Ортга назар: iPhone 7 Plus — иккита камерага эга, лекин 3.5 мм аудио жекдан маҳрум қилинган илк iPhone

Ортга назар: iPhone 7 Plus — иккита камерага эга, лекин 3.5 мм аудио жекдан маҳрум қилинган илк iPhone

Apple корпорацияси 2016 йил сентябрь ойида ўзининг iPhone серияси смартфонларини тақдим қилганди. серия таркибига иккита смартфон iPhone 7 ва iPhone 7 Plus'лар киради. Қуйида iPhone 7 Plus ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Қаҳрамонимиз нафақат ҳажман каттароқ, балки қўш камерага эга илк iPhone ҳам эди. 12 мегапикселлик асосий камера ёрқинроқ линзалардан фойдаланган ва тасвир сифати ҳам ошган. iPhone 6s моделларида апертура f/2.2 бўлган бўлса, iPhone 7 Plus'да f/1.8 эди. Apple, шунингдек, LED чироқлар сонини икки баравар ошириб, тўрттага етказган, натижада чироқлар ёруғлиги эски моделларникига қараганда 50% юқори бўлган.

Иккинчи камера эса 12 мегапикселлик телефото камера эди. Ушбу иккинчи «кўз» 2 карра катталаштириш хусусияти ва 10 карра рақамли зум функциясига эга эди. Асосий камерадан фарқли, бу камера оптик стабилизацияга эга эмасди.

Нима бўлганда ҳам, 58 мм лик объектив портретлар олиш учун мукаммал вариант эди. Тўғри, 1/3" датчик табиий боке эффектини яратиш учун кичиклик қиларди, бироқ Apple'нинг янги Тасвир Сигнали Процессори (ISP) деб аталган алгоритми ҳар икки камерадан фойдаланиб юза сатҳи харитасини яратар олар ва фонни блур қилиш имконига эга эди.

...

Рақамли бокени кўрсатувчи расмий портрет суратлари

FaceTime камераси бўлса 5МП ўрнига 7МП резолюцияга эга бўлди. Бу эса илк маротаба 1080p видеоларни ёзиш имконини яратди. Махсус чироққа эга бўлмаган олд камера ёруғлик кам бўлган шароитларда экран ёруғлигига таянар эди. «Retina flash» деб номланган ушбу функция экранни оқ рангга киритмаган, балки тери туслари тасвирда яхшироқ акс этиши учун дисплей ранги ҳароратини атроф ёруғлигига мослаштирган.

iPhone 7 Plus'га иккинчи камера қўшилган бўлса-да, смартфондан муҳим бир жиҳат олиб ташланган. Бу ҳам бўлса, аудио учун 3.5 мм лик тирқиш эди. Қулоқчин орқали мусиқа тинглаш учун зарядлаш порти (Lightning) дан фойдаланиладиган бўлди. Ишлаб чиқарувчи ҳаттоки бир томони 3.5 мм аудио тирқиш учун иккинчи томони Lightning портига тушадиган махсус кабелни ҳам қадоқ таркибига қўшган. Бундан ташқари, қадоқ таркибида симли EarPods ҳам бор эди. Баъзилар буни янги iPhone'лар билан бир вақтда тақдим қилинган AirPods'ни тарғиб қилишга қаратилган маркетинг ҳийласи деб ҳисоблаган.

Эътиборлиси, Lightning портидан фақат MFi сертификатига эга аккессуарлар билан фойдаланиш мумкин. Бу стандартни Apple'нинг ўзи назорат қилгани боис купертиноликлар аккессуар ишлаб чиқарувчи компанияларга лицензия тўловини жорий қилади. Яъни Lightning портига тушадиган симли наушникни Apple'дан бошқа компаниядан сотиб олган тақдирингизда ҳам, Apple харидингиздан билвосита фойда кўради.

Кимлардир Apple'нинг аудио жекдан воз кечганини қоралаши мумкин, лекин бу стратегия барибир ўта ақлли иш бўлган. Бошқа смартфонсоз компаниялар ҳам ўзларининг симсиз қулоқчинларини ишлаб чиқариб айни йўлни тутишлари мумкин бўлди. Лекин, аввалига, улар Apple'нинг устидан кулишганини ҳам унутмаслик керак!

...

3.5 мм аудио жек олиб ташланиб, унинг ўрнини Bluetooth ва Lightning эгаллаган

Орадан икки йил ўтиб, яъни 2018 йилда iPhone 6s ва SE'лар сотувдан олиб ташланиши билан iPhone'лардаги аудио тирқишнинг ҳаётига ҳақиқий нуқта қўйилди. Чунки бу моделлар 3.5 мм аудио жекка эга энг сўнгги iPhone'лар эди. Худди шу вақтдан бошлаб, Apple смартфонлари таркибидан аудио адаптерни ҳам бутунлай олиб ташлади.

Ўтган ҳафта ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Нафақат янги, балки эски iPhone'лар қадоғидан ҳам қувватлагич билан симли EarPods қулоқчинлари олиб ташланди. Бу эса электрон жиҳозлар ҳосил қиладиган чиқиндиларни камайтириши таъкидланди.

Мавзуга қайтсак. iPhone 7 жуфтлиги компаниянинг сувдан ҳимояланган илк моделлари ҳам эди. Қурилмалар чанг ва сувдан ҳимоянинг ўрта даражадаги IP67 кўрсаткичига эга эди. Бироқ компания муҳандислари бу борада қаттиқ тер тўкишди. Айни дамда, iPhone'лар ҳар қандай смартфонни (агар у махсус ишлаб чиқарилган модель бўлмаса) сувга чидамлилик борасида ортда қолдира олади — iPhone'ларни 6 метр чуқурликдаги сув остида ҳам ишлатиш мумкин. Ваҳоланки, аксарият рақобатдош моделларда бу кўрсаткич атиги 2 метрга тенг. 3.5 мм аудио жекни iPhone 7'дан олиб ташлаш ҳамда моддий тугмачалардан ҳам воз кечиш сув ва чангдан ҳикояни осонлаштирди. iPhone 7 моделларида моддий тугма ўрнига капаситив уй экрани «тугма»сидан фойдаланилган.

Келаси йили, яъни 2017 йилда, iPhone X'га Face ID жорий қилиниши билан Apple ўз қурилмаларидан капаситив тугмачани ҳам бутунлай олиб ташлай бошлади. Бунга тўхталиб ўтишдан мақсад шуки, «MagSafe симсиз қувватлаш тизимининг бу йилги iPhone'ларга жорий қилингани келажакдаги iPhone'лардан Lightning портлари олиб ташланишидаги илк қадаммикан?», деган савол пайдо бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. iPhone 7 ва iPhone 7 Plus'лар компаниянинг Apple A10 Fusion чипида ишлаган илк қурилмалари ҳамдир. Ушбу чип Apple'нинг илк гетероген CPU'си эди, яъни чип иккита катта Hurricane ва иккита кичкина Zephyr ядроларидан иборат эди.

Компания A14 чипининг кучайтирилган версиясида ишлайдиган MacBook'ларни тақдим қилишни ҳам режалаётганини маълум қилди. Ушбу лептоп чипи битта катта ва 4 та кичкина ядролардан иборат бўлади. Бу эса A10 чипининг эволюцион версияси ҳисобланади. Apple, шунингдек, ўз қурилмаларида ўзи ишлаб чиқарган ядро процессорларини ишлата бошлади. Барча қисмлари Apple'нинг ўзида ишлаб чиқарилган MacBook'лар шу йилнинг ўзидаёқ тақдим қилиниши керак.

Яна iPhone 7'ларга қайтсак. Бу икки моделнинг ҳажми 4.7" ва 5.5" дюйм эди. Аввалига, Apple'га фаблетлар ишлаб чиқариш ғояси ёқмаган. 5.5" дисплей ўз даври учун кичик экран ҳисобланган. Бугунги стандартларга кўра ҳам, iPhone 7 Plus экрани анчайин кичкина. Лекин бу йил тақдим қилинган iPhone 12 mini 5.4" экранга эга. Ушбу модель бўйига узунроқ бўлган 19.5:9 томонлар нисбатига эга. Бироқ iPhone 7 Plus ва 12 mini'лар ҳажман бир-бирига яқин. Булардан биринчисининг экран майдони 84.3 см², иккинчисиники эса бундан 15% кўпроқ.

Ўтган йиллар давомида кичиклик тушунчаси ўзгарди. Ҳозирда энг катта iPhone бўлмиш 12 Pro Max 6.7 дюймлик экран билан жиҳозланган. Apple'га катта смартфонлар ёқиб қолди.

...

2016 йилги iPhone жуфтлиги мобил саноатга улкан таъсир ўтказди. iPhone 7'лар билан аудио тирқишсиз смартфонлар келажаги бошланди. Бирдан ортиқ камерага эга бўлиш ҳам смартфоннинг муҳим жиҳатларидан бири сафига ўтди. Ёдингизда бўлса, 2017 йилги Samsung Galaxy S8 иккита камерага эга эмасди. Лекин Apple'га эргашиб Samsung ҳам Galaxy S8'дан бир неча ой ўтиб тақдим қилинган Note8 моделларига иккита камера ўрнатди.

Apple смартфонга иккита камера ўрнатган ёки уларни сувга чидамли қилган биринчи компания эмасди. Ваҳоланки, буларни биринчи бўлиб амалга оширган LG ва Sony компанияларидан фарқли ўлароқ, Apple тренд ярата олади. iPhone 7 Plus эса бунинг ёрқин намунасидир.

ЎҚИНГ: Apple iPhone 12, 12 mini, 12 Pro ва 12 Pro Max: моделлар ўртасидаги фарқ нимада?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.