“Openbucks” стартапи асосчиси ўзининг тажрибасини IUT талабалари билан ўртоқлашди

“Openbucks” стартапи асосчиси ўзининг тажрибасини IUT талабалари билан ўртоқлашди

2017 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси Ўзбекистонда биринчи маротаба аввал эълон қилинган “Silicon Valley Talks” лойиҳаси доирасида маъруза ташкиллаштиришди, дея хабар қилинмоқда университет сайтида.

Эслатиб ўтамиз, IUT ва АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида ўзаро англашув Меморандумини имзоланган эдилар.

Имзоланган Меморандум доирасида IUT ва “Openbucks” IT-таълим соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштиришмоқчи. Жумладан, томонлар “Silicon Valley Talks” шаклидаги стартаплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида маърузалар ўқиш ҳамда энг яхши амалиёт ва маълумотлар билан алмашиш учун АҚШнинг етакчи экспертларини таклиф қилишмоқчи. “Silicon Valley Talks” тадбири доимий асосда ўтказилиб, ташкилотчилар Кремний водийсидаги турли компанияларнинг вакилларини таклиф қилишни режалаштиришган.

Тайёргарлик ишларидан сўнг, IUT ва “Openbucks” компанияси талабалар учун дастлабки “Silicon Valley Talks” маърузасини ўтказишди. “Silicon Valley Talks”нинг биринчи меҳмони сифатида “Openbucks” корпорациясининг Бош директори Марк Рочман таклиф этилди.

Марк Рочман Кремний водийсидаги стартап, “Openbucks” компаниясининг асосчиси ҳисобланади. Мазкур сервис фойдаланувчиларга банк карточкаларидан фойдаланмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш имконини беради. Пластик карточкалар технологияси соҳасида мутахассис бўлгани сабабли, у пластик карточкалар (банк, совға, телефон ва ҳкз.) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “CardUSA” компаниясига асос солди.

Маъруза давомида Марк Рочман Франциядан АҚШдаги Кремний водийсига кўчиб ўтгандан кейинги стартап лойиҳаларни ривожлантиришдаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Хусусан, у стартапларни амалга оширишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги тўғрисида гапириб берди. Марк Рочман ғоялар, уларни амалга оширганларга тегишли эканлигини қайд этди.

У лойиҳанинг муваффақиятида жамоанинг муҳимлигига тўхталди. Унинг фикрича, стартапларни якка тартибда эмас, жамоа бўлиб амалга ошириш лозим.

Шунингдек, у талабаларга кенгроқ фикрлаб, кичикроқ стартапдан бошлаб, дадил ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади.   Инновацион ғояни амалга ошириш, кейин синаб кўриш ва ўзгартириш киритиш ҳамда уни ривожлантириш керак, деди у.

Тадбир доирасида “Openbucks” компанияси асосчиси “Silicon Valley Talks” маърузаси қатнашчиларининг ҳамда талабаларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!