Ўзбекистонда дрондан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

  •   DiMaX
  •  1202
  •  28.02.2019 16:19

Ўзбекистонда дрондан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

2019 йилнинг 28 февраль куни ўз ишини бошлаган Сенат XVIII ялпи мажлисида учта қонун ҳужжатига, яъни амалдаги Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Дронларни тўхтатиб қолган божхоначилар ҳайратга тушишди

«Қонун билан мамлакат ҳаво ҳудудидан замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида ноқонуний фойдаланиш учун жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган. Яъни, янги нормага кўра, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш жиноий жавобгарликка асос бўлади», – дейди маърузачи сенатор Исломиддин Аброров.

Унинг таъкидлашича, бундай тартибни белгилаш зарурати, энг аввало, жамиятда ҳаёт ва соғлиққа ҳамда давлат тузумига қарши ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш таҳдидларининг мавжудлиги билан боғлиқдир.

5 моддадан иборат қонунга кўра, Жиноят кодексига янги киритилган моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этиш, яъни 244-4 модда – Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек 248-1-модда – Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳолатлари юзасидан суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш қисми ички ишлар органларига, шунингдек Жиноят кодекси 244-4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш қисми божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ бўлганлиги учун унинг суриштируви Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмаларига юклатилган.

«Ушбу норманинг ҳаётга татбиқ қилиниши самарали тергов қилиш ва сифатли суриштирув тадбирларини амалга оширишга хизмат қилади», – дея қўшимча қилган сенатор.

ЎҚИНГ: XXI аср суиқасди: «дрон-қотил» даври бошландими?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.