Ўзбекистонда атиги 12 минг сўмлик ток билан 300 км юрадиган электромобил синалмоқда (+видео)

  •   DiMaX
  •  2591
  •  02.11.2020 15:02

Ўзбекистонда атиги 12 минг сўмлик ток билан 300 км юрадиган электромобил синалмоқда (+видео)

Тошкентдаги Қуёш энергияси халқаро институти Хитойнинг «Henan Suda» компанияси электромобилларини Ўзбекистон шароитида синаш ишларини олиб бормоқда. Шу мақсадда 2019 йилда 20 та электромобил, зарядлаш қурилмалари ва эҳтиёт қисмлари олиб келинган, деб ёзади Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон тўққиз ойда қаерлардан ва нечта электромобил сотиб олган?

Институт директори ўринбосари Жобир Аҳадовнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, ушбу электромобилларнинг ёқилғи харажатлари бензинда ҳаракатланадиган автомобилларга қараганда 10 баробар, газда юрадиган машиналарга нисбатан 5 баробар кам.

«Эҳтиёт қисмларининг сони ҳам 10 баробар кам. Автомобил бузилиб, таъмирлашга муҳтож бўлиб қолиши эҳтимоли анча паст.

Бу автомобилларни синов тариқасида, техник ҳамкорлик асосида олиб келдик. Ҳозирда республикамиздаги континентал иқлимий шароитга чидаш даражаси қандайлиги, ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғига бардош бериши ўрганиляпти. Ёзнинг иссиқ кунларида жудаям яхши юрди. Энди қишда синаймиз.

Автомобилга 40 кВт қувватли генератор ўрнатилган. Тезлиги юқори. 5-6 секундда 100 км/с тезликка кўтарила олади. Энг юқори тезлиги эса 220 км/соат.

Аккумулятор тўлиқ қувватланса, 300 километргача ҳаракатлана олади. Хитойда бу автомобилнинг янги версияларини ҳам ишлаб чиқариш бошланган. Улар тўлиқ заряд билан 500-600 км узоқликка юра олади. Келгусида янги русумдаги автомобилларни ҳам олиб келиб синаш ниятимиз бор.

Нархи бизнинг машиналардан кўра қимматроқ, бунда аккумуляторнинг нархи асосий ўрин тутади. Уйда 220 вольтли зарядлаш қурилмасида ёки 380 вольтли катта зарядлаш стунциясида қувватлаш мумкин.

Бир марта тўла қувватлаш учун 40 кВт энергия талаб этилади, бу эса 300 сўмдан бўлганда, 12 минг сўмга тенг бўлади. Демак, 12 минг сўмлик ток билан автомобил 300 км юради. Асосий ютуғи шунда.

Лекин буни камида бир йил синаш керак. Ёзнинг охири, куз ойларида синадик, энди қиш-баҳор ойларида ҳам синаймиз. Аккумуляторлар совуқ иқлимга қанчалик бардош беради, совуқ ҳавода автомобил қанақа юради, шуларни синашимиз керак.

20 та электромобил келтирилганидан келиб чиқиб, уларни барча вилоятларда синаб кўриш имконига эгамиз», – деди Жобир Аҳадов.

ЎҚИНГ: Tesla «дамини олсин!» – Mercedes-Benz рекордчи электромобилни эълон қилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!