OnePlus 8 ҳамда 8 Pro тақдим этилди: ўзаро жиддий фарқланувчи флагманлар!

  •   DiMaX
  •  3640
  •  15.04.2020 10:14

OnePlus 8 ҳамда 8 Pro тақдим этилди: ўзаро жиддий фарқланувчи флагманлар!

«Асло қотмас» шиорига мос смартфонлари билан танилган хитойлик компания ўзининг саккизинчи авлод моделларини намойиш қилди. Олдингиларидан фарқли равишда, бу гал OnePlus 8 ва OnePlus 8 Pro моделларининг техник хусусиятларида ўзгачаликлар ўта катта.

ЎҚИНГ: Хитойликлар нақ 13 йўналишда рекордчи флагманни расмий видеода кўрсатишди

Ҳар иккала моделда олд камера дисплейдаги туйнукка ўрнатилганини айтмаса, янги смартфонларнинг дизайни компаниянинг аввалги флагманларидан фарқ қилмайди. OnePlus 8 Pro моделини ишлаб чиқарувчининг идеал смартфони дейиш мумкин – у ниҳоят симсиз қувватлаш (ўзиям нақ 30 ваттлик!) технологиясига ҳамда IP68 стандартидаги ҳимояга эга. «Оддий» OnePlus 8 моделида эса буларнинг бирортаси йўқ.

OnePlus 8 Pro экранининг ўлчами диагоналига 6,78 дюймни ташкил этади, унда кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик. Дисплей тасвир аниқлиги 3168х1440 пикселлик, максимал ёрқинлиги 1300 кд/м2, яна HDR10+ режимини қўллаб-қувватлайди. Унинг «ини»си – OnePlus 8 эса оддийроқ дисплейга эга: диагоналига 6,55 дюймлик, аниқлиги 2400х1080 пикселлик, кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, максимал ёрқинлиги – 1100 кд/м2.

Камера борасида ҳам иккита флагман ўзаро катта фарқларга эга. OnePlus 8 Pro бош камераси тўртталик: асосий модул сифатида 48 мегапикселлик, оптик формати 1/1,4 дюйм бўлган Sony IMX689 танланган. Унинг ёнида яна битта 48 МПлик сенсор – кенг бурчакли объективга эга IMX586 датчиги мавжуд. Учинчи – телефотокамера эса уч карралик оптик ва нақ 30 карралик гибрид зум билан мақтана олади. Тўртинчи модулни ишлаб чиқарувчи «ранг фильтри камераси» деяпти.

OnePlus 8 моделида эса камера учталик: 48 мегапикселлик IMX568 сенсори, 16 мегапикселлик кенг бурчакли модул ва макрокамера. Ҳаттоки олдинги авлод OnePlus 7T флагманида ҳам мавжуд бўлган телефотомодул янги смартфонда йўқ!

Дарвоқе, OnePlus 8 моделида тасвирни оптик барқарорлаштириш функцияси бош камеранинг фақат асосий датчигида бўлса, Pro-версияда асосийдан ташқари телефотосенсорда ҳам қўлланган. Иккита флагманда ҳам олд камера бир хил – 16 мегапикселлик якка модул.

ЎҚИНГ: 192 мегапиксел камерали смартфон чиқмоқда

OnePlus бу гал Pro-версиядаги флагманида видео ва аудио имкониятларига катта эътибор қаратган. Унда аудиозум функцияли учта микрофон қўлланган. Кадр частотаси сониясига 24 кадрлик видеони у 120 к/с частоталига айлантириб бериш функциясига эга; бунинг учун смартфонга ҳатто алоҳида микропроцессор ҳам ўрнатилган.

Ҳар иккала модел Qualcomm компаниясининг энг илғор Snapdragon 865 процессори билан таъминланган. Иккала янги смартфон ҳам 8 гигабайтлик (LPDDR4X тоифали) ва 12 гигабайтлик (LPDDR5 тоифали) тезкор хотира чипларига эга вариантларда таклиф этилади. Доимий хотира эса ҳар иккаловида 128 ёки 256 гигабайтлик.

OnePlus 8 аккумуляторида ток сиғими 4300 мА/соатлик бўлса, «оға»сида бу кўрсаткич 4510 мА/соатга тенг. Лекин ҳар иккаласи симли усулда 30 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга. Иккитасига ҳам тегишли бошқа хусусиятлар: стереодинамиклар, янги Haptic Vibration 2.0 вибромоторчаси, Wi-Fi 6 ҳамда USB 3.1 порти.

Кичкина модел қора, яшил ва садаф рангли корпусларда таклиф этилади. Унинг ўлчамлари 160,2х72,9х8 миллиметрлик, вазни эса 180 граммга тенг. Pro-версия қора, кўк ва яшил рангдаги, 165,3х74,3х8,5 миллиметрлик ва 199 граммлик корпусга эга.

Нархи масаласига келсак, OnePlus 8 модели хотира конфигурациясига кўра тегишлича 700 ва 800 долларга баҳоланган. OnePlus 8 Pro учун эса хотирасига қараб 900 ва 1000 доллар тўлашга тўғри келади. Бу нархлар АҚШ бозори учун белгиланган, Хитойда улар арзонроқ бўлиши аниқ. Лекин барибир, бу нархлари билан уларни энди «флагманлар кушандаси» деб бўлмайди. OnePlus мазкур қурилмаларни 21 апрелдан савдога чиқаради.

ЎҚИНГ: Энг қиммат Huawei ҳамда Xiaomi флагманларининг камера жанги! («жонли» видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!