Oppo F9 селфифони: жиҳат ва нарх маълум бўлди

Oppo F9 селфифони: жиҳат ва нарх маълум бўлди

Oppo компаниясининг Хитой ва жаҳон смартфон бозорида тобора оммалашиб бораётгани унинг селфи олишга мўлжалланган кучли девайсларни ишлаб чиқараётгани билан боғлиқ. Ишлаб чиқарувчи сўнгги вақтларда камерафонлари билан муваффақият қозонмоқда. Навбатдаги селфифон "Oppo F9" деб номланиб, тақдимот 15 августда кутилмоқда. Телефон аппарати Android 8.1 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган ColorOS 5.1 интерфейсида фаолият кўрсатади.

Селфи учун 25 мегапиксел аниқлигида сурат олувчи олд камера танланган ва унинг ёруғликни ўтказувчи линзаси f/2.0 стандартли. Олд камерада ҳам портретлар олиш учун "сунъий ақл" ёрдамга келади.

Oppo F9 телефон аппаратининг корпус ўлчамлари: 156,7х74х7,99 мм ҳамда вазни 168 грамм.

Oppo F9 олд панелида 6,3 дюймли экран бўлиб унинг пиксел сиғими FullHD+ (2280х1080 белги). Маълум қилинишича, олд панелнинг 88% қисми дисплейдан иборат бўлади. Бош камерада объективлар сони иккита: 16 Мп (f/1.85) ҳамда 2 Мп.

Oppo компанияси Helio P60 чипсетига содиқ ишлаб чиқарувчиларидан бири. Унинг кўплаб девайсларида ана шу процессорни кўриш мумкин. MediaTek ишлаб чиқарган бу чипсетга Oppo F9 модели ҳам эга бўлган. Бу процессор имкониятларига кўра, Snapdragon 636 билан тенглашади, яъни ўртача имкониятли ҳисобланади. Смартфон 4/64 Гб ҳамда 6/64 Гб талқинларда ишлаб чиқарилади, хотирани кенгайтириш учун microSD бўлмачаси йўқ.

Oppo F9 девайсининг диққатга сазовор жиҳатлари қаторида аккумулятор сиғимини айтиш мумкин - ток сиғими 3500 мА соат ҳамда тезкор қувват олади. Гаджет Wi-Fi, Bluetooth, 4G VoLTE тармоқларида ишлайди, корпусда MicroUSB порти мавжуд.

Oppo F9 моделини $362 доллардан бошлаб харид қилиш мумкин.