Ўзбекистон-Хитой янги қўшма корхонаси: «Хавфсиз шаҳар» мажмуасида Huawei технологиялари

  •   DiMaX
  •  541
  •  22.06.2019 08:52

Ўзбекистон-Хитой янги қўшма корхонаси: «Хавфсиз шаҳар» мажмуасида Huawei технологиялари

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг апрель ойида «Бир макон, бир йўл» II Халқаро форумига иштирок этиш мақсадида ХХРга ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф давомида ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувлар имзоланган, деб ёзади Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

ЎҚИНГ: Президент «Huawei» компаниясининг Инновациялар марказида бўлди

Мазкур келишувлар доирасида 2019 йилнинг 17-21 июнь кунлари «China South Industries Group Corporation», «CITIC Group» ва «Costar Group» компаниялари делегациясининг республикамизга ташрифи амалга оширилди.

Музокаралар якунига кўра, 20 июнь куни «Хавфсиз шаҳар» комплексини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ҳамда «CITIC Group» ва «Costar Group» компаниялари ўртасида Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича Таъсис шартномаси имзоланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов қўшма корхонани ташкил этиш тўғрисидаги Таъсис шартномасини имзолаш маросимида иштирок этди.

Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг асосий фаолияти Тошкент шаҳрида 300 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилингани ҳамда Huawei компаниясининг илғор технологиялари ва инновацион ечимларидан фойдаланган ҳолда, «Хавфсиз шаҳар» мажмуасини қуриш ва унга хизмат кўрсатишни амалга оширишдан иборат.

Хорижий делегация ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида тегишли вазирлик ва идоралар билан бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Улардан кўзланган мақсад ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб олишдир.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда илк бор журналист ва блогерларга янги Huawei P30 туркуми смартфонлари камера имкониятлари намойиш этилди!