Оригинал iPhone X дисплейининг қалбакисидан фарқлари (+видео)

  •   DiMaX
  •  844
  •  29.05.2018 13:43

Оригинал iPhone X дисплейининг қалбакисидан фарқлари (+видео)

Apple корпорациясининг юбилей суперфлагмани – iPhone X анчагина қиммат туришидан ташқари, бузилиб қолса уни таъмирлатиш ҳам арзонга тушмайди. Хусусан, купертиноликнинг ўз тармоғига тегишли бўлмаган устахоналарда бу смартфонга оригинал бўлмаган қисмлар қўйиб беришлари эҳтимоли юқори.

ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

 Жумладан, iPhone X экрани синиб қолса, унга Apple сервис марказларида ўрнатиладиган оригинал OLED-дисплей ҳамда бошқа устахоналарда қўйиб бериладиган нооригинал экранлар ўзаро жиддий фарқларга эга.

Қуйида шулардан асосийларини кўриб чиқамиз:

  1. Ташқи кўриниши. Бир қараганда, оригинал ва нооригинал дисплейни ажратиш қийин. Уларнинг фарқлари фақат экраннинг орқа томонини кўздан кечиргандагина намоён бўлади. Нооригинал дисплейнинг орқа томонида Apple коннектори йўқ, бу эса узатиладиган сигнал сифатига таъсир этиши мумкин.
  2. Экран қалинлиги. Нисбатан арзон турувчи экранлар Apple қўллайдиган оригинал дисплейга қараганда қалинроқ бўлади.
  3. Смартфон қалинлиги. Оригинал бўлмаган дисплей ўрнатилганидан сўнг iPhone X қалинлиги сезиларли даражада ошади. Ўзи шундоғам анчагина оғир ва қалин – 7.56 миллиметр бўлган айфон қалинлиги энди 8.05 миллиметрга бориб қолади.
  4. Автоматик ёрқинлик ва Face ID. Текшириб кўрилган нооригинал дисплейларда экран ёрқинлигининг автоматик созланиши функцияси ишламаган. Аммо юзни таниш функцияси меъёрий тарзда ишлашда давом этган.
  5. 3D Touch. Экранга тегинишларнинг давомийлиги ва кучлилигига кўра турли функцияларни тақдим этувчи ушбу технология оригинал бўлмаган дисплейларда меъёрида ишламайди. Масалан, улардан айримларида турли даражадаги тегинишларга интерфейснинг маълум бир қисмигина жавоб берган, бошқаларида эса дисплей 3D-тегинишни умуман фарқлай олмаган.
  6. Тасвир сифати. Бегона дисплейларда контент оригиналидагидек тиниқ бўлмайди. Уларда ранглар Apple қўллаётган экранлардаги каби ёрқин ва жонли чиқмайди. Умуман олганда, iPhone X’га кўпчилик таъмирлаш марказларида оригинал OLED-дисплей эмас, балки арзон LCD-панеллар қўйиб беришади. Натижада суперфлагманнинг юксак технологик дисплейи гўзалликларидан, имкониятларидан маҳрум бўласиз.

ЎҚИНГ: iPhone сотишдаги энг кенг тарқалган алдовлар ва уларга алданмаслик йўллари

Мана, қуйидаги видеолавҳада оригинал ҳамда нооригинал iPhone X дисплейлари орасидаги фарқларнинг барига ўзингиз гувоҳ бўлинг:

Хулласи калом, ҳар қандай смартфоннинг экранини алмаштирганда оригиналини ўрнатган маъқул. Ундан ҳам яхшиси – албатта, телефонингизни шикастланишдан сақлаганингиз яхши.

ЎҚИНГ: Экранни турли қирилиш-чизилишлардан тозалашнинг 6 услуби

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!