Ўқувчилар интернетдан фойдаланиши учун имтиёзли «Мактаб» тариф режаси жорий этилади

  •   DiMaX
  •  4127
  •  29.08.2020 18:16

Ўқувчилар интернетдан фойдаланиши учун имтиёзли «Мактаб» тариф режаси жорий этилади

Кеча – 28 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди, деб ёзади Sof.uz.

ЎҚИНГ: Битта оператордан иккита хушхабар: 90% чегирма ва...

Видеодарсларни сифатли тайёрлаш, бу жараёнга давлат ва нодавлат телеканалларини фаол жалб этиш, 3 та телеканалда доимий эфирга узатиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жойларда рақамли телевидение сигнали ва интернет тезлигини таъминлаш, чекка ҳудудлардаги коммуникация тизимларини тўлиқ тестдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли «Мактаб» тариф режаси жорий этилиши айтилди.

Таълим муассасаларидаги тозалик ва озодаликни сақлаш, синфхоналар ва атрофни дезинфекция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади. Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.

ЎҚИНГ: Имтиҳонлар ўтадиган жойларнинг манзиллари янгиланган ImtihonGo иловасини юклаб олинг!