Owy – сизга қарздорларни эслатувчи илова!

  •   DiMaX
  •  2538
  •  22.03.2017 11:50

Owy – сизга қарздорларни эслатувчи илова!

Тиниб-тинчимаган дастурчилар антиқа иловани ишлаб чиқишди – у кимга қарз берганингизни эслатиб туради. Нима ҳам дердик, бу тезкор замонда шу ҳам бир зарурат…

Унинг ишлаши ҳам оддийгина: кимгадир қарзга пул берсангиз, ё бирор буюмингизни бериб турсангиз, ўша заҳотиёқ Owy иловасида бу ҳақда карточка очасиз. Унинг сарлавҳасини киритасиз, қарздорнинг контакт маълумотларини ва қачон берганингизни ёзиб қўясиз.

Бир ҳафта ўтиб, Owy сизга эслатма юборади – унда ўша буюм ёки пулингизни ўз вақтида олишни унутмаслигингиз тавсия этилади. Шу эслатмани у қарздор томонга ҳам – смартфонига ўрнатилган исталган мессенжер ёки почта дастурига жўнатади. Қарабсизки, «Эсимдан чиқиб қолибди, ўртоқ…» ёки «Йўғе, қачон олгандим ўзи?» каби баҳоналарга асос қолмайди.

Яхши томони шундаки, Owy – бепул илова бўлиб, унга исталган миқдордаги эслатма карточкаларини киритса бўлади. Асосийси – бировга бирор нимани қарзга бераётиб, иловада шуни қайд этиб қўйишни унутмасангиз бас.

Илова iOS ҳамда Android тизимли қурилмалар учун ишлаб чиқилган, аммо ҳозирча унда рус тили йўқ.