Осиёча инновация: технологик тараққиётнинг 10 тамойили

Осиёча инновация: технологик тараққиётнинг 10 тамойили

Кореянинг таниқли KAIST Business School таълим муассасаси профессори Сун Жу Парк бир вақтлар Samsung Group компаниясида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаган.  Профессор яқинда Samsung, Lenovo, Xiaomi ва Осиёнинг бошқа технологик компанияларининг бу қадар тезкор муваффақият қозонишлари юзасидан шахсий тезисини эълон қилди. Қуйида профессорнинг энг муҳим фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Турмуш тарзининг барча жабҳаларига илғор ғояларни жорий қилинг. 10 минг йил аввал гуруч етиштирилиши ҳам ўша давр учун инновацион янгилик бўлган. Аммо, инсоният 5 минг йил аввал хамиртурушли нон тайёрлаш сирини кашф қилган. Бугунги технологиялар даврида бу каби тарихий инновацияларни амалга ошириш осон иш эмас. Аммо, жамиятдаги илғорлик аввало, ундаги ҳар бир инсондаги ўзгариш, ич-ичидан янгиликка бўлган эҳтиёж боис юзага келади.

2. Ўз ризқингизни тўғри танланг. Samsung агар аналог телевизорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, Sony билан курашганида рақобатда аллақачон япониялик рақибига мағлуб бўлган, таназзулга юз тутган бўларди. Шу боис, кореялик гигант рақамли телевидение технологиясини ривожлантиришга аҳд қилди ва муваффақият қозонди. Одамлар ҳаётига инновацион технологияни олиб киргани уни лидерга айлантирди.

3. Инновация — бу фақат маҳсулот эмас. Бу, биринчи навбатда хизмат кўрсатиш, бизнес-жараён ёки бизнес-моделдир. Тушунарли тилда айтганда, бу шунчаки янгилик эмас, балки ҳурмат ва қадр-қимматни оширадиган омил. Ҳар бир хизмат кўрсатувчи бу тамойилни тушуниши лозим.

4. Технология бозорида доимо мутлоқ етакчи ва технологияни ишлаб чиқарувчи бўлади. Мисол учун, кир ювиш машинкаси технологиясини Bendix компанияси ишлаб чиққан бўлса ҳам, бу бозорда LG етакчилик қилади. Интернетда ҳам Saerom компанияси овозли алоқани илк бор ишлаб чиққан бўлса, негадир ҳамма Skype’дан фойдаланади. Гибрид-автомобилларни биринчи бўлиб Pieper намойиш қилган, бироқ ҳамма Toyota’ни тан олади. Илк MP3-плеерни кореялик Saehan компанияси ишлаб чиқарган, лекин Apple’нинг MP3-плеерлари оммалашиб кетди. Ёки кореялик Cyworld компаниясини кўпчилик танимайди ҳам. Ваҳоланки, Марк Цукербергдан олдин Facebook’ ғояси айнан Cyworld томонидан ишлаб чиқилган. Айтмоқчиманки, биринчи бўлмаса ҳам, инновация ёрдамида бозорда етакчи бўлиш мумкин.

5. Қандай қилиб илғор бўлиш мумкин? Бир вақтнинг ўзида ҳам ижодий, ҳам танқидий фикрлаш орқали. Идеал ғоя ҳеч кимда бўлмайди. Аввалига илмий таклиф ёки ғоя изоҳи, яъни гипотеза бўлади. Уларнинг қанчалар ўзини оқлашини таҳлил қилиш керак. Илмдан фарқли равишда, камдан-кам ғоялар универсал бўлиши мумкин. Бизнесда компанияларнинг илғорлигини тўғри ёндашув ҳамда тўғри ечим белгилайди.

6. Кўчириш – бу ёмон одат эмас. Болалар нима қиладилар? Улар ота-оналарига тақлид қилишади, улардан феъл-атвор кўчирадилар. Бутун инсоният тарихи – бу тақлид қилишдан иборат. Айнан кўчириш ва тақлид қилиш туфайли Ер юзида ғоялар бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юради. Айнан шу жараён инновация ва янгиликларнинг манбаи. Кўр-кўрона кўчириш эса ноқонуний, бу билан ҳеч ким узоққа бора олмайди. Ижодий жиҳатдан эса, кўчирмакашлик орқали янгилик олиб кириш – бу илғорликнинг туғилишига хизмат қилади. Бу бизнеснинг муҳим бўлагидир.

7. Осиёда инновациянинг жадал ривожи аҳоли сони ва талабнинг юқорилиги, турмуш тарзининг жадал ўсаётгани билан боғлиқ. Шунингдек, бу ерда иқтисодиёт ва ички улушнинг юқорилаб бориши бошқа минтақаларга қараганда жуда тез. Шунинг учун ҳам, жаҳондаги ҳар 3 та йирик компаниядан бири бугун Осиёда жойлашган. Айнан – Тайван, Япония, Хитой ва Кореяда.

8. Инновация, яъни илғорликнинг “маданий илдизлари”га диққат қилинг. Биринчи ўринда “мен” ёки “биз” туриши керакми? “Мен” — бу индивидуализм, яъни шахсиятпарастлик. “Биз” эса — жамоадошлик, бошқалар билан ҳам ҳисоблашиш. Ғарб кишиси “бахт” деганда шахсий эркинликни тушунса, шарқликлар учун ижтимоий уйғунлик, одамлар орасида бўлиш бахт дегани. Осиё давлатларидаги ривожланиш ҳам айнан ана шу маданий ўзлик билан боғлиқ. Шарқ компаниялари ҳам бизнес тамойилларини, ривожланиш дастурларини тузишда шунга асосланадилар, улар учун компания ва унинг ходимлари мисоли бир оила. Ана шунда оила аъзолари ҳар куни бу хонадонга янги илғор фикрлар билан шошадилар.

9. Осиёдаги ҳар бир халқаро компания ўзига хосликка эга. Lenovo қайишқоқ ва кўп маданиятли, Samsung — тезкор, Toyota — аниқ ва хослашган маҳсулотлари, Xiaomi — арзон ва сифатли маҳсулотлари билан тилларга тушган. Бизнесда ўзига хос жиҳатга эга бўлиш жуда муҳим. Шунда сиз тўғризда тез ва осон эслашади.

10. Шарқ компаниялари “мах-менежмент”дан яхши фойдаланадилар. Бу нима дегани? Бу “товуш тезлиги” менежменти. Бу илғор технологик саноат учун жуда зарур. Маҳсулотни тезкор ишлаб чиқариб, нарх-навосини тезкор мақбуллаштириш, уни янада тезкор илғорлаштириб, яна ҳаммадан олдин бозорга чиқариш. Буларни ҳаммасини тезкорлик билан бажариш керак. Бу сизга муваффақият келтиради, хато қилсангиз, тўғирлашга имкон беради.

Сўнгги хулоса ўрнида: бошқа компаниялар Toyota, Samsung ва Lenovo каби компанияларнинг технологиясига тақлид қилиши, уларни ўғирлаши мумкинми? Йўқ. Боиси, бунинг учун уларнинг бизнес-моделлари, бошқарувдаги ўзига хосликлар, анъаналарни ипидан-игнасигача ўрганиб чиқиш керак бўлади. Бир ҳақиқатни унутманг – инновациянинг ягона универсал модели йўқ, у маданий ўзлик ўзагига чуқур ўрнашган бўлади. Кимдандир нусха кўчиришингиз мумкин, бироқ илғор бўлиш учун ижод қилишга мажбурсиз.