OnePlus тасодифан рақибининг смартфонини реклама қилиб юборди!

  •   DiMaX
  •  990
  •  09.07.2021 16:02

OnePlus тасодифан рақибининг смартфонини реклама қилиб юборди!

«Асло қотмас» смартфонлари билан танилган OnePlus компанияси куни кеча қовун туширди. Ишлаб чиқарувчининг Ҳиндистон бўлинмаси бошқа компания гаджетининг реклама ролигини эълон қилиб юборди.

ЎҚИНГ: «Флагманча» троллинг: Huawei ўз рекламасини Samsung’нинг «устига илиб» қўйди!

Twitter тармоғидаги OnePlus India расмий саҳифаси эълон қилган ушбу видеолавҳа – Samsung Galaxy Note 20 Ultra фаблетидаги S Pen стилусининг имкониятларига бағишланган. Твит икки сония ўтибоқ ўчирилган, аммо ундан скриншот олиб улгурганлар интернетга тарқатиб юборишган.

Гап айнан нимада эканини расман айтишмаяпти, аммо, афтидан, бу иккала компания Ҳиндистонда ижтимоий тармоқларни юритиш учун битта агентлик хизматларидан фойдаланишади.

Шунга қарамай, OnePlus ўзини йўқотиб қўймаган ва Samsung компаниясига ўзининг яқин орада тақдим этадиган смартфони – OnePlus Nord 2 5G моделини реклама қилишни таклиф қилган. MediaTek Dimensity 1200 процессори ва AMOLED-дисплейли бу қурилма 22 июлда тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Энг арзонидан энг зўригача: Android-смартфонларнинг бешта рейтинги (AnTuTu, 2021 йил июнь)