Онлайн ОАВ ва нуфузли журналлар бўйича янгиланган сервис – Apple News+ тақдим этилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  413
  •  26.03.2019 10:36

Онлайн ОАВ ва нуфузли журналлар бўйича янгиланган сервис – Apple News+ тақдим этилди (+видео)

Купертинолик корпорация кеча, 25 март куни Apple Park кампуси ҳудудида жойлашган Стив Жобс театрида ўзининг навбатдаги тадбирини ўтказди. Унда компаниянинг хабарлар сервиси янгиланган тарзда – Apple News+ шаклида тақдим этилди.

ЎҚИНГ: Apple ва Qualcomm яна судлашди: мағлуб 31 миллион долларлик жарима тўлайди!

 Apple’нинг ушбу сервисини кузатувчилар «Янгиликлар учун Netflix» дея таърифлашмоқда. Apple News+ обуначилари нисбатан кичик ҳажмдаги абонент тўлови эвазига энг йирик журналлар ҳамда тармоқдаги нашрларнинг публикацияларини олиб туришлари мумкин. Ушбу сервис кузатувчилари уч юздан ортиқ жилокор муқовали, энг оммабоп журналлардаги мақолаларни ўқиш имконига эга бўлишади. Улар қаторига Vogue, Billboard, Popular Science, The New Yorker, National Geographic, Sports Illustrated ва Fortune кабилар ҳам киради.

Барча журналлар ва публикациялар Apple News+ сервиси учун махсус мослаштирилган. Уларда иллюстрациялар, интерфаол унсурлар, анимация, инфографика ва ҳоказолар мавжуд. Сервис интерфейси эса iPhone ҳамда iPad’ларга мослаштирилган.

Apple News+ обуначилари, шунингдек, оммабоп интернет-нашрлардаги мақолаларни ҳам мутолаа қила олишади. Масалан, The Wall Street Journal’нинг онлайн версиясини ўқиш мумкин.

ЎҚИНГ: 14 яшар ўсмирни Apple нега мукофотлаяпти?

Корпорациянинг ушбу сервиси дастлаб фақат АҚШ ва Канада ҳудудида ишлайди. Канада ҳудудида Apple News+ сервисида инглиз ва француз тилларида тақдим этилиб, маҳаллий нашрлар ҳам қўшилади. Бир неча ойдан сўнг ундан Австралия ҳамда Буюк Британияда, кейин эса яна айрим Европа мамлакатларида ҳам ишга туширишади. Россиядан ва Ўзбекистондан Apple News+ сервисига кириб бўлмайди; бундан ташқари, ундаги мақолалар рус тилига ўгирилмаган.

Мазкур сервисга бағишлаб тайёрланган расмий видеороликни томоша қиламиз:

Apple News+ сервисининг абонент тўлови ойига 9,99 долларга тенг, обунани қўшимча тўловсиз ўз оила аъзолари билан баҳам кўриш ҳам мумкин. Биринчи ойда у таништириш мақсадида бепул тақдим этилади. Apple’нинг таъкидлашича, агарда сервис доирасига кирувчи барча нашрларга алоҳида обуна бўлинганида, уларнинг ойлик тўлови умумий ҳисобда 8 минг долларга яқинлашар эди.

ЎҚИНГ: Apple энг инновацион компаниялар рейтингида 1-дан 17-ўринга тушиб кетди! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!