OPPO Find X2 ва Find X2 Pro намойиш этилди: 120 герцлик WQHD+ дисплей, SD 865…

  •   DiMaX
  •  3394
  •  07.03.2020 10:31

OPPO Find X2 ва Find X2 Pro намойиш этилди: 120 герцлик WQHD+ дисплей, SD 865…

Хитойнинг OPPO компанияси кеча – 6 март куни онлайн тадбирда Find X2 флагманлар туркумини тақдим қилди. Унга иккита модел кирган: стандарт OPPO Find X2 ҳамда янада илғор Oppo Find X2 Pro.

ЎҚИНГ: OPPO рекордчи селфифон – Reno 3 Pro ҳамёнбоп флагманини намойиш қилди

Бу иккала моделнинг ҳам хусусиятлари анча юқори, аммо ташқи кўринишидан улар деярли фарқланмайди. Яъни, OPPO Find X2 флагмани корпуси шиша ва керамикадан ишланган бўлса, Pro-версия корпусида керамика ва чарм қўлланган.

Смартфонлар бир хилда – диагоналига 6,7 дюймлик дисплей билан жиҳозланган. Экраннинг тасвир аниқлиги WQHD+ форматида, кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцга тенг. Мазкур панел HDR-контентни қўллаб-қувватлашдан ташқари, сунъий онг асосидаги янги технологияси билан ҳам мақтана олади. У туфайли дисплейда ранг узатиш автоматик тарзда созланади, худди iPhone’лардаги True Tone технологияси каби. Экраннинг юқори ўнг бурчагидаги тирқишга 32 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган.

OPPO Find X2 туркумининг самарадорлиги учун Qualcomm Snapdragon 865 процессори масъул, у бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаш учун Snapdragon X55 5G модемини ҳам ўз ичига олган. Флагманларнинг иккаласи ҳам бир хилда 12 гигабайтлик, LPDDR5 стандартидаги тезкор хотирага эга. UFS 3.0 туридаги доимий хотира ҳажми стандарт моделда 256 ГБ бўлса, Find X2 Pro версиясида 512 гигабайтлик.

OPPO Find X2 автономлигига 4200 мА/соатлик аккумулятор жавобгар, катта моделда эса батарея ток сиғими уникидан 26 мА/соатга каттароқ. Ҳар иккала флагманда 65 ваттлик SuperVOOC 2.0 тезкор қувватлаш технологияси қўлланган. Бунинг эвазига улар 0 дан то 100 фоизгача атиги 38 дақиқада қувватланиб улгуради!

ЎҚИНГ: Realme X50 Pro 5G сотувда: Xiaomi Mi 10 рақиби ундан арзон ва атиги 35 дақиқада қувватга тўлади!

Камералар масаласида ҳам бу икки флагман ўзаро фарқланади: Find X2 Pro бош камерасида 48 мегапикселлик иккита модул бор. Булардан биринчиси Sony IMX586 сенсори бўлса, иккинчиси – Sony IMX689 датчиги атайин мана шу смартфон учун махсус яратилган! Ушбу сенсор 1/1.43″ ўлчамга, All Pixel Omni-Directional технологиясига ҳамда оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Бош камеранинг учинчи модули эса 13 мегапикселли сенсор ва телеобъективга эга бўлиб, 60 карралик рақамли зум ҳамда 10 карралик гибрид зум билан суратга олишга қодир.

Стандарт флагман – OPPO Find X2 ҳам учталик бош камерага эга, бироқ у 48 + 12 + 13 мегапикселлик сенсорлардан иборат. Бу камера 5 карралик гибрид зум ҳамда 20 карралик оптик зумга эга. Яна ҳар иккала моделдаги камера тунда суратга олишнинг янгиланган режими – Ultra Night Mode ҳамда такомиллаштирилган фокусировка билан мақтана олади.

OPPO Find X2 ҳамда унинг Pro-версияси ColorOS 7.1 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизими билан чиқарилган. Ҳар иккаласида NFC модули, стереодинамиклар ва экраности дактилоскоп мавжуд. Стандарт моделнинг корпуси IP54 стандарти, Find X2 Pro эса IP68 стандартига кўра сувдан ҳимояланган.

Компания ушбу икки флагманини май ойида Европа бозорларига қуйидаги нархлар билан чиқаради:

OPPO Find X2 (12/256 ГБ) – 1000 евро;

OPPO Find X2 Pro (12/512 ГБ) – 1200 евро.

ЎҚИНГ: Redmi Note 9 ва Note 9 Pro’нинг асосий рақиблари намойиш қилинди – атиги 175 доллардан!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!