ORII – смартфонга камроқ қарашга ёрдам берувчи ақлли узук (+видео)

  •   DiMaX
  •  1414
  •  21.07.2017 13:39

ORII – смартфонга камроқ қарашга ёрдам берувчи ақлли узук (+видео)

Технологиялар асрида қўлга тақиладиган гаджетлар тобора оммалашиб бормоқда. Бу борада ҳамма асосан ақлли соатлар ва билагузукларга зўр бераётган бўлса, Kickstarter’даги ишқибозлар янада илгарилаб кетишди – улар ақлли узук яратишди!

ORII деб аталувчи ушбу ақлли узукни ишлаб чиқаришга Kickstarter’да маблағ тўплаш кампанияси муддатидан аввал якунланди – керакли миқдор кутилганидан тезроқ йиғилди. Натижада ушбу ақлли гаджет аллақақон дунё юзини кўрди.

Йирик узук кўринишидаги мазкур ақлли девайс бармоққа тақилади ва смартфоннинг энг асосий функцияларини бажара олади. Натижада сиз телефонни чўнтагингиз ё сумкангиздан олишингизга, экранига қарашингизга ҳожат қолмайди.

ORII смартфонга келган, фойдаланувчи томонидан белгилаб қўйилган турдаги билдиришномаларни етказади, жумлаларни бошқа тиллардан ўгиришга, тақвим (календар)даги воқеаларни ва эслатмаларни текширишга ҳамда янгиларини яратишга имкон беради. Бундан ташқари, ушбу ақлли узук Siri ҳамда Google Now билан интеграциялаша олади; бу эса унинг имкониятлар доирасини янада кенгайтиради.

Шунингдек, ORII ақлли узуги Bluetooth орқали смартфонга уланган ҳолда, қўнғироқларни ҳам амалга ошира билади. Қизиғи – микрофон узукнинг ўзига ўрнатилган бўлса, динамик унда умуман йўқ. Шунга қарамай, у овозни бошқача усулда – суякнинг товуш ўтказувчанлиги технологияси орқали етказиб беради. Яъни, ORII тақилган бармоғингиз учини қулоғингиз ёнига босасиз ва суҳбатдошингиз товушини бемалол эшитаверасиз! Мазкур технологиянинг ўзига хосликларидан бири – бунда сизнинг суҳбатингиз махфийлиги таъминланади – суҳбатдошингизни ёнингиздагилар эшита олишмайди.

ORII уч хил ранг вариантидаги дизайнда ишлаб чиқарилади. У IPX7 стандарти бўйича сувдан ҳимояланган. Ўлчами буюртмага кўра – ҳар бир буюртмачининг бармоғи йўғонлигини ҳисобга олган ҳолда танланади. Кейин ҳам унинг ўлчамини учта силикон қўшимча ёрдамида салгина ўзгартиришингиз мумкин бўлади.

Ақлли узукнинг аккумулятори бир соатлик суҳбат режимини ҳамда 45 соатлик кутиш режимини бемалол қўллаб-қувватлайди.

Қуйида унинг ишлатилиши акс эттирилган видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин:

 Мазкур ақлли узук нархи 99 АҚШ долларини ташкил этади. Буюртмаларни шу йилнинг сентябриданоқ жўнатишни бошлашади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!