OnePlus 5, Mi6, iPhone 7+, Galaxy S8: флагманларга хос 6 жиҳатни таққослаймиз

OnePlus 5, Mi6, iPhone 7+, Galaxy S8: флагманларга хос 6 жиҳатни таққослаймиз

OnePlus 5 хитойлик стартап лойиҳасининг навбатдаги флагмани. Ишлаб чиқарувчининг OnePlus One смартфонидан тортиб, барча смартфонлари флагман, яъни пешқадам ҳамда уларнинг ҳар бири “ҳит” даражада сотилган.

OnePlus 5 жиҳатлари қаторида уни пешқадамликка олиб чиқувчи Qualcomm Snapdragon 835 процессори, 8 гигабайтли тезкор хотирасини айтиш мумкин. OnePlus 5 бошқа ўзига хосликлари билан ҳам бугунги смартфонлар билан рақобатга кириша олади. Жумладан қуйида биз OnePlus 5, Xiaomi Mi 6, iPhone 7 Plus, ва Samsung Galaxy S8 мобил алоқа воситаларини таққослаб кўришга аҳд қилдик.

OnePlus 5 флагмани 2017 йилнинг 27 июнида, Xiaomi Mi 6 эса шу йилнинг июнида, Samsung Galaxy S8’нинг апрелида тақдим қилинган бўлса, iPhone 7 Plus 2016 йилнинг сентябрида намойиш қилинган эди.

Дизайн

OnePlus 5 тақдимотида ишлаб чиқарувчи смартфоннинг алюминий корпусига қанчалар ишлов берилгани хусусида виқор билан гапирди. Тан олиш керак, OnePlus 5 кўринишидан iPhone 7 Plus’ни эслатади ва дизайн борасида iPhone 7 Plus билан беллаша олади. OnePlus 5 фақатгина чанг таъсиридан ҳимояланган.

iPhone 7 Plus эса сув ва чангдан қўрқмайди. Америкалик гаджет корпуси анъанавий аудио-туйнукдан маҳрум бўлган.

Samsung Galaxy S8 дизайнида шиша муҳим омил ва дизайн ечимида дисплей муҳим ўрин эгаллаган. Смартфон саноатида томонлар нисбати 16:9 бўлган дизайндан воз кечган кореялик, ноодатий 18.5:9 стандартидаги дисплейни ишлаб чиқарди. Смартфон корпуси чанг ва сувни ичкарига киритмайди.

Xiaomi Mi 6 шакли ва ўлчамига кўра, Mi 5 смартфонини эслатади. Xiaomi флагманининг 4 томони шишали қайрилма бурчакларга ҳамда пўлат ромга эгалиги билан қимматбаҳо смартфонларни эслатади. Бу гаджет корпуси 40 босқичли жараёнда тайёрланган. Xiaomi Mi 6 корпуси чанг ва сув таъсиридан ҳимояланган. Аҳамиятли жиҳати – компания Apple сингари 3.5 мм.ли аудио-туйнукдан воз кечган.

Дисплей

OnePlus 5 смартфони 5.5 дюймли full-HD (1080×1920 пиксел), Optic AMOLED матрицали, 2.5D Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган дисплейга эга. Бу дисплей sRGB ва DCI-P3 ранг-тасвир стандартларини қўллаб-қувватлайди.

Samsung Galaxy S8’нинг йирик – 5.8 дюймли, ромсиз экранининг сиғими ҳам юқори: WQHD+ (2960×1440 пикселли). iPhone 7 Plus эса 5.5 дюймли full-HD (1080×1920 пикселли) Retina дисплейи билан таъминланган. Унинг муҳим ўзига хослиги 3D Touch, Night Shift, Display Zoom каби технологияларни қўллаб-қувватлайди. Доғ-дуғга қарши қоплама билан таъминланган дисплей рангдорлиги билан ажралиб туради.

Xiaomi Mi 6 смартфонида ҳам илғор экран ва дисплей технологиясидан фойдаланилган. Mi 6 флагмани 5.15 дюймли full-HD (1080×1920 пикселли) дисплейга эга. Унинг ёрқинлик даражаси 600 nit.

Платформа ва самарадорлик

OnePlus 5 смартфони Android 7.1.1 Nougat’нинг ўзлаштирилган OxygenOS интерфейси бошқарувида ишлайди. Унга частота тезлиги 2.4 Ггц бўлган Qualcomm Snapdragon 835 процессори ўрнатилган. Смартфоннинг 6/64 ёки 8/128 ГБ талқинлари мавжуд. Телефон алоқанинг 4G LTE (VoLTE), 2 диапазонли Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, Bluetooth v5.0, NFC, GPS/ A-GPS тармоқларини қўллаб-қувватлайди ва USB Type-C (v2.0) порти орқали тезкор қувват олади. Флагман 153 грамм тош босади, ўлчами: 154.2×74.1×7.25 мм.

Mi 6 ҳам 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 835 процессорига, Adreno 540 видео картасига эга. Гаджет  2.45 Ггц частота тезлигида ишлайди Девайс учун 6 гигабайтли тезкор хотира ўрнатилган. Mi 6 USB Type-C порти орқали тезкор қувват олади.

iPhone 7 Plus эса Apple’нинг 4 ядроли A10 Fusion процессорида ишлайди. Унинг частота тезлиги 2.34 Ггц. Флагман 3 гигабайтли доимий хотира билан таъминланган. Lightning порти қувватлашда, маълумот алмашишда қўл келади. Гаджетда Apple Pay тўловлари учун NFC чипи ҳам ўрнатилган.

Samsung Galaxy S8 эса Exynos 9985 чипига эга. У имкониятларига кўра, Qualcomm Snapdragon 835 билан бир хил. Смартфонда 4 гигабайтли тезкор ва 64 Гб доимий хотира мавжуд. Galaxy S8 Android 7.0’нинг ўзлаштирилган UX интерфейсида ишлайди. Унда USB Type-C порти мавжуд. Samsung Galaxy S8’нинг Snapdragon 835 процессорига эга талқини АҚШда сотилмоқда.

Antutu бенчмаркининг маълум қилишича, 2017 йилнинг май ҳолатида Хитойдаги энг тезкор ишлайдиган смартфонлар ўнталигида Xiaomi Mi 6 самарали ишлашда iPhone 7’дан ўзиб кетиб, 2-ўринни эгаллаган. 1-ўринда ҳануз iPhone 7 Plus флагмани турибди. Samsung Galaxy S8’га бу рейтингда 5-ўрин насиб қилган.

Камера

OnePlus 5, iPhone 7 Plus ҳамда Xiaomi Mi 6 флагманлари қўш объективли бош камерага эга. Бу бош камераларнинг тузилиши ва функцияси бир хил: қўш камералардан бири кенг бурчакли сурат олса, бошқаси фокусни ўрнатадиган телеобъектив вазифасини бажаради. Уларнинг пиксел сиғимлари турлича. Шунингдек, бу смартфонлар “Портрет” жанрида ҳам ижод қилишади.

OnePlus 5 бош камерасининг битта сенсори 16 мегапикселли (Sony IMX398, 1.12 микрон пиксел, ёруғлик линзаси f/1.7) бўлса, 2-сенсор 20 мегапикселли. Унинг олд камераси учун 16 МП сенсор танланган.

Xiaomi Mi 6 эса ҳар бири 12 мегапиксел бўлган 2 та сенсорли бош камераси (1.25μm микрон) билан мақтана олади. Бу бош камера iPhone 7 Plus каби, у ҳам 2 карралик сифатни йўқотмай туриб яқинлаштириш функциясига эга. Mi 6 камераси фазали автофокус, 4 ўқли оптик барқарорлаштириш технологияси, сурат фонини хиралаштириш функцияларига эга. Смартфоннинг селфи-камера сиғими 8 МП.

iPhone 7 Plus смартфонининг бош камераси 2 та 12 МП сиғимли сенсорлардан иборат. Улардан бири — 28 мм, линзаси f/1.8, бошқасининг камера ҳажми 56 мм, оптик линза тури f/2.8 га тенг. Яъни, катта ҳажмли линза ёруғликни яхшироқ ўтказади ва манзарани  деталларга бой равишда суратга олишда имкон яратади.

iPhone 7 Plus учун 7 мегапикселли олд камера датчиги танланган. Бу камерада ҳам панорама жанрида сурат олиш мумкин.

Samsung Galaxy S8 эса “бир кўзли” ва бу 12 мегапикселли (1.4µm микронг) камера  ‘Dual Pixel’, яъни қўш пикселли технологияга эга. У суратни оптик барқарорлаштиради. Флагман учун 8 МП селфи-камера танланган.

Тўғри, яхши сурат учун пиксел ва функцияларнинг ўзи кифоя эмас. Камера иловасининг суратни қайта ишлаш алгоритми ҳам муносиб ўрин эгаллайди.

Аккумулятор

OnePlus 5 сиғими 3300 мА соат бўлган, Dash charge тезкор қувватлаш технологиясига эга “қувват тоши” билан таъминланга бўлса, Xiaomi Mi 6 флагмани 3350 мА соат сиғим токни жамлайдиган батареяга эга бўлган ва унга Qualcomm Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси жорий қилинган.

Янги iPhone аввалгиларига қараганда кучли аккумуляторга эга бўлди. Унинг электр сиғими 2900 мА соат, яъни iPhone 6s Plus (2750 мАс)’дан 5 %га кўп. iPhone 6s Plus билан солиштирганда, у бир соатга кўп ва iPhone 6s’дан 2 соат кўпроқ ишлайди. Афсуски, бу гал ҳам айфонда тезкор қувватлаш тизими ўрнатилмаган.

Galaxy S8’нинг аккумулятор сиғими 3000 мА соат.  Galaxy S8 экранини Full HD+ режимига тўғирлаб қўйсайиз, ундан ўртача 1,5 кун, жумладан 6 соат фаол фойдаланиш мумкин. Смартфонни USB Type-C порти орқали ёки симсиз тезкор қувватлаш  мумкин.

Нарх-наво

OnePlus 5 халқаро смартфон бозорига $479 доллардан бошлаб сотувга чиқарилади. Бу пулга унинг 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага эга талқинини харид қилиш мумкин. Смартфоннинг 8 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий хотира талқини $539 долларга баҳоланган.

Samsung Galaxy S8’нинг энг арзон талқини, яъни 4/64 гигабайтли модели жаҳон смартфон бозорида ўртача 800 АҚШ доллардан сотилмоқда.

iPhone 7 Plus флагманига 3 ГБ тезкор хотира ўрнатилган. Унинг 32/128/256 ГБ доимий хотира талқинлари мавжуд. Унинг энг арзони халқаро смартфон бозорида 900 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Xiaomi Mi 6 флагманининг 6/64 ГБ хотирали варианти учун ишлаб чиқарувчи 364, 128 гигабайтли доимий хотирага эга талқини учун 420 АҚШ доллари сўрамоқда.

Хулоса 

Юқоридаги смартфон моделлари бугунги технология саноатининг пешқадам гаджетлари. Apple ва Samsung пешқадам сифатида сифатли ва қиммат “ақлли телефон”ларни тақдим қилаётган бўлсалар, хитойлик ишлаб чиқарувчилар уларнинг технологияларини ўзлаштириб, улар билан рақобат қила оладиган, шунингдек, 2 баробаргача арзон смартфонлар билан бозордаги рақобатни ва смартфон саноатидаги ривожланишни кучайтирмоқдалар. Ким учундир бренд, бу — бренд ва унинг учун қиммат нарх тўлаш табиий. Ким учундир эса, янги ва арзон брендларга ишонч билдириш — ҳам чўнтак учун, ҳам ҳам бренд ривожи учун аҳамиятли.