Ўзбекистонда АКТ мутахассисларига талаб катта

  •   DiMaX
  •  1142
  •  30.03.2019 11:44

Ўзбекистонда АКТ мутахассисларига талаб катта

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалида ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасида бўш иш ўринларига ёш мутахассисларни жалб этишга қаратилган меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Бу тўғрида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берган.

ЎҚИНГ: АКТ соҳасида Корея билан ҳамкорлик давом этади

Бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиалларида соҳа учун малакали мутахассис кадрлар тайёрланмоқда. Университетнинг Фарғона филиалида барча шароит яратилган бўлиб, талабалар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қунт билан ўрганмоқда.

Филиал битирувчилари учун ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида вилоятдаги 40 дан зиёд ташкилот ва корхона иштирок этди. Ярмарка талабаларни иш билан таъминлаш, бўш иш ўринларига йўналтириш, мавжуд бўш иш ўринлари, талаб ва эҳтиёжни ўрганиш мақсадида анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.

– Мазкур олий ўқув юртини тамомлаётган 300 дан зиёд талаба бугун меҳнат ярмаркасида иштирок этмоқда, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ҳалимжон Қурбонов. – Замонавий билимларни эгаллаган ёш мутахассисларнинг компанияларга, ташкилот ва корхоналарга, давлат идораларига ишга жойлашишида кўмаклашиш асосий мақсадимиздир.

ЎҚИНГ: Азим Аҳмадхўжаев: «Ўзбекистонга ахборот технологиялари соҳасида ярим миллиондан ортиқ мутахассис керак»

– Таклиф этилаётган бўш иш ўринлари билан танишдим, – дейди телекоммуникация технологиялари ва касбий таълим факультети 4-курс талабаси Одилжон Қурбонов. – Тўрт йил давомида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Фарғона вилоят филиали Учкўприк тумани бўлимида уч томонлама шартнома асосида амалиёт ўтадим. Тажрибали мутахассислардан иш ўргандим. Бугун эса ёш мутахассис сифатида шу ерга ишга қабул қилиндим. Бундан хурсандман.

– Компьютер инжиниринг факультетини тамомлаш арафасида ўзимга муносиб иш танладим, – дейди яна бир битирувчи Аброр Тўйчибоев. – Уч томонлама шартномага асосан Фарғона вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонасида амалиётда бўлдим. Энди мутахассис сифатида бўш иш ўрнига, оператор вазифасига ишга жойлашаяпман. Университетда олган билимимни тажрибада қўллаш вақти етганидан хурсандман.

Меҳнат ярмаркасида 27 нафар битирувчи билан уч томонлама шартнома тузилди. Шунингдек, ёшлар меҳнат муҳофазасига оид амалдаги қонунчилик ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар.

ЎҚИНГ: Фарзандингиз нега ахборот технологиялари мутахассиси бўлиши керак?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!