Ўзбекистонда "ақлли университет" пайдо бўлади!

Ўзбекистонда

Тошкент давлат педагогика университетида замонавий талаблар даражасида “SMART(ақлли) университет” жорий этилади.  Университет ректори Шавкат Шарипов ва Informascope компанияси бошқарув директори Қуванч Чинар иштирокида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтган. Мазкур лойиҳа олий таълим муассасасининг ўқув, илмий ва бошқарув жараёнларини ахборотлаштиришга қаратилган маълумотлар базаларини, ахборот тизимларини яратиш, улардан фойдаланиш, хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинадиган олий таълим муассасасининг “SMART университет” ягона платформасининг асосий тамойилларини белгилаб беради. Бу хақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, “SMART университет”ни ташкил қилиш учун бир қанча вазифалар белгилаб олинган. Хусусан:

  • Университетда фойдаланишда бўлган турли хил ахборот тизимлари, компьютер дастурларини ўзаро интеграция қилиш;
  • Фойдаланувчиларни ягона идентификация тизим орқали, исталган жойдан университет ресурсларидан фойдаланишларини йўлга қўйиш;
  • Бугунги кундаги қурилмаларга мос иловалар яратиш эвазига мавжуд тизимлардан, шунингдек ахборот ҳамда ўқув таълимий ресурслардан фойдаланиш географиясини кенгайтириш, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш;
  • Талабалар билимини назорат қилишнинг автоматлашган тизимини жорий этиш;
  • Битирув малакавий ишлари, магистр PhD ва DSc даражаларини олиш учун ёзилган диссертацияларини, “плагиат”га текшириш автоматлаштирилган тизимини ва бирламчи маълумотлар базасини шакллантириш;
  • “SMART” технологиялардан фойдаланиш бўйича профессор-ўқитувчилар ва талабалар билимларини доимий ошириб бориш, янги технологияларни таълим жараёнига жорий этиш бўйича “мастер-класслар” ташкил қилиш.

Ўтказилган музокаралар якунида Informascope компанияси билан лойиҳада замонавий технологик ечимлар ҳамда техник ва дастурий маълумотлар билан иштирок этиш масаласи келишиб олинган. Тошкент давлат педагогика университетида “SMART университет” элементларини босқичма-босқич жорий этишга киришилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Туркиянинг Informascope компанияси нашр ишлари, шунингдек, кутубхона маҳсулотлари ва хизматлари кўрсатувчи хорижий йирик ва етакчи компания саналади. У ўзининг кўп йиллик тажрибасига таяниб, жаҳон миқёсида информацион эҳтиёжларни қондиришга қаратилган кенг қамровли ва индивидуал ечимлар ишлаб чиқади.

ЎҚИНГ: Компания шу кунгача нима ишлар қилди? «Ўзбектелеком»га савол беринг!