OurMine хакерлари бу гал Google бош директорини “нишонга” олишди

OurMine  хакерлари бу гал Google бош директорини “нишонга” олишди

OurMine гуруҳи ҳисоб қайдномаларини бузиш орқали хавфсизлик муаммоларига эътиборни қаратишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази хабар бермоқда.
Бузғунчилар Quora хизматидаги савол-жавобларда Google бош директори Сундар Пичаига тегишли ҳисоб қайдномасини бузганлар. OurMine хакерлик гуруҳи мазкур ҳодиса бўйича масъулиятни ўз бўйнига олган. Мазкур хакерлик гуруҳи аввалроқ Марк Цукербергнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бузган эди.
The Next Web нашри хабарига кўра, бузғунчилар Пичаи номидан Quora саҳифаларида бир қатор хабарларни чоп этганлар. Чунки, унинг ҳисоб қайдномаси мазкур хизматда Twitter ижтимоий тармоғига боғлаб қўйилган. Хакерлар ўз ютуқлари – Google  бош директорининг 508 минг фолловерлари ҳақида маълумот тарқатдилар. Хакерлар бузилган ҳисоб қайдномасида: “Салом, бу OurMine, биз шунчаки сизнинг хавфсизлигингизни синовдан ўтказяпмиз. Марҳамат, уни яхшилаш учун “OurMine”га ташриф буюринг”, – дея хабар қолдирганлар.
Уч иштирокчидан иборат OurMine гуруҳи технологик компаниялар раҳбариларига уюштирган ҳужумлари билан танилганлар. Пичаи ва Цукербергдан ташқари, Spotify раҳбари Дэниел Эк, шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғининг собиқ раҳбарлари Дик Костоло ва Эван Уильямслар ҳам ушбу гуруҳ қурбонига айланганлар. Mic журналистларига берган интервьюларида хакерлар фаолиятларининг дастлабки даврларида шахсий маълумотлар излаб ҳисоб қайдномаларини бузиш билан шуғулланганлари, бироқ кейинчалик ўз йўналишларини ўзгартириб, “хавфсизлик гуруҳига” айланиб олганлари ва аккаунтларни бузиш орқали хавфсизлик масалаларига эътиборни қаратишни мақсад қилганларини билдирганлар.
Хакерлар – “Биз фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини синовдан ўтказамиз. Ҳеч қачон уларнинг паролларини ўзгартирмаймиз. Бошқа хакерлар уларни бузиши ва паролларини ўзгартира олиши учун ҳам шундай қиламиз”, – дея баёнот берганлар.
OurMine аъзолари Пичаи ҳисоб қайдномасига ҳужум уюштириш пайтида Quora платформасидаги заифликдан фойдаландилар. Уларнинг сўзларига кўра, компаниянинг бу муаммодан хабари бўлган бўлса ҳам улар муаммони бартараф этмаганлар.
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.