Ўзбекистонда 2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари: Тезкор интернетга улаш қандай кетяпти?

  •   DiMaX
  •  2387
  •  04.02.2021 13:44

Ўзбекистонда 2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари: Тезкор интернетга улаш қандай кетяпти?

«Халқ сўзи» газетасининг 22-сонида АКТ вазири Ш. Содиқовнинг «Ёшлар ва ахборот технологиялари: Ўзбекистонда уларнинг салоҳиятини бирлаштириш ҳолати қандай?» номли мақоласи чоп этилди. Шундан юртимизда тезкор интернетга улаш вазифаси қай даражада уддаланаётгани тўғрисидаги қисмини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

ЎҚИНГ: ТАТУ, Амити ва Инҳада нима гаплар? Ал-Хоразмий номидаги мактабда-чи?

Тезкор интернетга улаш вазифаси қай даражада уддаланмоқда?

Ўтган йилги Давлат дастурида ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини тезкор интернетга улаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилганди. Боиси бу ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир. Хўш, улар амалда қандай бажарилди?

Биринчидан, АКТ соҳасининг иқтисодий кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлаш борасида:

— 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига

200,5 миллион доллардан ортиқ, жумладан, 141,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Иккинчидан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида:

— бугунги кунда 1 миллионта интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 3 миллионга етказилди, 32 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилди;

— маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2, туман марказлари даражасида эса 4 баробар ошди;

— хизмат миқёсини кенгайтириш мақсадида 5 мингдан ортиқ мобил алоқа база станциялари ўрнатилди, оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 68,6 минг км.га етказилди ва аҳоли масканларида унинг қамрови 98 ҳамда юқори тезликдаги йўналиши 90 фоизга етказилди;

— кенг полосали мобил хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мавжуд 3 мингдан ортиқ база станцияси модернизация қилинди;

— 5 минг 641 та мобил алоқа таянч станцияси ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 31 740 тага етказилди;

— 5 петабайт сиғимга тенг Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилди;

— «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан биргаликда 11 миллион долларга тенг, йиллик қуввати 50 минг километр оптик толали кабел маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.

Умуман, бугунги кунга қадар ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 8 минг 95 та халқ таълими, 5 минг 440 та мактабгача таълим ва 3 минг 207 та соғлиқни сақлаш муассасаларигача жами 14 минг км. оптик толали алоқа линиялари ташкил этилиб, уларда юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди.

ЎҚИНГ: Дунёдаги барча 5G-тармоқлар харитаси ишга тушди: Марказий Осиёда биттагина мамлакат!

2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари

2020 йилга қадар, асосан, телефон хизматларини кўрсатувчи 2G мобил тармоқларини кенгайтириш вазифаси бажарилган бўлса, ҳозир тармоқ қамровини ошириш бўйича лойиҳалар 3G/4G технологияларига асосланмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг ўзида 3 минг 12 та 2G база станция 3G/4G стандартига модернизация қилинди ва 2 минг 933 га яқин янги база станциялар ўрнатилиб, ишга туширилди.

Қолаверса, оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларимизни кескин ошириш ҳисобига аввалги йилнинг шу даврига нисбатан алоқа каналлари ижараси тарифлари 2 баробар, ўтган йил давомида интернет хизматлари тарифлари эса 29 фоиз арзонлаштирилишига эришилди (1 Мбит/с учун нархи 45,0 минг сўм).

Энг илғор технологик ишланмаларни жорий этишга ҳам катта эътибор қаратилди. 2019 йил сентябрдан иккита маҳаллий мобил оператор – Uzmobile ҳамда Ucell компаниялари 5G технологиясини тест синовидан ўтказишни бошлагани ва бугунги кунда Тошкент шаҳрида 15 та база станцияси тест тартибида ишлаб тургани шундан далолат беради.

ЎҚИНГ: Дунё бўйича симсиз 5G-интернет тезлиги рейтинги: Нью-Йоркда ўта паст...

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!