Ўзбекистонда 15 августдан DVB-Т тўхтатилади. Эски тюнер ва телевизорларга нима бўлади?

Ўзбекистонда 15 августдан DVB-Т тўхтатилади. Эски тюнер ва телевизорларга нима бўлади?

Мамлакатимизда 2019 йил 15 августидан давлат теледастурлари рақамли телевидение дастурларини DVB-T стандартида эфирга узатиш тўхтатилади. Бу ҳақда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение» ДУК хабарномасига асосланиб «Xabar.uz»га маълум қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукумат қарорлари асосида «Ўзбекистон Республикаси ер усти рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча аҳолиси тўлиқ рақамли телевидение дастурлари қамрови билан таъминланган.

Ўзбекистонда ер усти рақамли телевидениесининг Европа стандарти — DVB-T қабул қилинган.

DVB-Т (DVB — инглизча Digital Video Broadcasting — рақамли видео узатиш; Т/Т2 — инглизча Terrestrial — ер усти) — рақамли видеодастурларни эфир (ер усти) орқали узатиш стандарти.

Мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтишнинг илк даврларида — 2008 йилдан бошлаб DVB-T стандарти қўлланилган эди. Ўша даврда дунёда рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти мавжуд бўлиб, кўп мамлакатлар ушбу стандартни жорий этишган. Йиллар давомида телевидение ривожланиб, рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти такомиллаштирилиб, DVB-T2 стандарти яратилиши билан мамлакатимизда ҳам ушбу стандартдаги телеузатгичлар ўрнатила бошлади.

Инвестиция лойиҳалари доирасида республикамизда DVB-T2 стандартидаги рақамли телеузатгичлар ўрнатилиб, бугунги кунда узатилаётган теледастурлар сони 18-19 тагача етказилди.

DVB-T2 стандарти нимаси билан DVB-T дан устун?

Янги стандарт (DVB-T2)нинг эски стандартдан (DVB-T) асосий афзалликлари — сигналнинг халақитбардошлилиги ва узатиладиган каналлар сонини 18-19 тагача етказиш мумкинлигидир.

2017 йилдан бугунги кунга қадар республикамизда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси теледастурлари («O‘zbekiston», «Yoshlar», «Toshkent», «Sport», «Navo», «Dunyo bo‘ylab», «Madaniyat va ma'rifat», «Bolajon», «Kinoteatr», «Oilaviy», «Mahalla», «O‘zbekiston 24») 2 та стандартда, яъни ҳам DVB-T ва ҳам DVB-T2 стандартларида параллел равишда узатиб келинмоқда. Турган гапки, телеканалларнинг бир-бирини такрорлаши ортиқча ресурс ва сарф-харажатларга олиб келаётганди.

Рақамли тизимда узатилаётган теледастурларни оптимизация қилиш, келгусида узатиладиган телеканаллар сонини янада ошириш учун техник имкониятлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республикамизнинг вилоят марказларида рақамли телевидениенинг эски DVB-T стандартида узатиб берилаётган 12 та теледастури эфирини 2019 йилнинг 15 августидан тўлиқ тўхтатиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 15 августидан қуйидаги станциялардаги DVB-T стандартида ишловчи узатгичлар ўчирилади:

  • Андижон вилоятидаги Андижон радиотелевизион станциясида 39 ТВК (телевизион канал) частотада ишловчи;
  • Фарғона вилоятидаги Қўқон радиотелевизион станциясида 40 ТВК частотада ишловчи;
  • Тошкент вилоятидаги Ангрен радиотелевизион станциясида 44 ТВК частотада ишловчи;
  • Тошкент вилоятидаги Бекобод радиотелевизион станциясида 27 ТВК частотада ишловчи;
  • Тошкент вилоятидаги Шоугаз радиотелевизион станциясида 35 ТВК частотада ишловчи;
  • Сирдарё вилоятидаги Гулистон радиотелевизион станциясида 32 ТВК частотада ишловчи;
  • Жиззах вилоятидаги Қўйтош радиотелевизион станциясида 45 ТВК частотада ишловчи;
  • Самарқанд вилоятидаги Чўпон-Ота радиотелевизион станциясида 31 ТВК частотада ишловчи;
  • Навоий вилоятидаги Лангар радиотелевизион станциясида 30 ТВК частотада ишловчи;
  • Хоразм вилоятидаги Урганч радиотелевизион станциясида 34 ТВК частотада ишловчи;
  • Бухоро вилоятидаги Бухоро радиотелевизион станциясида 47 ТВК частотада ишловчи;
  • Қашқадарё вилоятидаги Одамтош радиотелевизион станциясида 47 ТВК частотада ишловчи;
  • Сурхондарё вилоятидаги Вахшивор радиотелевизион станциясида 47 ТВК частотада ишловчи;
  • Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус радиотелевизион станциясида 48 ТВК частотада ишловчи

узатгичлар ўчирилади ҳамда босқичма-босқич DVB-T2 стандартига ўтказилади.

2019 йил 15 августидан сўнг, МТРК теледастурларини рақамли телевидениенинг DVB-T2 стандартида кўриш мумкин бўлади.

Эски (DVB-T) стандартдаги тюнер ва телевизорлар ишлайдими?

Аввало айтиш керакки, DVB-T2 стандартида узатилаётган теледастурларни эски — DVB-T стандартидаги рақамли сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизор ва тюнер қурилмалари қабул қила олмайди.

Ҳозир нодавлат («Mening Yurtim», «Мilliy TV», «Uzreport TV», «Zo‘r TV», «Futbol TV», «Sevimli TV») телеканаллари дастурлари Ўзбекистон ҳудудларига DVB-T2 стандартида узатилмоқда. Агарда телевизорингиз ушбу нодавлат телеканалларини кўрсатаётган бўлса, билинки, сизда DVB-T2 стандарти ишлаяпти. Келгусида ишга тушириладиган янги телеканаллар ҳам DVB-T2 стандартида узатиб берилади.

Телетомошабинлар диққатига!

Шу сабабли, DVB-T стандартида узатилаётган рақамли теледастурларни кўриб келаётган юртдошларимиз DVB-T2 стандартини қўлловчи қурилмаларни (тюнер ёки замонавий русумдаги телевизор) ўрнатишлари лозим бўлади. Шундан сўнггина янгидан-янги ишга туширилаётган телеканалларни томоша қилишингиз мумкин. Эски авлод телевизорлари ёки DVB-T стандартидаги сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизордан фойдаланувчилар DVB-T2 стандартидаги рақамли тюнер қурилмасини улаган ҳолда қўшимча телеканалларни кўришлари мумкин.

Тавсия: Янги телевизор харид қилаётганда, ушбу телевизорда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратинг! Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақда батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Диққат, янгилик!

Ўзбекистон Республикаси президенти қарорига асосан, 2019 йилнинг 1 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг янги «O‘zbekiston tarixi» телеканали дастурлари эфирга узатила бошланади. «O‘zbekiston tarixi» телеканали дастурлари юқори сифатли HD форматида ҳудудларга DVB-T стандарти орқали узатилиши йўлга қўйилади. Кейинчалик ушбу DVB-T стандартида ишловчи телеузатгичлар модернизация қилиниб, босқичма-босқич DVB-T2 стандартига ўтказилади.