Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

  •   DiMaX
  •  2971
  •  19.10.2020 17:59

Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

Шу йилнинг сентябрь ойида Reliance Jio компанияси (Ҳиндистон) раҳбари мамлакатда 5G тармоғини йўлга қўймоқчи эканлигини маълум қилганди. Шу билан бирга, бу компания атиги 4000 рупий (тахминан 54 АҚШ доллари) келадиган Android-смартфонни тақдим этиши айтилган.

ЎҚИНГ: Ҳиндистонни «Jio’лаштириш»: 1,3 миллиард аҳолини БЕПУЛ 4G-алоқа билан таъминлаб, интернетни 5 карра арзонлатган миллиардер!

India Economic Times нашрининг хабар беришича, Reliance Jio бешинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишловчи смартфонларини ундан ҳам арзон – атиги 34 долларлик нархда чиқаради. Бироқ бунга босқичма-босқич эришилади: дастлаб 70 доллардан арзонроқ бўлган 5G-смартфонлар тақдим этилади. Савдо ҳажмининг ўсишига қараб, Reliance Jio нархларни 34 доллардан 41 долларгача бўлган оралиққача туширади.

Таъкидлаш керакки, Ҳиндистонда ҳозир энг арзон 5G-смартфон бу – 340 долларлик OnePlus Nord ҳисобланади. Бордию Jio режаси амалга ошса, унинг мазкур маҳсулоти бешинчи авлод уяли алоқа стандартида ишловчи дунё бўйича энг арзон телефон бўлади.

Ҳиндистон ҳукумати телекоммуникацион хизматлар тақдим этувчиларга ҳозирча 5G тармоқларида синовлар ўтказиш учун частоталар спектрини ажратгани йўқ. Reliance Jio эса айни дамда ўзининг 5G-жиҳозлари устида ишлашдан ташқари, алоқа вазирлигидан 5G спектрининг ажратилишини кутмоқда. Компания ўзининг 2G тармоғидаги 300 миллиондан ошиқ абонентларини 5G тармоғига ўтказишни режалаштирмоқда.

5G тармоғида ишловчи биринчи Jio Phone қурилмаси 2021 йилда намойиш этилиши кутилмоқда. Бу йилнинг охирига бориб эса компания 50 доллар атрофидаги нархда янги 4G-смартфон чиқаради, дейишмоқда.

ЎҚИНГ: Дунёдаги барча 5G-тармоқлар харитаси ишга тушди: Марказий Осиёда биттагина мамлакат!