OnePlus 6: "флагманлар кушандаси" учун янги номзод

OnePlus 6:

OnePlus компанияси 2016 йилнинг ўрталарида OnePlus 3 флагманини, сўнг унинг такомиллашган OnePlus 3T талқинини намойиш қилиб, анча шуҳрат қозонган эди. Уларни мажозий маънода "флагманлар кушандаси" деб ҳам аташди. Жорий йилда эса OnePlus 5 тақдим қилинди, бироқ унинг такомиллашган версияси бўлмайди.

Qualcomm бу йил навбатдаги энг илғор платформасини ишлаб чиқармаслиги маълум бўлгач, компания 2018 йилда биратўла OnePlus 6 флагманини тақдим қилиши тўғрисида хабарлар тарқалиб кетди.

Ҳозиргача маълум рендер суратларга кўра, бу илғор "хитойлик" ўз истарасини "iPhone X"дан олган. Шу боис, уни баъзи инсайдерлар ҳазил тариқасида "OnePlus X" деб ҳам аташмоқда. Кўриб турганингиздек, олд панелнинг ҳам юқори, ҳам қуйи қисмида махсус "орол"ча очилган.

OnePlus 6 дисплейи ромдан холи ва 5.7 дюймли бўлади. Quad HD + сиғимли, томонлар нисбати 18:9 бўлган экрандаги пикселлар сиғими 2880 га 1440 та белгини ташкил қилади.

Аппаратда Snapdragon 845 чипининг ўрнатилиши кутилмоқда. Худди шу чипга Samsung Galaxy S9, LG G7 ва Xiaomi Mi 7 ҳам эга бўлишади. Бугунги тенденциядан келиб чиқсак, OnePlus 6 девайси 6 ёки 8 гигабайтли тезкор ва 64/128 гигабайтли доимий хотирага эга бўлади.

Металл корпусли смартфон сув ҳамда чангдан "қўрқмайди". Олд камера учун 16 Мп модул ўрнатилади. Шу билан бирга, олд панелда камера модули билан бирга, юз-қиёфани танийдиган сканернинг бўлиши ҳам кутилмоқда. Бош камера эса 2 та -- ҳар бири 19 Мп ва f/1.7 апертурали объективлардан иборат бўлади.

Смартфон Android 8.0 Oreo тизимида ишлайди ва сиғими 3700 мА соат бўлган аккумуляторга эга бўлади. OnePlus 6'нинг халқаро бозорда 750 АҚШ долларидан сотилиши кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!