OnePlus энг арзон смартфони – iPhone SE 2020 кушандасини намойиш қилди!

  •   DiMaX
  •  1404
  •  22.07.2020 09:58

OnePlus энг арзон смартфони – iPhone SE 2020 кушандасини намойиш қилди!

«Асло қотмас» смартфонлар чиқариб келаётган OnePlus компаниясининг янги – OnePlus Nord модели суратлари ва видеосини эълон қилган эдик. Шунингдек, расмий тақдимотдан олдин у дўконларга ҳам чиққан.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлар ишлатилса ҳам нархини кўп йўқотмайди?

OnePlus, ниҳоят, узоқ кутилган (дастлаб OnePlus 8 Lite ёки OnePlus Z деб номланиши тахмин қилинган) шу ҳамёнбоп қурилмаси намойишини ўтказди. OnePlus Nord модели – компаниянинг кейинги йилларда тақдим этиб келаётган смартфонлари орасида нархи 500 долларга етмайдиган илк вакилдир. Унинг тақдимоти онлайн форматда, тўлдирилган борлиқ унсурлари қўшилган ҳолда ташкиллаштирилди.

OnePlus Nord экрани диагоналига 6,44 дюймлик бўлиб, AMOLED-матрица қўлланилган. Дисплей тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, унда кадр янгиланиш частотаси 90 герцга тенг. Экраннинг ўзига бармоқ изи сканери интеграция қилинган ва юзасига Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қудратли ўнта смартфон (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил июнь)

Экраннинг юқори чап бурчагида қўшалоқ селфи-камера учун тирқиш ўйилган – бунақа ечимни OnePlus аввал умуман қўлламаган эди. Олд камеранинг асосий модули 32 мегапикселлик Sony IMX616 датчиги бўлса, иккинчиси – 8 мегапикселлик, кенг бурчакли объективга эга сенсордир. Унинг кўриш бурчаги 105 нақ даражага тенг, шу боисдан OnePlus Nord эгасига гуруҳли селфи тушириш учун селфи-таёқнинг кераги ҳам бўлмайди.

Смартфоннинг бош камераси эса тикка жойлашган тўртта модулни ва фоточақноқни ўзида жамлаган. Булар – 48 МПлик Sony IMX586 датчиги ( f/1,75 диафрагмали, оптик барқарорлаштириш); 8 МПлик ўта кенг бурчакли камера (f/2,25, кўриш бурчаги 119 даража); 2 МПлик макрокамера (f/2,4) ҳамда 5 МПлик саҳна чуқурлиги датчигидир.

OnePlus Nord модели учун Snapdragon 765G процессори танланган; бу – янги смартфоннинг апрелда намойиш қилинган флагманлар – OnePlus 8 ҳамда OnePlus 8 Pro қурилмаларидан қолишадиган ягона жиҳатидир.

Компания уни 8 ва 12 гигабайтлик тезкор, 128 ҳамда 256 гигабайтлик ички хотирали конфигурацияларда таклиф этади.

ЎҚИНГ: ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: Android 11 Beta’ни ушбу смартфонларга ўрнатиш хавфли!

Қурилманинг автономлиги учун 4115 мА/соатлик аккумулятор масъул; 30 ваттлик Warp Charge тезкор қувватлаш технологияси билан уни атиги 30 дақиқада 70 фоизга тўлдириш мумкин. OnePlus Nord корпусида 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши кўзда тутилмаган. Унда расман намдан ҳимоя бўлмаса-да, компаниянинг таъкидлашича, 300 нафар муҳандислар жамоаси смартфонни турли усулларда, шу жумладан томчи ва сунъий тер билан ҳам синаб кўришган ва қурилма бунга бардош берган.

 OnePlus Nord қадоқданоқ Android 10 операцион тизим талқини базасига қурилган OxygenOS 10.5 график қобиғи билан тақдим этилади. Компания уни икки хил – Blue Marble ҳамда Gray Onyx рангли корпусларда, 4 августдан сотувга чиқаради. Смартфоннинг тезкор/ички хотираси 8/128 гигабайтлик варианти учун 399 евро, 12/256 гигабайтлиги учун эса 499 евро миқдорида нарх белгиланган.

Дарвоқе, мазкур компания OnePlus 8T русумли яна битта смартфон тайёрламоқда...

ЎҚИНГ: Galaxy S20 туркумида тайёрланаётган энг арзон смартфон ҳали чиқмаган OnePlus 8T билан рақобатлашади