OPPO тайёрлаган – дисплейдаги дактилоскопик датчик дунёда тенгсиз!

  •   DiMaX
  •  819
  •  17.04.2018 10:47

OPPO тайёрлаган – дисплейдаги дактилоскопик датчик дунёда тенгсиз!

2018 йилнинг навбатдаги тренди – смартфонларнинг бармоқ изи сканерини корпуснинг орқа панелидан (ёки «Уйга» тугмачасидан) бевосита дисплейнинг ўзига кўчириш бўлди. Бунақа сенсорни илк бор Synaptics компанияси ишлаб чиқди – унинг Synaptics Clear ID сканери дисплейга интеграция қилинадиган биринчи дактилоскопик датчик бўлди.

Бунақа модулни амалда – ўз қурилмасида жорий этган биринчи смартфонсоз сифатида эса мазкур соҳадаги етакчи компаниялардан бири эмас, балки Vivo майдонга тушди. Унинг Vivo X20 Plus UD модели янгича технологияли – дактилоскопик сканерга эга экранли биринчи телефон сифатида тарихга кирди.

ЎҚИНГ: Виртуал сканерга эга илк смартфон расман тақдим қилинди

Экрандаги муайян ҳудудга бормоқ босиш орқали смартфонни блокдан чиқариш механизми ҳозиргача фақат Хитой ишлаб чиқарувчиларининг айрим маҳсулотларида бор, холос. Булар – мазкур соҳадаги «йўлбошчи» компаниянинг Vivo X20 Plus UD ҳамда Vivo X21 моделлари, шунингдек, дунёнинг учинчи рақамли смартфонсози – Huawei’нинг Mate RS Porsche Design русумли премиум телефонидир.

Бироқ бошқа компаниялар ҳам шу каби технологиялар устида ишлашаётир; жумладан,  Meizu ҳамда Xiaomi ҳам экранга жойланадиган бармоқ изи сканерини тайёрлаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

ЎҚИНГ: Xiaomi дисплейга жойланувчи, тегмасдан бармоқ изини танийдиган сканерни патентлади!

Энди эса яна бир хитойлик компания – OPPO ҳам бевосита дисплейнинг ўзига интеграция қилинадиган дактилоскопик сенсор учун патент олгани маълум бўлди. Бунинг устига, олдинги ишланмалардан фарқли равишда, мазкур датчик нафақат смартфонни қулфдан чиқариш, балки тўловларни амалга оширишда авторизация қилиш учун ҳам қўлланиши мумкин.

Шунингдек, Oppo тайёрлаган модулнинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, нафақат ўчиқ экранда, балки экран ишлаб турган пайти ҳам дактилоскопик сканер ишлайди, бармоқ тегинишларини сезаверади. Ишлаб чиқувчилар томонидан тақдим этилган рендерлар шундан далолат бераётир.

Хабарларга кўра, компаниянинг ўзи томонидан ишлаб чиқилган виртуал сканерга эга илк смартфон Oppo R15s модели бўлади. Унинг тақдимоти жорий йилнинг учинчи чорагида – тахминан октябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётир.

Айтиш керакки, компаниянинг бундан олдинги – ҳали март ойидагина тақдим этилган Oppo R15 девайси ўз юртидаги оммалашган смартфонлар рўйхатида бир қанча Huawei, Apple ва Samsung маҳсулотларидан устун келиб, учинчи ўринни эгаллаган.

ЎҚИНГ: Хитойдаги энг оммабоп смартфонлар рейтинги: Galaxy S9 иккинчи ўринда, iPhone X эса жудаям пастда...

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.