Операторларга интернет тезлигини кўрсатишда «-гача» қўшимчасидан фойдаланиш расман тақиқланди

  •   DiMaX
  •  1092
  •  31.05.2021 09:01

Операторларга интернет тезлигини кўрсатишда «-гача» қўшимчасидан фойдаланиш расман тақиқланди

Яқинда биз 1 июндан интернет яна 15 фоизга арзонлашуви, шунингдек, интернет тезлигини кўрсатишда «-гача» қўшимчаси олиб ташланиши ҳақида ёзган эдик. Энди шу иш расман амалга ошди – «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси интернет тариф режалари ва хизматларини тақдим этишда «-гача» қўшимчаларидан фойдаланиш бўйича кўрсатма берди, деб ёзади Daryo нашри.

ЎҚИНГ: Ойлик интернет-тўпламлар янгиланди: мегабайтлар кўпайган, нархлар эса олдингидек!

«2021 йил 1 июндан бошлаб тариф режалари ва хизматлари тўғрисидаги маълумотларда интернет тезлиги учун белгиланган «-гача» («до...») қўшимчалари ўрнига аниқ ва тушунарли маълумот бериш бўйича кўрсатма берилди», дейилади хабарда.

Бу интернет ва телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга телекоммуникация хизматларини узлуксиз, сифатли ва шартномаларда белгиланган ҳажмда (тезликда) кўрсатиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Аввалроқ «Тошкент беш ташаббус ҳаракати» доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотда бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров интернет тезлиги ҳақидаги масалага тўхталиб ўтганди. «Мен сеҳргар эмасман, интернет тезлигини ошириб юбора олмайман. Бироқ бу борада ишлар олиб борилмоқда, қиладиган ишлар бор ҳали», – дея таъкидлаганди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ташқи интернет каналининг тезлиги сониясига 1800 Гбитга етказилиши маълум қилинганди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий параметрлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 апрелдаги қарори билан қабул қилинган, аммо ҳужжатда лойиҳани амалга ошириш муддати кўрсатилмаган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет нега қиммат? – АКТ вазирлиги изоҳ берди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.