OnePlus Nord N10 5G чиқди: флагман дизайнида яп-янги чипли ҳамёнбоп смартфон

  •   DiMaX
  •  733
  •  27.10.2020 11:15

OnePlus Nord N10 5G чиқди: флагман дизайнида яп-янги чипли ҳамёнбоп смартфон

«Асло қотмас» шиори билан смартфонлар чиқарувчи OnePlus компанияси 26 октбярь куни иккита янги моделини тақдим этди. Ҳозир улардан бири – OnePlus Nord N10 5G билан танишамиз.

ЎҚИНГ: iPhone 12’лар тезкорлик тестида Galaxy Note 20 Ultra, OnePlus 8T, Google Pixel 5 ва ROG Phone 3’ни ер тишлатди!

Ўрта нарх тоифасига мансуб OnePlus Nord N10 5G модели дизайнига кўра аввалроқ намойиш этилган флагман – OnePlus 8T қурилмасига ўхшаш. Лекин корпуси пластикдан ишланган, 6,49 дюймлик экрани ҳам IPS матрицали. Унда кдр янгиланиш частотаси 90 герцлик, тасвир узатиши FHD+ форматида. Дисплейнинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик олд камера учун тирқиш ўйилган.

OnePlus Nord N10 5G бош камераси эса тўртбурчак блокка «L» шаклида жойланган тўртта модулдан иборат. Улардан асосий датчик 64 мегапикселлик бўлса, иккинчи – 13 МПлиги кенг бурчакли объектив билан тақдим этилган. Макрокамера ҳамда монохром сенсорлар 2 мегапикселлик аниқликда.

Компания мазкур смартфонини янги – Qualcomm Snapdragon 690 чипсети базасида ишлаб чиққан. Мазкур процессор 8 нанометрлик технологик жараёнга асосланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади: иккита Cortex-A77, олтита Cortex-A55 ядролари, X51 русумли 5G-модем, Adreno 619L график тезлатгичи.

OnePlus Nord N10 5G хотира конфигурациясига кўра фақат бир хил – 6 гигабайтлик ички ва 128 гигабайтлик доимий хотира билан таклиф этилди.

Бу смартфон корпусида орқа панелга ўрнатилган бармоқ изи сканери, microSD хотира картаси учун слот, стереодинамиклар, USB-C порти ҳамда қулоқчин тирқиши мавжуд. Батареясининг ток сиғими 4300 мА/соатлик бўлиб, 30 ваттлик Warp Charge тезкор қувватлаш технологияси жорий этилган.

OnePlus Nord N10 5G модели Android 10 операцион тизими устига қурилган Oxygen OS 10.5 график қобиғи билан чиққан, унинг Android 11 талқинигача янгиланиш вақти айтилмаган.

Европа бозорига бу гаджет 10 ноябрда чиқади, OnePlus унинг учун 349 евро (Англияда – 329 фунт стерлинг) сўраяпти.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Samsung’дан кейин OnePlus ҳам Apple’ни калака қиляпти

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!