. Компания металл корпус ва кўркам дизайнли смартфонни уйғунлаштиришда ҳеч нимадан тежаб қолишга ҳаракат қилмаган: ҳаммаси талаб даражасида.

Орқа панел юқорисидаги симсиз алоқа сигналлари учун ўрнатилган пластик чизиқни ҳисобга олмаса, панел тўлиқ металлдан ишланган. Унинг юзаси кўзга ташланмас дағал сиртга эга бўлиб, бу унинг кафтга мустаҳкам ўрнашишини таъминлайди. Шунингдек, орқа панел бармоқ излари сканеридан холи, яъни у ердан ўрин эгалламаган.

Экран остидаги овал шаклидаги тугма – «Бош меню» (Home) кнопкаси бўлиб, унда бармоқ излари сканери ҳам ўрнатилган. Айтиш керакки, гарчи секин ишламаса ҳам, бу энг тезкор сканер эмас. Баъзида тизимга кириш учун 2-3 марта ҳам бармоқни босишга тўғри келади.

Корпуснинг чап биқинида 3 функцияли режимларни бошқариш тугмаси мавжуд. Унинг ёрдамида овозсиз режимни ёқиш, смс-хабар ёки бошқа оголантиришларни овозли, овозсиз режимга ўтказиш мумкин.

Смартфонда SIM-карта бўлмачаси қўш, яъни 2 та. Бу бугунги кун фойдаланувчиларини бош талаби, албатта. Аммо, microSD қўшимча хотира бўлмачасининг ўрнатилмагани хитойлик ишлаб чиқарувчининг зиқналигини намоён қилган.

OnePlus 3 дизайн жиҳатдан бошқа гаджетлардан ажралиб туради, десак у қадар ҳам тўғри бўлмайди. Унинг ташқи қиёфаси  кимгадир HTC’нинг сўнгги 2 йилдаги “ақлли телефон”ларига хос истарани эслатиб юборса, ажаб эмас. Аммо, OnePlus 3 корпуси ихчам ва олд панелда 2,5D туридаги замонавий шиша қоплами мавжуд.

OnePlus 3 смартфонининг 7.35 қалинликдаги корпуси тўлиқ алюминий хомашёсидан тайёрланган бўлиб, 158 грамм вазнга эга. Унинг бир оз қайрилма орқа панели ўз ичида қатор илғор технологияларни жам қилган.

Жаҳоннинг энг тезкор смартфони

OnePlus 3 – жаҳондаги энг сермаҳсул смартфон сифатида таҳлилий тест ва бенчмарк синовларида ҳатто Samsung Galaxy S7 edge’ни ҳам “чангида” қолдирган.

Мобиль технологиялар салоҳиятини баҳоловчи  AnTuTu 6 бенчмаркида қайта ва қайта ўтказилган синовларнинг барчасида смартфон жуда юқори – 142,000 очко тўплаган.

OnePlus 3 ички платформаси 2016 йилнинг флагманлари стандартига хос равишда  Qualcomm Snapdragon 820 процессори назоратида бўлади. Тезкорликнинг сабаби нима? Гап шундаки, бу процессорнинг тезкор хотираси стандарт даражасида 3 ГБ ёки 4 ГБ эмас, у бутун бошли 6 «гига» тезкор хотира билан таъмин этилган!

Демак, бу смартфонда энг сўнгги талабларга жавоб берадиган, график-тасвир максималь фойдаланилган мобиль ўйинларни ўйнаш мумкин бўлади.

Мисол учун, Modern Strike каби замонавий мобиль ўйинларни ҳам узлуксиз, узоқ вақт ўйнаш ҳам гаджет учун оғирлик туғдирмайди, процессорнинг самарадорлиги тушиб кетмайди. Яъни, процессор ядролари фаолияти устида хитойликлар эринмай изланишгани кўриниб турибди.

Шунингдек, смартфондаги 64 ГБ доимий ички хотира ҳам тезкорликка ҳиссасини қўшади. Шу сабадан дастурларни ўрнатиш ва ишга тушириш бошқа флагман смартфонларга нисбатан тез амалга ошади.

OnePlus 3 – жаҳондаги энг кучли смартфон сифатида 6 ГБ тезкор хотирага эга илк мобиль телефон эмас. Бу ерда 6 ГБ, уни оммалаштириш учун тўқилган маркетинг ёндашув. Vivo Xplay 5 Elite, LeEco Max 2 ва ZUK Z2 Pro каби телефонлар ҳам 6 ГБ оператив хотирага эга.

Улар ҳам AnTuTu’да шунинг эвазига юқори балл тўплашади. Аммо, амалда эса уларнинг барчаси 4 гигабайтли тезкор хотирага флагманлар билан бир хил натижа кўрсатишади.

Ҳайратга муносиб дисплей

OnePlus Three “байроқдори”нинг экран диагонали 5,5 дюймли, яъни жуда йирик ҳам, кичик ҳам эмас. Аниқ-тиниқ ранг-тасвир мухлислари учун англар бир оз нотабиий кўриниши мумкин.

Созламалар орқали профилни созлашнинг имкони бўлмаса ҳам, дисплейдаги оқ тус балансини, яъни умумий уйғунликни тўқ ёки нимранг кўринишга келтириш мумкин.

Ранг-тасвирнинг сифатли узтилишида AMOLED-матрицанинг хизмат юқори.Бошқа томондан эса, у IPS-панел экранга қараганда камроқ қувват ейди. Шу билан бирга, тасвирнинг чекка жойларини ҳам кенг ва рангдор, қарама-қарши рангларни аниқ-тиниқ кўрсатади. Ҳа, ёзнинг қуёшли кунида ҳам  OnePlus Three дисплейида қулай ишлаш мумкин.

Тўғри, экран сиғими Quad HD эмас, хитойликлар Full HD билан кифояланганлар. Ва, тўғри ҳам қилганлар. 5,5 дюймли экранниг ҳар дюймида 400 пикселнинг бўлиши тасвирнинг сифатли намойиш этилишига хизмат қилади. Суратнинг кичик деталлари ҳам кўзга яққол ташланади.

OnePlus 3 экрани юзасидан биргина эътироз — баъзи рангларнинг сунъийдек акс этиши.

Операцион тизим

Смартфондан фойдаланаётганда унинг эгаси қўлида гўё iPhone қурилмасини тутгандек бўлади. Бунинг сабаби эса қатор созламаларга бой Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг мослаштирилган  Oxygen OS талқинидир. Интерфейснинг ташқи кўриниш ўзгармаган бўлса ҳам, унда бир қатор муҳим функциялар ўрнатилган.

Камера имкониятлари

OnePlus камера сифатини тубдан ўзгартириб, бу жиҳатдан ортиқа гап-сўзга ўрин қолдирмаган. OnePlus 3’да Sony’нинг f/2.0 диафрагмали ёруғлик туйнугига эга PDAF сенсоридан фойдаланилган.

OnePlus 3 энг зўр флагманлар даражасида сурат олишга қодир. Унинг 16 мегапикселли бош камераси кундузги шароитда 2016 йилнинг энг яхши Android-смартфонлари билан бир хил суратга олади.

Айниқса, камеранинг ишлаши, доимий ички хотиранинг кенглиги сабаб суратларнинг сақлаб қолиниши тезкор. Бунда самарали процессор ва тезкор хотиранинг хизмати эвазига HDR-фотосуратлар тезкор равишда қайта ишланади.

Бош камера OnePlus 2 каби 4K Ultra HD сиғимли видео суратга олади. Унда камера силкиниб ёки титраб кетганида, ҳаракат чоғида хира, сояли суратлар олдини олинишини бартараф қилувчи суратни оптик барқарорлаштириш функцияси ўрнатилган.

Шунингдек, Electronic Image Stabilisation (электрон сурат барқарорлаштиргичи) уй шароитидаги видеоларнинг аниқ-тиниқлигини таъминлайди.

Камера иловаси RAW форматидаги суратларни ҳам ўқий олади. Унда секинлаштирилган ҳолатда сониясига 120 кадрдан иборат 720p сиғимли видео ҳам ёзиш мумкин.

Камеранинг олдида f/2.0 диафрагмали ёруғлик туйнугига эга 8 МП камера ўрнатилган. Унда  1080p сиғимли видео ёзиш мумкин.

OnePlus 3 гаджетида олинган синов фотосуратлар жамланмаси:

Кўриб турганингиздек, суратлар далил ва деталларга бой. Тўғри, динамки диапазон қамрови ва фокуслаш тезкорлиги жиҳатидан OnePlus 3 телефони рақиблари бўлмиш Samsung Galaxy S7, Huawei P9 Plus каби флагманларга ютқазиб қўяди. Аммо, бу яқин ўртада смартфон бозорига бу нархдаги ҳамда тунги, кундузги шароитда ҳам яхши сурат оладиган гаджет кирмаган эди.

Смартфонда рангларга бой манзарани йирик планда олишдан қўрқмаса ҳам бўлади. Huawei P9 каби бўлмаса ҳам, сифатли суратлар олади. 4К-видео ёзиш ҳам, уни намойиши ҳам узилишларсиз амалга ошади.

OnePlus 3 камерасида олинган 4К-видео намунаси:

 

Овоз узатиш тизими

Мулоқот динамикларининг ишлаши юқори сифат даражасида. Аммо мулоқот ва съёмка жараёнида унинг микрофони шамолнинг шовқинига жуда таъсирсан. Микрофон ташқи шовқин таъсирини пасайтириш функцисига муҳтож. Лекин уй ичида ёзилган овозли видео ёки хабарларда бу камчилик чезилмайди.

Умуман олганда эса товуш ва овоз узатиш имконияти қувонарли даражада. Агар сиз ташқи динамик орқали мусиқа тингламоқчи бўлсангиз, OnePlus 3 ҳафсалангизни пир қилмайди: овоз етарлича баланд ва хирилламайди, зирилламайди. Аудио қулоқчинларнинг ишлаши ҳам яхши.

Коммуникация имкониятлари

OnePlus 3 гаджети GPS сунъий йўлдоши билан алоқа қилишда адашмайди. Wi-Fi орқали маълумот узатиш ҳам сифат доирасида.

OnePlus 3 LTE алоқа тармоғининг турли диапазонлари учун мўлжалланган. Унинг A3003 индексли талқини LTE Band 20 тармоғига мўлжалланган.

Хитойча модификация бўлган A3000 талқини мобиль интернетдан фойдаланишда камчиликларга эга бўлиши мумкин. Бироқ  Америка бозорига мўлжалланган A3005 модификацияси эса бирмунча илғор ва Band 20 ёки Band 38 алоқа тармоқларини қўллаб-қувватламайди.

Яна бир муҳим хусусияти – унда NFC (near field communication), яъни яқин масофада симсиз алоқа ўрнатиш технологияси мавжуд.

Бир соатда тўла қувватланиш имконияти

OnePlus Three аккумуляторининг электр токи сиғими 3000 мА соат. У 30 дақиқада аккумуляторини 63 фоизга тўлдира олади. Тўғри, баъзи флагманлар билан солиштирганда кам кўриниш мумкин, бироқ энерго-тежамкор AMOLED-дисплейли гаджет учун бу етарли.

LTE тармоғида интернетдан фаол фойдаланиш, мессенжерларда доимий алоқа ва интернетда мунтазам видео кўрганда қувват унга 4 соатдан ошиққа етади.

Агар смартфонда Subway Surfers ўйинини ўйнамоқчи бўлсангиз, тўлиқ қувват унга 6 соатга етади. Full HD видеони эса бу телефонда 7 соат узлуксиз кўриш мумкин.

Компаниянинг Dash номли тезкор қувватлаш тизими муваффақиятли функция бўлган. Унинг ёрдамида  OnePlus Three бир соат ичида тўлиқ қувват олади. Бунинг учун смартфонга одатдагидай фақатгина қувватлаш адаптери эмас, махсус шнур ҳам керак бўлади.

 

Рақиблар

OnePlus 3’га муносиб рақибни халқаро эмас, Хитой смартфон бозоридан қидириш лозим. Буларнинг биринчиси – Xiaomi Mi5. Уларнинг процессори бир хил бўлгани билан, Mi5’нинг тезкор хотираси 2 баробар кичик. Бироқ бу Mi5’да Google Play’даги ўйинларни ўйнашга халақит қилмайди. Xiaomi Mi5 халқаро бозорда 320-545 АҚШ долларидан сотилмоқда.

  Модель OnePlus 3, 64 ГБ Meizu Pro 6, 32 ГБ Xiaomi Mi5 32GB
Процессор Qualcomm Snapdragon 820 MediaTek Helio X25 Qualcomm Snapdragon 820
Экран тури (технология) Optic AMOLED Super AMOLED IPS
Экран сиғими 1080×1920 пикс 1080×1920 пикс 1080×1920 пикс
Экран диагонали 5.5 “ 5.2 “ 5.15 “
Бош камера 16 Мпикс 21.16 Мпикс 16 Мпикс
Тезкор хотира 6 ГБ 4 ГБ 3 ГБ
Аккумулятор сиғими 3000 мА соат 2560 мА соат 3000 мА соат

Xiaomi Mi5 ҳақида батафсил:

Xiaomi Mi5: мукаммаллик ва ҳашам касб этган ҳамёнбоп флагман

Иккинчи рақиб – MediaTek Helio X25 процессори ва 4 ГБ тезкор хотирага эга, айфонсифат Meizu Pro 6. Нархи бир оз қиммат бўлса ҳам, овоз узатиш тизими яхши, AMOLED-экранга эга. Аммо, биргина камчилиги — аккумулятор сиғими у қадар катта эмас.

Хулоса

OnePlus 3 камчиликлардан холи эмас. Дисплейнинг ранг узатиши, microSD хотира бўлмачасининг йўқлиги, шамол ва шовқинга таъсирсан микрофон каби носозликлар ўрнини қатор қулай инновациялар ёпиб кетади.

Халқаро бозорда 400 АҚШ долларидан сотилаётган “ақлли телефон” ҳали юртимиз смартфон бозорида оммалашгани йўқ. Кенг имконият ва арзон нархдаги смартфон Хитой компанияларига хос сиёсат: фойдаланувчининг ишончи ва эътиборини қозониш учун энг маъқул усул.

Аммо, смартфон танлаш учун дўкон айланиб, унга кўзингиз тушса, бир бор синаб кўришни унутманг.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг OnePlus смартфон ишлаб чиқарувчисига 2013 йил декабрь ойида, яна бир муваффақиятли смартфон ишлаб чиқарувчиси — Oppo’нинг собиқ президенти томонидан асос солинган. 2014 йил илк смартфон —  OnePlus One,  кейин  OnePlus 2, ва жорий йилда  OnePlus 3 намойиш этилди.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.oneplus.net $399 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!