Oppo «дамини олсин» – Xiaomi ҳам микроскоп-камерали, ундан ташқари бирйўла иккита 108МП камерали смартфонлар чиқаряпти! (+«жонли» сурат)

  •   DiMaX
  •  1120
  •  13.03.2021 09:54

Oppo «дамини олсин» – Xiaomi ҳам микроскоп-камерали, ундан ташқари бирйўла иккита 108МП камерали смартфонлар чиқаряпти! (+«жонли» сурат)

Куни кеча Oppo корпорацияси Find X3 туркумида тўртта смартфонини тақдим этди. Стандарт талқиндаги флагман ҳамда унинг Find X3 Pro версияси бош камерасида нақ 60 карралик зумга эга микроскопик датчик қўлланган.

ЎҚИНГ: Хитойлик камерофон iPhone 12 Pro Max’ни маҳв этиб, DxOMark рейтингида кучли бешликка кирди!

Xiaomi ҳам қўл қовуштириб ўтирмаган экан – Redmi бренди остида худди шундай микроскоп-камерали смартфонни аллақачон тайёрлаб қўйганини эълон қилди. Корпорациянинг янги маҳсулотлар бўйича директори Ван Тенг Томас (Wang Teng Thomas) бунинг исботи сифатида худди шу камерада олинган расмни эълон қилди:

Ушбу суратда глутамат натрий (E621 номи билан танилган озуқавий қўшимча) тузининг кристаллари акс эттирилган. Тасвирга олган камера Redmi’нинг айнан қайси моделида қўллаши айтилмаган, афтидан, уни бренднинг навбатдаги флагманларидан бирига ўрнатишади.

ЎҚИНГ: 108 МП ҳам оммабоп Xiaomi флагманига наф бермади, лекин у барибир Galaxy Note 20 Ultra’лардан юқорида!

Буниси ҳам майли, Xiaomi навбатдаги смартфонларидан бирида 108 мегапикселлик оптик сенсордан бирданига иккитасини қўлламоқчи! Xiaomi Group China президенти ҳамда Redmi бренди бош директори Лу Вейбинг (Lu Weibing) бу ҳақда Weibo ижтимоий тармоғида хабар берган.

«Яқинда мен Redmi Note 9 Pro бош камераси 108 мегапикселлик датчикка эга эканлигини ўйлаб қолдим. Хўш, биз смартфонга оптик формати 1/1,52 дюймлик шунақа модулдан иккитани ўрнатсак-чи? Бундай телефон сиз учун қизиқарли бўладими?» деб сўраган у.

Унга ёзилган изоҳларда айрим Weibo фойдаланувчилари бунинг кераги йўқлигини, умуман, смартфонда 108 мегапикселлик камера ишлатишнинг ўзи нотўғри йўналиш эканлигини таъкидлашган. Баъзилар эса унинг ўрнига замонавий, сезгирлиги кучлироқ сенсорлар қўллаш маъқуллигини айтишган.

Лекин шу каби олдинги сўровларни кузатсак, Xiaomi одатда бирор ечимни тайёрлаб бўлиб, кейингина у ҳақда мухлисларининг фикрини сўрайди. Шунга қараганда, микроскопик камерали Redmi флагмани каби, қўшалоқ 108 мегапикселлик камерага эга смартфон ҳам тайёр, шекилли.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг зўр тўртта камерофони (DxOMark рейтинги)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!