Ўзбекистон тиббиётида электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришга старт берилди

Ўзбекистон тиббиётида электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришга старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов юртимизга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси бўлими директори Клаудиа Стейн бошчилигида ЖССТ делегацияси билан учрашди.

Унда «2018–2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллиги ўртасидаги икки йиллик ҳамкорлик келишуви» доирасида соғлиқни сақлаш ахборот тизими ва маълумотларни бошқариш учун халқаро стандартлардан фойдаланиш бўйича техник кўмаклашув амалга ошириш режалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, ЖССТ делегациясишу йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ахборот тизимини мажмуавий баҳолаш ўтказилиши натижаси бўйича турли давлат органлари ва халқаро молиявий институтлар, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари билан қатор учрашувлар ўтказган эди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов ўртасида мулоқот бўлиб ўтганди. Натижада, ЖССТ экспертлари ҳамкорлигидаЎзбекистонда соғлиқни сақлаш ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа тайёрланди. Унда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва миллий соғлиқни сақлаш ахборот тизимини такомиллаштириш, электрон соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва яхшилаш учун 2018—2020 йилларга мўлжалланган аниқ тадбирлар акс этган.

ЎҚИНГ: Шавкат Мирзиёев: Тошкент юқори технологиялар ривожланган йирик халқаро марказга айланади

Мулоқот давомида соғлиқни сақлаш ахборот тизимини ривожлантириш «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини мониторинг қилиш, баҳолаш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказиш, халқаро экспертларни жалб этиб, соҳа мутахассислари учун тренинглар ўтказиш, электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга грантлар ажратиш масалалари ҳал этилди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда биринчи марта молиявий технология маркази очилди