Oppo Reno ҳамда Reno 10x Zoom тақдим этилди: Huawei P30 Pro кушандалари унинг ярим нархида!

  •   DiMaX
  •  3029
  •  10.04.2019 18:02

Oppo Reno ҳамда Reno 10x Zoom тақдим этилди: Huawei P30 Pro кушандалари унинг ярим нархида!

Хитойлик техногигант яқинда мобил фотографиянинг янги қироли бўлмиш Huawei P30 ҳамда P30 Pro камерофонларини тақдим этганди. Oppo компанияси эса кеча янги – Reno туркумида уларга рақобатчи бўла оладиган иккита смартфон намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Oppo барча смартфонлар учун 10 карралик гибрид зум технологиясини тайёрлади (+видео)

Oppo Reno смартфонлари иккита хусусияти билан эътиборга лойиқ ва улар қурилманинг олд ва асосий камераларига тегишли. Аввало, бу моделларнинг 16 мегапикселлик селфи-камераси корпус ичидан чиқади, аммо Vivo NEX смартфонидаги каби эмас, балки қиялаб чиқади – механизмнинг бир томонигина кўтарилади. Компаниянинг таъкидлашича, бунга атиги 0,8 сония вақт кетади. Смартфонларнинг иккинчи ўзига хослиги – флагман моделида бош камеранинг телефото модули перископли бўлиб, 10 карралик зумга эга.

Компания стандарт Oppo Reno моделини 6,4 дюймлик AMOLED-экран билан жиҳозлаган бўлиб, ромсиз дисплейи Full HD+ форматида. Қурилманинг «электрон юраги» Snapdragon 710 процессори бўлиб, бош камераси иккита – 48 мегапикселлик асосий ва 5 мегапикселлик кенг бурчакли сенсорни ўз ичига олади.

Янада илғор флагман – Oppo Reno 10x Zoom Edition бўлса диагоналига 6,6 дюймлик дисплейи, Snapdragon 855 процессори ҳамда уч модулли бош камераси билан стандарт моделидан устун. Бунда бош камеранинг асосий сенсори 48 МПлик, иккинчи – кенг бурчакли (120 даража) модули 8 МПлик, учинчи – 13 МПлик датчиги эса 10 карралик оптик зум билан суратга ола билади.

ЎҚИНГ: «ЖОНЛИ» ВИДЕО: Oppo 10 карралик оптик зум ва яхлит экранга жойланган дактилоскопли смартфонини ишлатиб кўрсатди!

Ҳар иккала моделдаги Oppo Reno смартфонида ҳам дисплейга жойланган иккинчи авлод (28.5 фоизга тезкорроқ) бармоқ изи сканери мавжуд. Oppo Reno ҳамда Reno 10x Zoom тезкор хотиралари 6/8 ГБлик, доимий хотиралари эса 128/256 ГБлик вариантларда тақдим этилади. Ҳар иккаласи ҳам Game Boost 2.0 ўйин режими ҳамда Super VOOC 3.0 тезкор қувватлаш технологияси билан таъминланган. Стандарт моделнинг аккумулятори 3800, флагманнинг батареяси эса 41оо мА/соатлик. Ушбу смартфонлар ColorOS 6 график интерфейси остидаги Android Pie операцион тизим талқинига эга. Ҳар иккаласи ҳам NFC-модуль, Bluetooth 5.0, WiFi 802.11ac dual-band (2×2 MU-MIMO), икки частотали GPS (L1+L5) интерфейслари ҳамда USB-C портига эга.

Компания ўз мамлакатида стандарт смартфонини 16 апрелдан, флагман моделини эса май ойи ўртасидан сота бошлайди, нархлари бўлса қуйидагича:

Oppo Reno 6+128 ГБ – 446 доллар;

Oppo Reno 6+256 ГБ – 491 доллар;

Oppo Reno 8+256 ГБ – 536 доллар;

Oppo Reno 10x Zoom Edition 6+128 ГБ – 595 доллар;

Oppo Reno 10x Zoom Edition 6+256 ГБ – 670 доллар;

Oppo Reno 10x Zoom Edition 8+256 ГБ – 715 доллар.

Шунингдек, 24 апрель куни Oppo мазкур смартфонларининг глобал тақдимотини Швейцарияда ҳам ўтказмоқчи. Булардан ташқари, кейинги ойда Oppo Reno махсус – 5G тармоғини қўллаб-қувватловчи версияда ҳам тақдим қилишни кўзлаган.

ЎҚИНГ: Oppo ҳам ўз буклама смартфонини кўрсатди!