Ортга назар: кутилмаган брендлардан ноодатий телефонлар

Ортга назар: кутилмаган брендлардан ноодатий телефонлар

Йирик смартфон брендлари билан яхши танишсиз. Агар сайтимизни мунтазам равишда кузатиб борсангиз, улар ҳақида ҳар куни янгиликлардан бохабар бўлиб борасиз. Лекин баъзида смартфон саноатига алоқадор бўлмаган компаниялар ҳам ўзларининг асосий бизнесини тўлдириш мақсадида смартфон ёки оддий телефон ишлаб чиқаради. Қуйида мана шундай мисоллардан баъзиларига эътибор қаратамиз. Бундай смартфонлар жуда ҳам ўзига хос бўлади.

Marshall London
Marshall компанияси ўзининг гитара кучайтиригичлари ва бошқа аудио ускуналари билан яхши танилган. Компания 2015 йилда Android смартфон ҳам ишлаб чиқарган.

Marshall London деб номланган ушбу смартфон ўта ўзгача қурилма эди, сабаби у бир эмас, иккита аудио жекка эга бўлган. Бу эса бир вақтнинг ўзида икки кишининг смартфондан мусиқа тинглашига имкон яратган. Аудио жекларнинг ҳар бири умумий сигнални қабул қилмасдан, махсус Wolfson WM8281 товуш концентраторига эга бўлган. Бу билан ҳар бир қулоқчинга узатилаётган овоз баландлигини алоҳида назорат қилишга имкон яратилган. Ҳа айтганча, Marshall London овоз назорати тугмаси ҳам ўзгача эди.

Смартфондаги аудио жекларнинг қизиқ томони шундаки, улардан киритиш порти сифатида фойдаланиш мумкин бўлган. Жекларнинг бирига гитарани, иккинчисига эса қулоқчинни улаш мумкин эди. Юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, гитара кучайтиригичлари Marshall'нинг асосий бизнеси ҳисобланади. Marshall London смартфони бу бизнесга мукаммал безак бўлган. Смартфонда олдиндан ўрнатилган бир неча овоз ёзиш иловалари бўлган. Бу дастурларни M тугмасини босиш билан очиш мумкин эди.

Мисол учун, LoopStack иловаси қисқа овоз ёзиш ва уни эшитиб кўриш имконини берарди.

Аудио жекларнинг бирига микрофон уласа ҳам бўлади. Лекин Marshall London'нинг ўзи юқори сифатли стерео микрофонларга эга эди. Смартфон кучли олд динамикка ҳам эга бўлган. Мусиқа билан шуғулланувчилар учун Marshall London зўр смартфон бўлган. Ваҳоланки, Android смартфон сифатида Лондон унчалик ҳам яхши қурилма эмасди. 4.7" IPS LCD экран, 720p резолюция, секин ишловчи Snapdragon 410 чипи, 2ГБ оперативка ва 16ГБ доимий хотирадан ҳам буни сезиш мумкин. Marshall London 585 доллар нархда сотувга чиққан. Қурилма техник жиҳатдан мукаммал бўлмаса ҳам, мусиқий имкониятлар борасида ҳатто ҳозирги флагманлар ҳам Marshall London'нинг олдида ип эҳса олмайди.

Ulysse Nardin Chairman
Marshall London компаниянинг бизнеси смартфон кўринишида муваффақият билан намойиш қилингани намунаси бўлса, Ulysse Nardin Chairman бундай эмас. Агар шоҳона швед механик соатлари билан таниш бўлмасангиз, Ulysse Nardin номини эшитмаган бўлсангиз ҳам керак.

Компания бир неча ўн йиллардан бери автоматик соатлар ишлаб чиқаради. Автоматик соатлар, аслида, механик соат бўлиб, уларда билагингиз ҳаракатланиши билан соат муруввати автоматк равишда буралади. Бу эса соат фақат уни тақсангизгина қувватланади деганидир. Худди шу концепцияни телефонларга ҳам татбиқ қилиш яхши фикр бўларди.

Соатсоз компания худди шу ғояни Chairman телефони билан амалга татбиқ қилишга ҳаракат қилди. Телефон орқасида махсус тош бўлиб, у телефон қимирлаши билан айланар эди. Пружинани бураш ўрнига бу аккумулятор қувватини оширишга хизмат қиларди. Кўринишидан чиройли бўлган бўлса-да, бу компонент аслида аккумулятор автономлигини сезиларли даражада оширмаган.

Бу телефон амалий аҳамиятга эга бўлишдан кўра кўпроқ шоҳона маҳсулот вазифасини бажаришга мўлжалланган эди. Худди Ulysse Nardin соатлари билан бўлгани каби, 1846 дона нусхада ишлаб чиқарилган Chairman телефонларининг ҳар бири сифат йўриқномаларига қатъий амал қилган ҳолда қўлда йиғиб чиқилган.

Базавий модель нархи 14 000 АҚШ долларидан бошланган (бу шоҳона швед соатлари стандартларига кўра, ўрта нарх). Аммо агар қўлда кесилган 17 каратлик 3 000 дона олмос ҳам ўрнатилишини хоҳласангиз, телефон нархи 100 минг доллардан ҳам ошиши мумкин эди. 3 мингта олмосларни телефонга қўйиб чиқиш учун 700 иш соати ва етти ой муддат керак бўлади.

Телефоннинг ўзига қайтсак, Ulysse Nardin Chairman 2009 йилги телефонларга қараганда нисбатан кучли қурилма эди. Телефон 2.8" тачскрин, 5МП камера, Wi-Fi алоқаси ва ҳатто бармоқ изи сканерига ҳам эга бўлган (қиёс учун, биринчи бармоқ изи сканерига эга iPhone 2013 йилда чиққан — iPhone 5s). Ёмон эмас, лекин кўпчилигимиз учун ўта қиммат.

Puma Phone
Puma Phone (Sagem томонидан ишлаб чиқарилган) аккумулятор автономлигини узайтиришнинг нисбатан амалий усулини ўзида мужассам этган эди — телефон орқасида қуёш панели бўлган. Телефонни бир соат қуёш нурида олган қувват ярим соат мусиқа тинглаш ёки 30 та SMS ёзиб жўнатишга етиши айтилган. Леэкин, аслида, телефондаги қуёш панели умуман яхши ишламаган.

2010 йилда тақдим қилинган телефоннинг 240х320p резолюцияга эга 2.8" резистив тачскрин экрани ва 3.15МП камераси бор эди. Wi-Fi мавжуд бўлмаган.

Телефон GPS, вело трекер, югуришни кузатиб бориш функцияси ва қадамларни санаб бориш хусусиятларига эга бўлган. Puma телефонидан спортга ихтисослашган телефон кутамиз-да!

Puma Phone смартфон бўлмаса ҳам, Facebook, Twitter, Flickr ва YouTube, Puma Icon Messaging ва чат клиентга эга эди. 240х180p резолюцияли олд камераси билан эса 3G видео қўнғироқларни ҳам амалга ошириш мумкин бўлган. Телефон нархи 450 доллар бўлган.

Adidas miCoach
Ака-ука Дасслерлар ўртасидаги рақобат фақат спорт кийимлари билан чегараланиб қолмаган. 2008 йилда Samsung F110 телефони Adidas miCoach сифатида қайта тақдим қилинган.

miCoach Adidas юрак уриши назорати тасмаси ва оёқ кийимга ўрнатилувчи югуриш сенсори билан симсиз улана оларди. miCoach дастурий таъминоти трейнерлик вазофасини яхши бажара олган. Масалан, дастур сизга 1 км масофага имкон қадар тез югуриш топшириғини бериши мумкин эди. Ушбу машқ тури югуришингизни баҳолаб, жорий саломатлик даражангизни аниқлаб берарди.

Телефон билан бир неча фитнесс мақсадлар, масалан, «Югуришни ўрганиш», «Вазн ташлаш», «Тезроқ югуриш», «Узоқроқ югуриш» кабиларга эришиш мумкин бўлган. Машғулотлар борасидаги маълумот компьютерингизга синхронланиб бориларди.

Ҳозирда юқоридаги функцияларнинг аксарияти ақлли тасма ва ақлли соатларда мавжуд, бироқ баъзи смартфонлар махсус ташқи спорт мосламасини улашга мўлжалланган ANT+ ни ҳали ҳам қўллаб-қувватлайди.

Vodafone 555 Blue
Vodafone 555 Blue телефони Facebook учун мўлжалланган эди. HTC ChaCha ёки HTC First'лардан фарқли ўлароқ бу телефон сизни Facebook'ка улашдан бошқа вазифани бажармаган.

ChaCha каби Vodafone 555 Blue ландшафт дисплейи (2.4", 320х240p) ва моддий QWERTY клавиатурасига эга эди. Клавиатуранинг пастки ўнг бурчагида Facebook логотипи туширилган тугмача бўлган. Уни босиш билан Facebook тармоғига тўғридан-тўғри кириш мумкин эди.

Қурилма смартфон бўлмаса ҳам, унга Vodafone Live! порталидан Java дастурларини юклаш имкони бўлган. Булар қаторига баъзи ўйинлар кирган. 2011 йилда чиқарилган ва 60 фунт стерлинг нархга эга бу телефон 2G алоқасига эга эди.

Тасвирлар GSMArena.com сайтидан олинди.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қиммат 10 смартфон

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.