Оригинал AirPods'ни сохтасидан қандай фарқлаш мумкин?

Оригинал AirPods'ни сохтасидан қандай фарқлаш мумкин?

Apple AirPods Pro симсиз қулоқчини тақдим қилиниши билан кўпчиликнинг ушбу гаджетга бўлган қизиқиши ошди. Фаол шовқинни камайтириш функцияси қўшилгани эса товуш сифатини янада оширди. Аммо сотувда арзон ва сохта AirPods Pro'лар ҳам кам эмас. Нархидан бошқа қайси жиҳатга қараб, AirPods Pro'нинг ҳақиқий Apple маҳсулоти эканлигини қандай билиб олиш мумкин? Сохта AirPods Pro'ни қандай аниқласа бўлади? Қуйида сизни қизиқтирган ушбу саволларга жавоб берамиз.

Оргинал AirPods Pro'лар махсус яратилган Apple H1 чипига эга бўлса, клон AirPods Pro'лар Qualcomm'нинг симсиз наушниклар учун чиқарилган QCC схемаси ва шовқинни камайтирувчи чипида ишлайди. Шу сабабдан ҳам, сохта AirPods Pro ташқи кўриниши ва функцияси жиҳатидан оригинал маҳсулотга деярли ўхшаш. Бироқ ҳар икки қулоқчинни бир-биридан фарқлаш усуллари бор.

Поп-ап ойнасидан билиб олинг

Аввало, AirPods Pro'ингиз ҳақиқий ёки сохталигини билиш учун iOS тизимингиз 13 версиядан юқори бўлиши керак. Қулоқчиннинг зарядлагич қутиси қопқоғини очганингизда сохта AirPods Pro заряди фақат ёки 50%, ёки 100% бўлиб кўринади. Оригинал наушникда эса ўнг ва чап қулоқчинлар ва зарядлаш қутисининг ҳақиқий заряд миқдори кўрсатилади.

Афсуски, ҳозирда мавжуд баъзи юқори даражада имитация қилинган AirPods Pro'лар ҳам оригинал наушникники билан бир хил поп-ап ойнани кўрсата олади. Шунинг учун, наушникни улаётганингизда очиладиган поп-ап ойнани қўлингиздаги маҳсулот оригинал ёки сохталигини тасдиқлашга асос қилиб олиш ҳар доим ҳам тўғри бўлмайди.

Энди, зарядлаш қутисидан битта насуҳникни олинг, иккинчиси эса зарядда турсин. Шунда, ҳақиқий AirPods Pro'да уланиш поп-ап ойнаси қуйидагича ўзгаради:
Юқоридаги расмда чап қулоқчин ҳали ҳам зарядлаш қутисида бўлгани учун аккумулятор фоизи ёнида чақмоқ иконкаси турибди. Ўнг қулоқчин зарядланмаётгани учун эса унда фақат заряд фоизи кўрсатиляпти — чақмоқ расми йўқ. Apple'нинг W1 ва H1 чиплари қулоқчиннинг исталган томонидан асосий қурилма сифатида фойдаланиш имконини бергани боис ҳозирги мисолда ўнг қулоқчинни алоҳида ишлатишингиз мумкин бўлади. Ҳақиқий наушникда 10 дақиқа қўшиқ тингласангиз, заряд миқдори кескин камайиб кетади. Клонларда эса заряд 90% дан кўп қилиб кўрсатилади.

Серия рақамидан фойдаланинг

Оригинал AirPods Pro'ларга апдейтлар келади, клонларга эса йўқ.

Наушнигингиз ҳақиқийлигини билиш учун унинг серия рақамидан фойдалансангиз ҳам бўлади. Бунинг учун:

•1. iPhone'дан Созламалар > Умумий > Ҳақида > AirPods Pro'га ўтинг.
•2. AirPods зарядлаш қутисини бир марта ўчириб-ёқинг. Шунда, SEID хабари остида AirPods менюси пайдо бўлади.
•3. Менюга ўтиб, наушникнинг серия рақамини кўринг ва буни AirPods Pro каробкасида ёзилган серия рақами билан таққосланг.
•4. Зарядлаш қутиси қопқоғининг чап томонидаги серия рақамини кўринг.

Ҳар учала серия рақами бир хил бўлса, демак, сизда оригинал наушник бор. Агар рақамлар турлича бўлса, демак клондан фойдаланяпсиз.

Икки жуфт AirPods'ни бир вақтнинг ўзида улаб кўринг

Ҳаммамизга маълум, iOS 13'да ишловчи iPhone'га бир вақтнинг ўзида икки жуфт (яъни тўрт дона) AirPods'ни улаш мумкин (умумий аудио уланиши). Айни дамда, бу функция фақат оригинал AirPods ва Beats қулоқчинлари билангина ишлайди. Агар икки жуфт AirPods'ни iPhone'ингизга тенг улай олмасангиз, сохта AirPods'га дуч келганингизни тушунарверинг.

Хулоса

Юқорида келтирилган усуллар сизга фойда беради, деб умид қиламиз. Агар 250 долларга оригинал AirPods Pro сотиб олмоқчи бўлсангиз, харидни ишончли дўконлардан, масалан, Apple'нинг ўзидан амалга оширинг. Агар қулоқчин учун бунча харажат қилишни хоҳламасангиз, клон AirPods Pro ҳам сизни қониқтириши мумкин. Асосийси, оригиналининг нархига сохта наушник сотиб олмасангиз бўлгани!

ЎҚИНГ: AirPods Pro тақдим қилинди. Янги аксессуарнинг оддий AirPods'дан фарқи нимада?