Ўзбекистон жамоаси тарихда илк бор Technovation халқаро танловига йўлланма олди

Ўзбекистон жамоаси тарихда илк бор Technovation халқаро танловига йўлланма олди

Ўзбекистонлик қизлар жамоаси юртимиз тарихида илк маротаба Technovation Challenge 2018 халқаро танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.

20 июнда хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиладиган Technovation Challenge 2018 халқаро танловида жаҳон миқёсида иштирок этиш ҳуқуқини қўлган киритган финалчи жамоалар номи маълум қилинди. Улар орасида ўзбекистонлик қизлардан иборат жамоа ҳам бор!

Сўнгги босқичда иштирок этадиган жамоалар ёш тоифасига кўра тақсимланган: катта ёшли (15-18 ёш) иштирокчилар 6 жамоа ҳамда кичик ёшли (10-15 ёш) иштирокчилар 6 та жамоа. "Generation Z" деб ном олган юртимиз жамоаси финал босқичининг кичик ёшли жамоалари ўртасида ғолиблик учун курашади. Бу жамоа тақдим этган илова "ELIST" деб ном олган ҳамда оилада гендер тенглигини таъминлаш мавзусига бағишланган. Илова оилада вазифаларнинг ўғил-қизлар ўртасида ўзаро тенг тақсимланишига хизмат қилади.

Энди жамоа ўз лойиҳасини халқаро ҳакамлар қаршисида ҳимоя қилиш учун тақдим қилиш учун Калифорнияга йўл олади. Танловнинг финал босқичи 2018 йилнинг 6-10 август кунлари бўлиб ўтади. Жамоалар 2 та биринчи ўрин учун баҳсга киришадилар (ҳар бир ёш тоифаси бўйича бир нафар ғолиб эълон қилинади).

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ташкил этилган Technovation Uzbekistan танловида юртимизда 29 та жамоа иштирок этган. Жамоалар мураббий ва раҳбарлар кўмагида Ўзбекистон учун долзарб ҳисобланган ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани ишлаб чиқдилар. Мазкур жараён мобайнида қатнашчилар учун хорижий ва маҳаллий эксперт иштирокида таълимий семинар ҳамда маҳорат дарслари ташкил қилинди.

Technovation лойиҳаси 10-18 ёшли ўқувчи қизлар ўртасида танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ҳамда дастурлаш кўникмаларини шакллантиришни мақсад қилади. Мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг ахборот технологиялари соҳасига қизиқишларини оширади, соҳага хотин-қизларни жалб қилишда муҳим ўрин эгаллайди.