Opera ишга чақиряпти: икки ҳафта интернет кавлаб ўтирганга 8000 евро маош!

  •   DiMaX
  •  3957
  •  24.10.2020 17:52

Opera ишга чақиряпти: икки ҳафта интернет кавлаб ўтирганга 8000 евро маош!

Интернет кенгликларида кезиб, турли қизиқарли ва ғалати нарса-ҳодисалар ҳақида ҳикояларни ўқиш, видеолар томоша қилишни сиз ҳам яхши кўрасиз-а? Хўш, шу кўнгилочар машғулот учун яна яхшигина пул ҳам таклиф этишса, нима дейсиз? Бу ҳазил эмас, Opera браузери айнан шундай вакансияни расман эълон қилди!

ЎҚИНГ: iPhone ва Android-смартфонлар учун энг зўр браузерлар («Роскачество» рейтинги)

Эълонга кўра, Opera компаниясига «интернет-серфер», яъни – шу браузерда веб-саҳифаларни томоша қилиб ўтирадиган ходим керак. Иш берувчи бу ходимдан «тармоқнинг олис-олис бурчакларини томоша қилиш, у ерларда учровчи антиқа ва қизиқарли нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бериш»ни кутмоқда. Қизиқарли контент топишга ўзлари қарашиб юборишади.

«Бу муҳим вазифа учун биз аҳмоқона мемларни яхши кўрувчи, тюленлар болалари ҳақида видеолар томоша қилувчи ва фитна назарияларини ўрганувчи кишини изламоқдамиз», дейди компания.

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, лекин Opera айни мана шу – сизу биз ҳар куни эрмакка қилиб ўтирадиган ишга икки ҳафтагина вақтини бағишлайдиган ходимга 8000 евро миқдорида маош тўламоқчи!

ЎҚИНГ: Махфийлик бўйича энг кучли ва энг ёмон браузерлар рейтинги

Истаган киши бу вакансияга талабгорлик қилиши мумкин, лекин бунда номзод учун ўзига яраша талаблар ҳам қўйилади. Яъни, у вояга етган бўлиши, инглиз тилида эркин гаплаша олиши ва барқарор интернет-боғланишга эга компьютери бўлиши лозим.

Талабгорлар 13 ноябргача антиқа шаклда резюме тақдим этишлари зарур: давомийлиги 15–30 сониялик видеоролик суратга олиш, унда ўзининг интернетдаги тажрибаси ҳақида қизиқарли тарзда қисқача сўзлаб бериш керак бўлади.

Агар юқоридаги талабларга жавоб бера оладиган бўлсангиз, мана бу ҳавола орқали вакансия саҳифасига ўтишингиз мумкин. Барча аризалар кўриб чиқилиб, фақат бир нафар кишини танлаб олинади ва у кейинги йилнинг бошида иш бошлайди.

Қойилмисиз?

ЎҚИНГ: Opera браузеридаги бепул VPN’дан фойдаланиш бўйича батафсил қўлланма

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!