OnePlus эртага сирли маҳсулотини тақдим қилади

OnePlus эртага сирли маҳсулотини тақдим қилади

Куни кеча Хитойнинг смартфонсоз компанияси OnePlus ўзининг янги флагман линейкасини глобал бозорга тақдим этди, аммо қурилмаларнинг Хитой учун тақдимоти эртага, 17 апрель санасига режаланган.

Кўпчилик компания Хитой бозорида ҳам бир хил тақдимот ўтказади, деб ўйлаганди, аммо OnePlus эртага эълон қилувчи смартфонлари орасида сирли маҳсулот ҳам борлиги ҳақида тизер чиқарди. Бу ҳақда OnePlus'нинг Weibo'даги саҳифасига таяниб, GSMArena нашри хабар бермоқда.

Сирли девайс OnePlus Z ёки OnePlus 8 Lite'лардан бири эканлиги тахмин қилинмоқда. Лекин шу ерда битта савол туғилади: бу смартфон нега фақат Хитой учун тақдим қилиняпти? Бунга иккита сабаб бўлиши мумкин.

Бир томондан, OnePlus компонентлар таъминоти борасида муаммога дуч келётган бўлиши ва савдоларни маълум муддат фақат Хитой бозорида амалга ошириб, кейинчалик бошқа давлатларга ҳам ўтишни режалаштираётган бўлиши эҳтимоли бор. Иккинчи томондан эса, гаджет фақат Хитой учун мўлжалланган бўлиши мумкин.

Миш-мишларга кўра, сирли смартфон MediaTek Dimensity 1000 чипида ишлаб, 6.4 дюйм диагоналли 90Hz дисплейга эга бўлади. Баъзилар уни OnePlus X'нинг давомчиси деб ўйламоқда. Ҳаммасини эртага билиб оламиз.

ЎҚИНГ: OnePlus атиги 10 дақиқада қувватланиб, 10 соат ишловчи девайс чиқарди! (+видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!