OnePlus 5T: кучли Android-флагман икки баробар арзон!

OnePlus 5T: кучли Android-флагман икки баробар арзон!

OnePlus 5 — жиҳатларини нархига таққослайдиган бўлсак, кўнгилдагидек смартфон. Бугунги муҳим тренд — рамкадан холи экран жорий қилинмаганини ҳисобга олмасак, "қаҳрамонимиз" бугунги флагманлар билан ҳар жиҳатдан беллаша олади. Шу билан бирга, iPhone X билан рақобатга қилишга киришган "хитойликда" Face ID технологияси ҳам жорий қилинган.

Рақиблардан қолишмаслик учун OnePlus компанияси 2017 йилнинг ноябрдиа такомиллашган модел — OnePlus 5T'ни тақдим қилди. Смартфон йириклашган экрани, юпқа ромлари, илғорлашган камералари, ҳамда OnePlus 5'ники каби нархи билан диққатга сазовор. Қуйида айни пайтда юртимизда ҳам яхши сотилаётган бу телефон билан яқиндан танишамиз.

 

Жиҳатлари
Дисплей:
6 дюймли, 2.5D эффектидаги Corning Gorilla Glass 5 шишаси билан қопланган;
Процессор:
Snapdragon 835 — 8 ядро, 2,45 ГГц частотали;
Бош камера:
қўш -- 20 Мп + 16 Мп, диафрагма F1,7;
Олд камера:
16 Мп;
Хотира:
6 ГБ / 8 ГБ тезкор, 64 ГБ / 128 ГБ доимий;
Аккумулятор:
3300 мА/ соат;
ОТ:
Android 7.1.1 Nougat'нинг Oxygen OS талқини;
Ўлчами, вазни:
156,1x75x7,25 мм, 162 грамм.

Дисплей катталашиб, дизайн - классик услубда қолган

OnePlus 5T'нинг «аждоди»дан фарқи унинг дисплейи бўлди. Экран диагонали 5,5 дан 6 дюймга катталашди. Бу дисплей янги стандарт асосида ишлаб чиқарилган: томонлар нисбати 18:9 ва жуда юпқа ромлар билан ўраб олинган.

Олд панелнинг 80,5% қисми экрандан иборат. Экран матрицаси Optic AMOLED технологияси асосида тайёрланган бўлиб, унинг пикселлар сиғими — Full HD+, яъни 2160x1080 белгига тенг. Дисплей диагонали туркумга хос анъанавийлик -- 5,5 дюймдан 6.1 дюймга катталашган. Бироқ, юпқа ромлар эвазига смартфон корпусининг ҳажми деярли ўзгаришсиз қолган.

Экран ёнларидаги ромнинг юпқалашгани боис, бармоқ излари сканери орқа панелга кўчирилган. Сенсор клавишлар ҳам тубдан ўзгариб, энди экранда дастурий тугмаларга айлантирилган.

Бармоқ излари сканерининг орқа панелда жойлашуви ноқулайлик туғдиришини инобатга олиб, OnePlus 5T'да гаджетни юз-қиёфа орқали блокировкадан чиқариш технологияси жорий қилинган.

У 90 фоиз ҳолатда аниқ ишлайди. Олд панелда бунинг алоҳида камера мавжуд эмас. Олд камеранинг ўзи қиёфани текширувдан ўтказишга мўлжалланган.

Металл корпус стал бўйига ва энига катталашгани ҳисобига аввалги моделга нисбатан янги моделнинг гавдаси йирик.

Алюминий корупсга ўрнашган дисплейнинг янгилангани ва бармоқ сканерининг орқага кўчгани ҳисобга олинмаса, смартфон дизайни сақлаб қолинган. OnePlus'нинг бу йилдаги иккинчи смартфони орқа панелдан жилосиз-қора корпусдаги iPhone 7 Plus'ни эслатиб юборса ҳайрон қолманг. Уларнинг қўш камераси ҳам, логотип жойлашуви ҳамда антенна улоқлари ҳам бир хил. Бироқ, 3,5 мм.ли қадрдон аудио қулоқчин туйнуги сақлаб қолинган.

Компания қадоқда силикон чехолни совға қилган.

 

«Юзингиз - энди махфий калит ...»

OnePlus компанияси смартфон тизимига киришда Face Unlock деб ном олган технологияни жорий қилмоқда. Бу Apple жорий қилган ҳамда инфра қизил нурли технология орқали юзнинг нуқта-белгиларига кўра ишлайдиган, қиёфанинг 3D-моделини ишлаб чиқарадиган илғор Face ID технологияси эмас. Face Unlock технологиясининг ишлаши учун олд камеранинг ўзи кифоя қилади.

OnePlus технологияси смартфондаги маълумотларни ҳимоя қилишда ёки смартфон тизимини ҳимоя қилишда фойдаланиш - мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби, смартфондаги бу технология юз билан унинг суратдаги аксини ажрата олмайди. Face Unlock смартфонни блокировкадан чиқариш учун керак. Бу технология фойдаланувчига қулайлик яратиш ва смартфон тизимини осон очиш учун татбиқ қилинган.

 

Камера янада илғор

OnePlus мазкур гаджетни қўш сенсорли камералар билан таъминлаш баробарида, модулларни такомиллаштирган. OnePlus 5 моделида оптик яқинлаштириш бўлган бўлса, OnePlus 5T моделида 20 мегапикселли камера ўрнатилган, шу билан бирга, унинг ёруғлик тақсимотига масъул мосламкаси ҳам илғорлашган - f1,7 стандартли.

OnePlus 5T камераси аниқлиги жиҳатидан аввалгилари билан бир хил, яъни 20 ва 16 Мп сиғимли (Sony IMX398 ва IMX376K), бироқ иккинчи камера объективига нисбатан илғор f/1,7 диафрагмаси ўрнатилган. Демак, смартфон ёруғлик кам шароитда ҳам яхши суратга олишни уддалайди. Шунингдек, олд камера пиксели ҳам ошган — 16 Мп.

Бош камерада ҳар бир манзарани тўрт маротаба олиб, сўнг уларни бирлаштириш технологияси жорий қилинган. Натижада, тунги шароитда ҳам яхши сурат олиш имкони ҳосил бўлади. Оптик яқинлаштириш ўрнига бу моделда нисбатан одмироқ рақамли яқинлаштириш технологияси жорий қилинган.

OnePlus 5 билан таққослаганда суратлар сифати бир оз яхши: тунги шароитда яхши суратга олади, динамик диапазон юқори.

Айниқса, OnePlus 5T портрет режимида яхши ижод қилади. Камера технологиясидаги алгоритмлар объект атрофидаги ҳудудни яхши ҳис қилади ва шунга кўра орқа фонни хиралаштиради.

Суратлар сифати бўйича OnePlus 5T модели Samsung Galaxy Note8 ва  Google Pixel 2 каби "устаси фаранглар" олдида хижолат тортса ҳам,  iPhone 7 Plus ёки Sony Xperia XZ1 моделлари билан куч синаша олади.

iPhone 8 Plus билан солиштирганда эса «хитойликнинг» деталларни акс эттиришда хато қилишини кузатиш мумкин.

Смартфон электрон барқарорлаштиргич ёрдамида 4K-сиғимли видеолар ёза олади.

Смартфонда оптик барқарорлаштириш функцияси бўлганида эди, тунги сурат ва тасвирлар янада сифатли муҳрланган бўлар эди.

Қуйидаги тасвирларнинг сифатига баҳо беринг:

Кучли платформа амалда ўзини оқлайди

Qualcomm Snapdragon 835 чипсети ўрнатилган OnePlus 5T сотувга икки талқинда чиқарилган: 6 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотирали талқин ёки 8/128 гигабайтли талқин. Бу ерда тезкор хотира шунчаки маркетинг учун. Аслида ҳар қандай смартфон учун 4 гигабайтли оператив хотира кифоя қилади.

Аксарият фойдаланувчилар учун ҳозирги вақтда 64 гигабайтли талқин айни муддао.

OnePlus 5T модели AnTuTu бенчмаркида 180621 балл тўплаган. OnePlus 5 эса 181064 балл билан анча пайт Андроид смартфонлар орасида яққол етакчи бўлиб юрган. Мисол учун, Samsung Galaxy Note 8 бу тестда 172576 балл тўплаган.

Айни пайтда бу бенчмаркда Qualcomm Snapdragon 835 чипсети ўрнатилган Xiaomi Mi 6 модели самарадорлик бўйича биринчи ўринда турибди. У 184292 балл тўплаган.

Умуман олганда, OnePlus 5T моделининг ишлаш самарадорлиги юқори. Фойдаланувчи ҳар қандай илова ҳамда ўйинлардан мазкур смартфонда фойдаланиши мумкин.

Экспертларнинг фикрича, смартфон корпусининг чангдан ҳимояланмагани унинг катта камчилиги бўлиши мумкин. Қолаверса, қадоқдан олганда у Android 7.1.1 Nougat'нинг Oxygen прошивкасида ишлайди. Яъни, тизим хитой ёки инглиз тилида бўлиши мумкин. Унга халқаро, мисол учун, рус тили прошивкасини ҳам юклаб олиш мумкин.  Бугун гаджетни Android 8.0 Oreo тизимига янгилаш ҳам бошланган.

Батарея икки кунга етади!

OnePlus 5T ҳайратда қолдиришда давом этади. У бир марта қувват олиб узоқ "яшайдиган" девас.  Тўлиқ қувват билан экранни максимал даражада ёритиб 12,5 соат видео кўриш мумкин.

OnePlus 5T смартфонида электр токи сиғими 3300 мА/ соат бўлган аккумулятор ўрнатилган. Бу қувват билан смартфондан 2 кун мобайнида фойдаланиш мумкин.

Аккумулятор Dash Charge технологиясини қўллаб-қувватлайди ва 30 дақиқада бир кунга етадиган қувватни тўплай олади, яъни қувватини 60 фоизга тўлдиради. Бир соатда эса қувватни 95 фоизга тўлдириш мумкин. Бунинг учун USB Type-C (USB 2.0) порти мавжуд.

Samsung Galaxy S8+ флагманлар орасида батарея, "куч-қувват" борасида етакчи бўлса ҳам, унда ток сиғими 3500 мА соат аккумулятор ўрнатилганини унутмаслик лозим.

Ҳайратланарли томони шундаки, $500 долларлик смартфон эга бўлган бу илғор технологияни ҳаттоки $1000 долларлик iPhone X ҳам орзу қилади.

Рақиблар

OnePlus 5T'нинг нархи OnePlus 5 билан деярли бир хил — 499 доллардан бошлаб (64 ГБ модели). Аниқроғи ўртадаги фарқ 20 доллар.

OnePlus 5T айни пайтда расмий дўконда ҳам $499 доллардан сотилмоқда. Ўзбекистонда унинг баҳоси ўртача 550 АҚШ доллари (6/64 Гб). Бу нархга у билан беллаша оладиган смартфонлар қаторига шиша корпусли илғор Xiaomi Mi6 моделини айтиш мумкин. Ёки имкониятлари юқори ҳисобланган Mi Mix (6/256 ГБ) ҳам харид қилиш мумкин. Айни пайтда бу моделни 4 650 000 сўмдан харид қилиш мумкин. Samsung Galaxy S8 эса бир оз қиммат - 5 276 000 сўм!

Samsung компанияси тақдим қилган қўш камерали ва Infinity Display, 6 гигабайтли тезкор хотирага эга Galaxy A8 + смартфони ҳам рақиб бўлиши мумкин. Бугун OnePlus 5T'нинг энг юқори талқини $560 доллардан сотилаётган бўлса, Galaxy A8 Plus эса $650 АҚШ долларга нархланган. Нархлар ғалати кўриниши мумкин. Боиси, OnePlus 5T энг кучли ҳисобланган Snapdragon 835 русумли "электрон юракча"га эга.

Ўқинг: Galaxy A8+ ёки OnePlus 5T: қай бирини олсам экан?

Terabayt.uz хулосаси

OnePlus компанияси сўнгги йилларда ишончли ва кучли смартфон ишлаб чиқармоқда. Бу бренд ҳар йили бор-йўғи 2 та моделни тадим қилади. Бу моделлар эътибор билан ишлаб чиқарилади. OnePlus 5T — ана шу меҳр-эътиборнинг меваси.

OnePlus 5T кучли смартфон. Корпуснинг чанг ва сувдан ҳимоя қилинмагани ҳисобга олинмаса, бу таниқли брендларнинг кучли девайслари билан беллаша олади. Гаджетда стереодинамиклар бўлмаса ҳам, кучли камералар бор.

Қолаверса, қувватнинг узоққа етиши, самарадорликнинг юқорили, нархнинг нисбатан арзонлиги, операцион тизимнинг қулайлиги ҳам харидорни хурсанд қилади. Ҳарқалай, кучли флагманни $150-$300 долларга арзон харид қилиш мумкин!

Хулоса

OnePlus 5T кучли смартфон. Корпуснинг чанг ва сувдан ҳимоя қилинмагани ҳисобга олинмаса, бу таниқли брендларнинг кучли девайслари билан беллаша олади. Гаджетда стереодинамиклар бўлмаса ҳам, кучли камералар бор.

8.4балл

OnePlus компанияси сўнгги йилларда ишончли ва кучли смартфон ишлаб чиқармоқда. Бу бренд ҳар йили бор-йўғи 2 та моделни тадим қилади. Бу моделлар эътибор билан ишлаб чиқарилади. OnePlus 5T — ана шу меҳр-эътиборнинг меваси.

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

"Малика" 550 АҚШ доллари Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • кучли платформа
  • сифатли AMOLED-матрица
  • юпқа ромлар
  • сифатли экран
  • бармоқ изи ва юз сканери
  • сифатли камера
  • кучли аккумулятор
  • тезкор қувват олиши
  • арзон нарх

 Камчилиги

  • iPhone 7 Plus дизайни
  • сувдан ҳимоя йўқ
  • оптик барқарорлаштириш йўқ
  • қўшимча хотира учун жой йўқ
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!