Opera ўзининг янги браузерини мутлақо янги дизайн ва сунъий интеллект функциялари билан тақдим қилди
Opera компанияси ўзининг худди шу ном остидаги таниқли браузерининг янгича дизайн ва функцияларга эга бўлган вариантини тақдим қилди. Opera One номли ушбу янги браузер модулли дизайнда суюқли анимацияларга эга ва у кейинчалик Windows, macOS ва Linux операцион тизимларида ҳозирги Opera ўрнини эгаллайди.
Opera One браузери ҳозирги Opera'га қараганда анча "тозароқ" кўринишга эга ёхуд унинг ён ва юқори панелларида келажакда яратиладиган сунъий интеллект функциялари, кенгайтмалари учун жуда кўп бўш жой мавжуд. Ҳозирча янги браузернинг СИ хусусиятлари ҳақида кўп маълумотлар очиқланманган, лекин шуниси маълумки, Opera One браузери ChatGPT ва ChatSonic каби СИ хизматлари стандарт тарзда ёқилган ҳолатда келади.
Янги браузернинг энг ўзига хос ва эътиборли хусусияти "ёрлиқ (tab) ороллари" бўлиб, бунда браузер контентга кўра веб-сайтларни автоматик равишда битта гуруҳга йиғади. Масалан, агар сиз рестарантлар ва уларнинг менюлари саҳифаларини очган бўлсангиз браузер уларни битта гуруҳга, ҳужжатлар ва шунга оид бошқа саҳифаларни очган бўлсангиз уларни яна бир гуруҳга олади. Ҳар бир орол ёхуд гуруҳ алоҳида рангдаги таёқча билан ажралиб туради. Албатта, автоматик "ороллаш"дан ташқари фойдаланувчилар ўзлари қўлда ёрлиқларни гуруҳлашлари ҳам мумкин.
Компания ўтказган тадқиқотга кўра, фойдаланувчилар браузер билан ишлаш давомида тартибсиз ҳолда очиқ турган ёрлиқлардан негатив босим остига тушишади – "ёрлиқ ороллари" функцияси эса айнан шундай вақтда ёрдам келади.
Ҳозирда Opera One браузери унга олдиндан кириш (early access), яъни бета синовларидан аввалги жараёнда бўлиб, у барқарор версияда шу йилнинг охирларида чиқарилиши кутилмоқда. Агар барқарор версия чиқарилишини кутишни хоҳламасангиз янги браузернинг ишлаб чиқувчилар учун версиясини ҳозироқ Opera сайтидан юклаб олишингиз мумкин.