OnePlus 5: “айфон кушандаси”, энг юпқа смартфон тақдим қилинди

OnePlus 5: “айфон кушандаси”, энг юпқа смартфон тақдим қилинди

Хитойлик OnePlus компанияси 20 июнь куни навбатдаги флагманини расман жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди. 5,5 дюймли OnePlus 5 номли гаджет Android 7.1.1 Nougat платформасининг ўзлаштирилган Oxygen OS интерфейсида фаолият кўрсатади. Компания маълум қилишича, гарчи девайс қўш объективли камерага эга бўлган бўлса ҳам, у жаҳондаги энг юпқа корпусли смартфондир.

153 грамм тош босадиган аппарат корпуси чиндан ҳам ўта юпқа — бор-йўғи 7,25 мм (энига — 74,7 мм, бўйига — 152,7 мм). Samsung Galaxy S8 корпусининг қалинлиги 8 мм. Apple iPhone 7 Plus корпуси эса 7.3 мм. Бироқ, хитойлик янги флагман корпуси сув ва чангдан ҳимояланмаган. Флагманнинг алюминий корпуси электролиз усулида оксид пардаси билан қопланган ва аввалги моделларга қараганда ихчам.

OnePlus 5 имконияти жиҳатдан бугунги энг кучли мобил алоқа воситалари қаторида туради. 5.5 дюймли FHD (1080 × 1920 пикселли) экран 2.5D эффектига эга Gorilla Glass 5 қайрилма ҳимоя шишаси билан қопланган. Экран Optic AMOLED технологиясида ишлайди. Яна бир янгилик — дисплей энди DCI-P3 рангли қамровга эга, яъни рақамли кинотеатрларга хос технология ранг-тасвирни янада ёрқин намойиш этади. Дарвоқе, худди шу технология iPhone 7 ва iPhone 7 Plus’да ҳам татбиқ қилинган.

Гаджет 64 битли ва 8 ядроли, 2.45 Ггц частота тезлигида ишлайдиган, 1 кристалли илғор Snapdragon 835 процессори билан таъминланган. Смартфоннинг график-тасвирларини қайта ишлаш Adreno 540 видеокартаси зиммасига тушади. Ишлаб чиқарувчининг айтишича, OnePlus 5 Android смартфонлар орасида энг тезкор ишлайдиган гаджет.

Аппарат бир текис ишлаши учун ишлаб чиқарувчи унда App Priority функциясини жорий қилган. Бу функция энг кўп фойдаланиладиган иловаларни эслаб қолади ва уларни имкон қадар тезкор кешлайди. Шунингдек, кам фойдаланиладиган иловаларга кетадиган қувватни мувофиқлаштиради. Мутолаа режимида экран E-Ink, яъни оқ-қора режимга ўтади.

OnePlus 5 смартфони 6/8 гигабайтли тезкор (LPDDR4X) ва 64/128 гигабайтгача сиғимли UFS 2.1 стандартидаги хотираларга эга. Унинг 3,300 мА соат электрни жамлайдиган (3T моделидан 100 мА·соат камроқ). аккумулятори Dash Charge тезкор қувватлаш технологиясига эга.

OnePlus 5 алоқа воситсига хос энг илғор жиҳатлардан бири — айни пайтда энг яхши камерафон технологиясига эгалиги. У Apple’нинг iPhone 7 Plus флагманига танланган суратга олиш технологияси билан жиҳозланган. Гаджетнинг бош камера модулларидан бири Sony IMX398 сенсори бўлиб, у 16 мегапикселли ва оптик линзасининг ҳажми — f/1.7.

Шунингдек, қўш сенсорларнинг иккинчисига Sony IMX 398 модули ўрнатилган. У телефото линзаси бўлиб, f/2.6 стандартидаги апертурага эга ҳамда 20 мегапикселли суратлар олади. Бу линза манзарани 2 карралик яқинлаштириш функциясига эга. Қўш камераларда кенг бурчакли суратлар олиш режими, автофокус ҳамда барқарорлаштириш функциялари мавжуд. Бош камерада орқа фонни хиралаштириб суратга олиш мумкин.

OnePlus 5’нинг олд камераси учун 16 МП ва f/2.0 апертурали, барқарорлаштириш функциясига эга селфи-камераси танланган.

OnePlus 5 девайсида гироскоп, акселерометр, компас, оралиқ-масофа датчиклари ҳамда олд панелидаги бош тугмада бармоқ излари сканери мавжуд. OnePlus 5 алоқанинг LTE, Wi-Fi 802.11ac, A2DP Bluetooth LE 5.0, NFC, GPS, ГЛОНАСС ва BeiDou тармоқларида фаолият кўрсатади. Унга USB Type-C 1.0 порти ўрнатилган. Ишлаб чиқарувчи корпусда 3,5 мм.ли аудио-туйнукни сақлаб қолган.

Гаджетнинг яна бир ўзига хослиги — аккумуляторни тезкор қувват олишидир. Dash Charge (5 В, 4 А) технологиясида смартфон Google Pixel XL ёки Samsung Galaxy S8 каби рақибларидан 2 баробар тезкор қувват олади. Эслатиб ўтамиз, Galaxy S8 батареяси экрани ёқиғ ҳолатда 3 соат, ўчиқ ҳолатда 97 минутда тўлиқ қувват олади.

Гаджет кулранг ва қора рангли корпусда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирча АҚШда OnePlus 5’нинг энг арзон талқинига $480, юқори талқинига $539 доллардан олдиндан буюртма бериш мумкин. Янги смартфон 27 июндан бозорга чиқарилади. Смартфон тақдим қилингунига қадар 300 мингдан зиёд киши уни харид қилиш учун рўйхатдан ўтган.

Таққослаш учун айтамиз, iPhone 7 Plus жаҳон бозорида сезиларли даражада қиммат — $769 (32 ГБ) ва $869 (128 ГБ) доллар. Яъни, хитойлик янги смартфон iPhone 7 Plus каби: дизайн, камера имкониятлари, сифатли дисплей. Гўёки Andoid Nougat’да ишлайдиган айфон 🙂 Шу билан бирга, анча арзон. Бу эса — iPhone 7 Plus’нинг савдосига таъсир қилмай қолмайди. Тўғри, iOS имкониятлари айфоннинг кучли жиҳати. Аммо, OnePlus бу гал шунчаки смартфонларга эмас, айнан айфонга қарши “кушанда” тайёрлаганининг ўзи ҳайратланарли.